Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 27 / Биз яшайдиган уй

Уйларни бошқариш: шунча бўларму бай-бай…

 

Кўп квартирали уйларда яшовчи мулкдорларда ҳар қандай бошқарувчи компанияларга қарши иммунитет ҳосил бўлиши мумкин. Ҳатто муваффақиятли ишлаётган компанияларга нисбатан ҳам. Ваҳоланки бошқарувчи компаниялар кўп қаватли уйларни сақлашга доир ўз ишини уддалай олмаётган  ширкатлар ўрнига майдонга чиқа олади. Бундай қаршиликка эса мулкдорлар ҳуқуқларини бузган ва бошқарув усулини танлаш имкониятини бермаган ҳолда уйда яшовчиларга БКни «мажбурлаб тиқиштириш» сабаб бўлмоқда.


Бу хавотирли вазият мустаҳкам ўрнашиб олиши ва кўп салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тимсолидаги ислоҳотчилар бу жиҳатга жиддий эътибор қаратишлари керак. Жорий йилнинг 1 августидан «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг кучга кириши билан мазкур Вазирлик бошқарув органлари фаолиятининг асосий мувофиқлаштирувчиси, Вазирлик ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси эса – назорат органи ҳисобланади.

БКнинг уй мулкдорларига босим ўтказаётгани далиллари ижтимоий тармоқлардаги постларда кўп учрайди. «Норма» газетасининг 25.02.2020 йилдаги 8-сони мавзувий нашрида биз Чилонзор туманида БКни мажбурий жорий этиш билан боғлиқ вазиятни тадқиқ қилган эдик. Бу масалаларга жиддий муносабат билдирилмаса, у ҳолда кўп квартирали уйларни профессионал сақлаш билан боғлиқ бўлган уй-жой фондининг техник ҳолатини яхшилашга доир умидлар пуч хаёллигича қолиб кетиши мумкин. Сабаби қонун ҳужжатларини бузиш – ислоҳотлар оёғига болта уриш дегани. Қонун кучга кириши билан уй-жой фондини ривожлантириш тарихида янги саҳифа очилади ва бу бошқарувчи компаниялар томонидан мулкдорлар ҳуқуқларини жиддий тарзда бузиш билан донг таратиши мумкин. Айрим мурожаатларнинг ўзиёқ бугунги кундаги умумий вазиятни яққол акс эттириб туради.

Пандемия ва унинг оқибатларига қарамай, БКни олға суриш бўйича ноқонуний жараён давом этиб келмоқда. Кўп ҳолларда янги бошқарувчилар ҳокимиятлар, маҳалла қўмиталари, округлар раҳбарлари, участка нозирлари ва аслида кўп квартирали уйларни бошқаришга алоқаси бўлмаган бошқа арбоблар кўмакчи гуруҳлар таркибида ҳаракат қилаётирлар. Шунга қарамай, улар БКнинг ХУМШга босим ўтказиш бўйича хатти-ҳаракатларида иштирок этадилар. 

Бундай харакатларда иштирок этувчи шахслар қонун ҳужжатларини билмайди ёки уй-жой фондини бошқариш усулини танлаш ҳуқуқи мулкдорларнинг мутлақ ҳуқуқи эканлигидан хабардор эмаслар, деган хом хаёлга бормаслик керак. Эҳтимол, кўплаб бошқарувчилар ўзларини қонундан ҳам юқори қўяр, ҳамма нарсани «ўхшатиб юборамиз» қабилида қонунларни ҳам менсимай қўярлар. 

 

ХУМШга босим давом этаётир…

Уйда яшовчилар бундай босимларга дош беришлари амримаҳол. БКга ўтишга ҳатто ширкатлар яхши ишлаётган ҳамда уйлар қониқарли ҳолатда бўлган жойларда ҳам мажбурлашяпти. ХУМШ аъзоларини ширкатларни ёпишга ва шартномаларни янги ташкилотлар билан тузишга тарғиб қилишмоқда. Бунда тоғдек-тоғдек ваъдалар берилмоқда: бадал миқдорини пасайтириш, кредитлар бўйича тўловларни бекор қилиш ва бошқа сафсаталар… «Гапга тушунмайдиганлар»га эса таъсир чоралари ҳам қўллаб кўрилмоқда. Дейлик, ХУМШни текширишни ташкил этиш – бу энг оммалашган таъсир чораларидан. Айрим жойларда ширкатнинг муҳрларини тортиб олиш ёки уйда яшовчиларнинг хоҳиш-иродасига зид равишда бошқа компаниянинг бошқарувида бўлган уйларга эгалик қилишга ҳаракатлар бор. Ваҳоланки мулкдорлар шу бошқарувдан қониқаётган ва ўзга бошқарувчи тасарруфига ўтишни истамаётган бўлишлари ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ. Булар ҳақида биз «Норма»нинг 25.02.2020 йилдаги 8-сони мавзувий нашрида баён этган эдик.

Бу каби бошқарувчилар ва қўлловчи гуруҳлар жипслашган ва уюшган ҳолда ҳаракат қилишади. Мулкдорлар шундай вазиятларда шубҳага бориб қолишади:  мабодо шахсий манфаат йўқмикин? Чунончи, янги БК ҳокимият ва бошқа идоралар вакиллари билан аффилланган бўлиб қолмадимикин? Акс ҳолда уй-жой тизими бу соҳадан узоқ бўлганлар учун ҳам жозибадор бўлиб бораётганининг сири нимада? 

Янги бошқарувчилар ХУМШни ёпиш билан оворалар. Лекин ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ширкатни тугатиш масалаларини ХУМШ аъзолари эмас, балки ўзга шахслар ҳал қилишга ҳақли деган жойи йўқ. Қонун ҳужжатларида, шунингдек, БК хизматларига ХУМШ мавжуд бўлган тақдирда ҳам буюртма бериш мумкин, фақат бунда у мулкдорлар вакили сифатида иштирок этиши кераклиги назарда тутилган.   Бироқ бу вариант иккинчи тарафни қониқтирмайди. Бунга сабаб, эҳтимол, яшовчиларнинг БК фаолияти устидан назорати кўпроқ бўлиши мумкинлигидадир.

Кўплаб бошқарувчилар уй-жой мулкдорларига ўз хизматларини етарлича малака билан таклиф эта олмайдилар. Бу ҳам БКни «яхши ҳазм қилмаслик»ка сабаб бўлмоқда. БКларнинг муайян қисми қурилиш ташкилотлари бўлганлиги сабабли кўп квартирали уйларни сақлаб туриш – арзимаган иш деб ўйлашади. Ваҳоланки қурилиш ишлари билан уй-жой фондини бошқариш – тамоман бошқа-бошқа ишлардир. Яна бир бошқалари қачонлардир кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиб, одамлар орасида тескари обрў қозонганлар. Шунинг учун аҳоли улар билан муомала қилишни истамайди ҳам.

   Янги авлод бошқарувчиларининг профессионал тайёргарлиги уй-жой соҳасида долзарб масалалардан бўлиб қолган. Ўзбекистон уй-жой фондининг профессионал бошқарувчилари ва хизмат кўрсатувчилари ташкилотлари уюшмаси бу масалага жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Ҳатто карантин шароитида ҳам уюшма уй-жой соҳасида малакали ишлашни истовчилар учун вебинарлар, маслаҳатлар, тренинглар ўтказмоқда, соҳага тааллуқли қонун ҳужжатларидаги янгиликларни тушунтириб бормоқда.

    Афсуски, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда БКни лицензиялаш масаласи назарда тутилмаган. Лекин унда бошқарувчи фаолиятини амалга оширувчи (жисмоний шахс) якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши шартлиги ва малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши кераклиги тўғрисидаги норма белгиланган. Бошқарувчи ташкилот штатида кўп квартирали уйни бошқариш бўйича тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган камида 2 нафар мутахассис бўлиши зарур. Жабҳада профессионал, масъулиятли ва виждонли компаниялар иш олиб бориши учун малакавий талаблар ҳужжатлар билан шунчаки эмас, балки ҳақиқатда тасдиқланган бўлиши лозим.

Прочитано: 333 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика