Карантин туфайли хорижлик ходим Ўзбекистонга келолмаган ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтира олмаган. Ташкилот Меҳнат вазирлигига рухсатномани бекор қилиш учун ариза тақдим этган. Рухсатнома бекор қилиниши ҳақидаги жавоб олингач, хорижлик ходим ишдан бўшатилган.
Рухсатнома муддати тугаганлиги тўғрисидаги хабарнома хорижлик ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкинми?
– Хорижлик мутахассислар билан меҳнат шартномалари рухсатноманинг амал қилиш муддатига тузилади.
Шу тариқа, рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаганда уни узайтириш рад этилган тақдирда, хорижлик ходим билан тузилган муддатли меҳнат шартномасини ушбу асос бўйича бекор қилинади (МК 105-м.). Ҳеч қандай қўшимча ҳужжатлар (ариза, лицензия бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотлар) талаб этилмайди.
Ходимга нисбатан қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилиши лозим:
- ишлашга рухсатнома муддатини узайтириш рад этилганлиги тўғрисида хабар берилади;
- меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги буйруқ билан таништирилади;
- меҳнат дафтарчасини қўлига берилади (МК 107, 108-м.).
Ходимга буйруқ нусхасини ва меҳнат дафтарчасини беришнинг имкони бўлмаганда, ушбу ҳужжатларни у кўрсатган манзилга юборишларига розилигини олиш лозим (Йўриқноманинг 3.1, 3.3-бандлари, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган).