Замонавий газ ҳисоблагичларни алмаштириш, ўрнатиш, қиёсловдан ўтказиш, таъмирлаш газ таъминоти ташкилотининг ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистонда замонавий газни ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ишлари бошланган. 2022 йилгача мамлакатда Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ГНҲАТ) жорий этиш мўлжалланган бўлиб, у уй-жой фондини «ақлли» ҳисоблагичлар билан жиҳозлашни назарда тутади. Бу орқали табиий газ йўқотилиши қисқаради, уни ишончли ҳисобга олиш, назорат ва истеъмол қилиш таъминланади.
Тўғри, ҳозирги вақтда бу ишлар анча мураккаб шароитда олиб борилмоқда. Карантин ҳали бекор қилингани йўқ, вируснинг тарқалиши давом этаётир. Фуқаролар эҳтиёт чораларини кўришлари, ўз саломатликларини хавфга қўймасликлари керак. Шундай бир пайтда замонавий ускуналарни мажбурий тартибда ўрнатиш кампанияси бошланган. Ҳозирги кунда хонадонга газ ҳисоблагичларини ўрнатувчилар бостириб кириши ҳаммага ҳам ёқавермаса керак? Ижтимоий тармоқларда бу хусусдаги эҳтиросли чиқишлар кўпайиб кетган.
Ҳисоблагичларни ўрнатиш, қиёсловдан ўтказиш, таъмирлаш истеъмолчилар учун бепул амалга оширилаётгани ҳам бу эҳтиросларни пасайтира олаётгани йўқ. Чунки газ таъминоти ташкилоти ушбу ускуналарнинг мулкдори ҳисобланади. Замонавий ускуналарнинг габарити ҳам кўп квартирали уйда яшовчиларнинг ҳайратини оширди. Улар аввалги ўлчагичлардан анча-мунча катталиги билан ажралиб туради. Пойтахтдаги кўп квартирали уйларнинг ярмидан кўпи 1991 йилгача қурилган. Намунадаги кўп қаватли уйлардаги ихчам хонадонга 22 х 16 см ўлчамидаги ўлчагич қанчалик мос тушаркин? Шинамгина уйингизни бу ускуна безаб турмаслиги ойдек равшан.
Кўпчилик «ақлли» электр ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича бошланган яқиндаги ҳайбаракаллачилик ҳаракатларини ҳали унутганича йўқ. Бу ҳаракатлар қонун ҳужжатларини бузган ҳолда, шошма-шошарлик, энг муҳими, истеъмолчиларнинг иштирокисиз амалга оширилган эди. Шу талатўпда айрим жойларда ҳисоблагичлар нотўғри ўрнатилди. Унинг оқибати ўлароқ электр энергияси сарфи нотўғри ҳисобланди, асоссиз тўловлар ҳисобланди. Ҳозир истеъмолчилар газ ўлчагичлар билан ҳам аҳвол шу тарзда такрорланмасмикин, деган хавотирдалар.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати замонавий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш зарурати ва механизми, уларнинг афзалликларини тушунтирмоқда, фуқароларнинг мурожаатларига муносабат билдирмоқда. «Норма маслаҳатчи» ўқувчилари, шунингдек ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида «ақлли» ускуналарни ўрнатишга доир юзага келаётган одатдаги саволларни умумлаштиришга ҳаракат қилдик.
Ҳисоблагични шахтага ўрнатиш, ундан воз кечиш ёки бошқа ишлаб чиқарувчининг ихчам ускунасини танлаш мумкинми?
– Кўп квартирали уйларда янги газ ҳисоблагичлари яшовчиларнинг иштирокида ўрнатилиши керак. Халқ бу ҳақда қандай хабардор қилинади?
– Газни ҳисобга олиш ускуналарининг ўрнатилиши хусусий уйлардан бошланди. «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг маълумотларига кўра, кўп квартирали уйларни ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш ишлари карантин вазиятларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади. Фуқароларни газ таъминоти ташкилоти қуйидаги ахборот каналлари орқали хабардор қилади: «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг сайти, унинг Facebookдаги саҳифаси, Телеграм-каналдаги гуруҳи, шунингдек Facebookдаги «Коммуналка» ва «ХУМШ ва у билан қандай яшаймиз?» номли гуруҳларда.
– Газ ҳисоблагични ўрнатишдан воз кечиб, унинг истеъмоли учун тўловни квартирада ҳисобда турганларнинг сонидан келиб чиқиб тўлаш мумкинми?
– Президентнинг 9.07.2019 йилдаги ПҚ-4388-сон қарорига биноан замонавий газ ўлчаш ускуналарини ўрнатиш барча тоифадаги истеъмолчилар учун мажбурийдир. Мамлакатда ГНҲАТни 2022 йилга қадар жорий этиш назарда тутилган (8-б. «в» кичик банди). Автоматлаштирилган тизим газ таъминотини замонавий электрон ҳисоблаш ускуналари ёрдамида ҳисобга олади ва назорат қилади.
– Замонавий газ ҳисоблагичи анча-мунча йирик мослама. Аҳоли бошқа ишлаб чиқарувчининг ихчам ҳисоблагичини танлаб, уни ўз ҳисобидан ўрната оладими?
– Президентнинг 13.11.2017 йилдаги ПҚ-3384-қарори 11-бандига мувофиқ ГНҲАТнинг техник параметрларига мос келмайдиган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни олиб кириш ва ўрнатиш тақиқланган. Тизим бир турдаги газ ҳисоблагичларини ўрнатишга мўлжалланган. Акс ҳолда табиий газни истеъмол қилиш борасидаги ахборотни узатишда узилиш ва хатоликлар юзага келиши мумкин.
– Ҳисоблагич жуда ҳажмдор бўлгани сабабли мўъжазгина ошхонада тиқилиб қолиши мумкин. Уни шахтага ўрнатса бўладими?
– Замонавий газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи заводнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда 2.04.08-13-сонли ШНК меъёрларига мувофиқ ўрнатилади. Маиший газ ҳисоблагич газ таъминоти тизимининг унсурларидан ҳисобланади, шу туфайли уни ўрнатиш учун абонентнинг хоҳиш-истакларига доим ҳам мос тушавермайдиган техник талабларга риоя қилишга тўғри келади.
Газчилар ҳисоблагичларни истеъмолчиларга мажбурлаб ўтказишлари мумкинми?
– Истеъмолчилар бошқа моделдаги газ ўлчагични танлаш ҳуқуқига эга эмаслар. Буни истеъмолчилар ҳуқуқининг камситилиши ва товарни мажбуран ўтказиш деб тушуниш тўғри бўладими?
– Замонавий газ ўлчагичлар етказиб берувчининг мулки ҳисобланади ва истеъмолчиларга бепул ўрнатилади. Шунинг учун ҳисобга олиш ускунаси моделини танлаш ҳуқуқи етказиб берувчида қолади. Ҳисоблагичлар истеъмолчиларнинг ҳисобидан ўрнатиладиган бўлганда уларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги хусусида гапириш мумкин бўларди.
– Янги газ ҳисоблагичда қанча пломба бўлиши талаб этилади?
– Ҳар бир ҳисоблаш ускунасида ишлаб чиқарувчи заводнинг, «Ўзстандарт» агентлиги метрологик хизматининг пломбалари ўрнатилган бўлиши керак. Бундан ташқари, пломбалар истеъмолчи иштирокида газ таъминоти ташкилоти томонидан Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ўрнатилади. 2020 йилнинг 1 августидан Бюронинг бир қатор ваколат ва вазифалари «Минтақавий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ўтади. МИБ ходимлари газ ва электр энергияси истеъмолчилари билан ўзаро муносабатлар жараёнидан тўлиқ чиқариб юбориладими-йўқми, деган масала очиқлигича қолмоқда.
– Газ ҳисоблагичлари ўрнатилаётганда кимлар иштирок этиши керак?
– Амалдаги ҳужжатларга мувофиқ газни ҳисобга олиш ускуналари ўрнатилаётганда етказиб берувчи, Мажбурий ижро бюроси вакиллари ва истеъмолчи иштирок этиши керак. Уй-жой фондини ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш тартиби Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий ускуналарини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 4.05.2018 йилда 3005-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Замонавий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш шартлари ва тартиби ҳақида биз «Норма маслаҳатчи»нинг 7.04.2020 йилдаги 14-сонида батафсил тушунтирган эдик.
– Янги ҳисоблагич нуқсон билан ишлаган тақдирда нима қилиш керак?
– Газ ҳисоблагич ускунасининг ишида нуқсон бўлса ёки у ишдан чиққан тақдирда ишлаб чиқарувчининг кафолати мавжуд.
– Истеъмолчи газ ҳисоблагичининг тўғри ишлашига нисбатан шубҳаси бўлган тақдирда қандай йўл тутилади?
– Юридик ва жисмоний шахсларнинг талабига биноан навбатдан ташқари ва эксперт қиёсловининг ўтказилиши назарда тутилган. Бундай қиёсловдан ўтказишларда истеъмолчи иштирок этиш ҳуқуқига эга.
– «Ақлли» ҳисоблагичнинг ишлаш принципи қандай?
– Замонавий газ ҳисоблагичларида маълумотларнинг Ягона ахборот тизимига ўтказилиши таъминланиши керак. Маълумотларга ишлов бериш маркази билан боғланиш учун ҳар бир ҳисоблаш ускунаси уни қувват билан таъминлаб турадиган sim-карта ва батарейка билан жиҳозланган бўлиши керак. Батарейка 10 йилга мўлжалланган. Баланс ноль кўрсаткичга тушиб қолганда диспетчер газ етказилишини тўхтатиб қўяди. Агар газнинг тўхтатиб қўйилиши дам олиш кунларига тўғри келиб қолса, абонентга кредит тақдим этилади.
– Батарейка белгиланган фойдаланиш муддатидан олдин ишдан чиққан тақдирда у кимнинг ҳисобидан алмаштирилади?
– Батарейкани газ таъминоти ташкилоти алмаштириб беради.
Бутловчи қисмлар учун истеъмолчи ҳақ тўлайдими ва инвестициявий устама нима дегани?
– Газ таъминоти ташкилотлари ходимлари ҳисоблагичларни ўрнатаётганда истеъмолчилардан бутловчи қисмлар учун тўлов ундиришга ҳақлими? Ускунани ўрнатганлик ёки ускунанинг ўзи учун фуқаролардан пул талаб қилинган тақдирда кимга мурожаат қилиш керак?
– Янги ҳисоблагичларни ўрнатиш, ечиш, қиёсловдан ўтказиш, таъмирлаш текинга, газ таъминоти ташкилотининг ҳисобидан амалга оширилади. Истеъмолчилар фақатгина ҳисоблагич ускунасининг сақланганлиги учун жавобгар бўладилар. Бунда барча бутловчи қисмлар – қувурлар, газ фильтрлари, болтлар, ўтказгичлар, пайвандлаш симлари ва бошқа деталлар ҳам газ таъминоти ташкилотлари ҳисобидан харид қилинади. Бунинг учун истеъмолчилардан пул талаб қилинса – бу қонунбузарлик ҳисобланади. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бундай ҳолатлар юз берганда 1104, 71 200 08 04 телефон рақамлари, шунингдек Facebook ижтимоий тармоғидаги «Муаммолар ва газ таъминоти масалаларини ҳал этиш йўллари», «ХУМШ ва у билан қандай яшаймиз?», «Коммуналка» номли жамоат гуруҳлари орқали мурожаат қилиш мумкин.
– Замонавий газ ҳисоблагичларининг қиёслови қандай ўтказилади?
– Газни ҳисобга олиш янги ускуналарининг давлат қиёсловини «Ўзстандарт» агентлиги ҳар 10 йилда ўтказади. Бинобарин, газ ҳисоблагичларини давлат қиёсловидан ўтказиш бўйича ишларни ташкил этишни «Ўзтрансгаз» ва Мажбурий ижро бюроси таъминлайди.
– Замонавий газ ҳисоблаш ускуналари бепул ўрнатилаётганини айтишяпти. Айни вақтда ижтимоий тармоқларда ГНҲАТ лойиҳасини қоплаш учун инвестициявий устама жорий этилаётгани ҳақидаги масала муҳокама қилинаётир. Бу қайси ҳужжатда назарда тутилган?
– ПҚ-3384-сон қарорнинг 6-бандига мувофиқ 2020 йил 1 январдан ГНҲАТ лойиҳасини амалга ошириш муддатига 1 м куб табиий газ учун 17 сўм (республикада реализация қилинадиган) миқдорида заруратга кўра индексация қилинадиган ҳамда фақатгина лойиҳа доирасида республика жамғармалари, тижорат банклари, халқаро молия институтларининг жалб этилган маблағларини қоплашга ҳамда бошқа харажатларни молиялаштиришга йўналтириладиган инвестициявий устамани жорий этиш таклиф этилган эди. Ушбу норма 18.06.2020 йилдаги ПФ-6010-сон Фармонга 1-илованинг 11-банди «г» кичик бандига биноан ўз кучини йўқотди.
– Янги газ ҳисоблагичларининг кўрсаткичлари қиёсловдан қандай ўтади? Бунда истеъмолчи туман газ ходимларини ўз квартирасининг ошхонасига киритишга мажбурми?
– Замонавий газни ҳисобга олиш ускуналари ГНҲАТга уланаётганда кўрсаткичлар онлайн режимида Ягона ахборот тизимига ўтказилади. Бу билан туман газ ташкилоти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан олдинлари амалга оширилган уйма-уй юриб, кўрсаткичларни қиёсдан ўтказишга эҳтиёж қолмайди.
– Узун-қисқа гапларга қараганда, замонавий газни ҳисоблаш ускуналари фақатгина эски ҳисоблагичи бор бўлганларга ўрнатилаётган экан. Кимда ҳисоблагич бўлмаса, туман газ ташкилотига уни ўрнатиш бўйича ариза билан мурожаат қилиши керак экан. Шу тўғрими?
– «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизматининг ахборотига кўра, ҳисоблагичлар шахсий абонентлик ҳисобварағига эга бўлган барча истеъмолчиларга ўрнатилади. Ҳисоблагичлар биринчи навбатда ҳисобга олиш ускунаси ишламаётганларга ёки қиёсловдан ўтказиш муддати тугаётганларга ўрнатилади. Мазкур истеъмолчилар туман газ ташкилотига мурожаат қилишлари даркор.