Корхона меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этган ҳолда олдиндан касаба уюшмаси билан келишиб, ходимларни дам олиш ва байрам кунлари (навбатчиликка) жалб этади. Дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун компенсация тўланади.
Иш берувчи бир кунда 4 соатдан ортиқ вақтга навбатчилик қилишга жалб этиши мумкинми (МК 125-м.)? Дам олиш ва байрам кунларида 12 соатлик ишга жалб этишга ҳақлими?
Иш вақтидан ташқари ишлаш ҳамда дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар ўртасида қандай фарқ мавжуд?
– Амалдаги қонун ҳужжатларида «навбатчилик» тушунчасига таъриф берилмаган. Шунга қарамай амалиётда ходимлар тез-тез навбатчиликка жалб этилади.
Навбатчиликни график бўйича сменали ишлашдан фарқлаш лозим, график бўйича ходим навбат тартибида меҳнат шартномасида белгиланган ишларни бажаради.
Саволдан кўриниб турибдики, корхона айнан дам олиш ва байрам кунлари ходимларни ишдан ташқари вақтда масалаларни ҳал этиш учун «тезкор навбатчиликка» жалб этади.
Бундай навбатчилик қўлланиладиган корхона ва ташкилотларда қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
- ходимларнинг вакиллик органлари билан келишилган ҳолда тегишли низом ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим. Уни ишлаб чиқишда ходимларни иш вақтида ва дам олиш пайтида ишлатиш борасида уларнинг ҳуқуқ ва кафолатлари назарда тутилган амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни ҳисобга олиш керак;
- ходимнинг мажбуриятларига кирмайдиган ишларни бажаришни талаб қилиш тақиқланиши муносабати билан (МК 177-м.) ушбу шартни (тезкор навбатчиликка жалб этиш имконияти) ходимни юқорида айтиб ўтилган низом билан олдиндан таништирган ҳолда меҳнат шартномасида келишиб олиш лозим. Бинобарин, ходим қандай ишга кираётганлигини, яъни муайян даврийликда ва белгиланган тартибда навбатчиликка жалб этилиши мумкинлигини билиши ва шунга розилик билдириши лозим.
Томонлар келишиб олганларидан ва бундай шарт меҳнат шартномасига киритилганидан кейингина навбатчилик ходим учун қўшимча меҳнат мажбуриятига айланади. Акс ҳолда ҳар қандай муайян ҳолатда фақат ходимнинг розилиги билан навбатчиликка жалб этилади.
Иш берувчи томонидан иш тўғри ташкил этилганда айнан битта ходим кетма-кет 2 кун 4 соатдан ортиқ муддатга навбатчиликка (иш вақтидан ташқари ишга) жалб этилмайди.
Мазкур ҳолатда бундай ишлаш дам олиш ва байрам кунларида ишлаш, белгиланган нормадан ортиқча ишланган вақт иш вақтидан ташқари ишлаш ҳисобланади (МК 125, 130, 132-м.). Дам олиш ва байрам кунлари, шунингдек иш вақтидан ташқари ишлаганлик учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МК 157-м.).
Дам олиш ва байрам кунларида 12 соатлик навбатчилик ташкил этилганда графикда навбатчилик бошлангунга қадар ва тугагандан кейин ходимга 12 соатдан кам бўлмаган дам олиш вақти берилиши назарда тутилиши лозим.
Иш вақтининг кундалик режимда эгаллаган лавозими бўйича ва навбатчилик вақтида ишланган вақтларни ҳисобга олган ҳолда умумий соатларини чиқариш лозим.
Ходимнинг навбатчиликка жалб этилиши иш вақти ва дам олиш вақти балансини бузмаслиги ҳамда белгиланган нормадан ортиқча ишланишига олиб келмаслиги лозим. Бунда жамланган ҳисоб-китоб узоқ муддатли, бироқ 1 йилдан ошмайдиган ҳисобга олинадиган даврни белгилаганда ёрдам беради (МК 123-м.).
Шунингдек тунги вақтдаги навбатчиликни ҳисобга олиш ва ҳақ тўлаш лозим (МК 158-м.).
Корхонада ушбу масала назарда тутилган чекловлардан келиб чиққан ҳолда тартибга солинади (МК 220, 228, 245-м.).