Карантин эълон қилинганлиги сабабли компанияда офис биносида тиббиёт ниқобларини тақиб юриш мажбурияти жорий этилди. Бироқ айрим ходимлар ўз кабинетларида ниқоб тақишмаяпти.
Иш берувчи ички меҳнат тартиби қоидалари қайд этилмаганлигига қарамай, тиббиёт ниқоблари йўқлиги учун интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақлими?
– Корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки бошқа локал ҳужжатларида ниқоб режимини бузганлик меҳнат интизомини бузиш сифатида белгиланган бўлса интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин (МК 181-м.).
Ушбу қоидабузарликни компаниянинг ички локал ҳужжатларида белгилаш ва унда интизомий таъсир чораларини ҳам қайд этиш лозим. Сўнгра локал ҳужжат билан ходимни имзо чектириб таништириш керак. Шунда иш берувчи белгиланган талабларга риоя этмаган қоидани бузган ходимларга жазо чорасини қўллашга ҳақли бўлади (МК 182-м.).
Шу билан бирга қандай ҳолатларда ниқобнинг йўқлиги қоидабузарлик ҳисобланишини аниқлаштириб олиш лозим. Масалан, ходимлар тўпланадиган жойларда тиббиёт ниқоби тақилмаганлиги қоидани бузиш ҳисобланиши мумкин. Ходим иш кабинетида бир ўзи бўлганда бу ҳолат қоидабузарлик деб баҳоланмаслиги ҳам мумкин.