Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 17 / Божхона

Экспорт қилинаётган товарнинг божхона қиймати

 

Экспорт қилинаётган товарнинг божхона қиймати қандай аниқланади?

Бу масала қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади?

Мазкур қийматни аниқлаётганда ҳисобга олиниши лозим бўлган аниқ харажатлар рўйхати мавжудми?

 

– Товарнинг божхона қийматини декларант БЮДнинг ажралмас қисми ҳисобланган божхона қиймати декларациясини тўлдирган ҳолда уни декларациялаш вақтида божхона органига маълум қилади. Декларант томонидан маълум қилинадиган товарнинг божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тақдим этиладиган маълумотлар тўғри, миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкин бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотга асосланиши керак.

Бунда декларант декларацияланадиган товарнинг божхона қиймати маълум қилингунига қадар аниқланган товар туркумининг товарнинг йўқолиши, камомади, шикастланиши ҳажмларига мос бирликка келтирилган божхона қийматини маълум қилиш ҳуқуқига эгадир. Бундай далиллар экспертиза хулосаси ва божхона кўздан кечируви далолатномаси билан тасдиқланган бўлиши керак (БКнинг 318-моддаси).

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби БКнинг 44-бобига мувофиқ белгиланади. У экспортга сотилганда амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган битимнинг баҳоси асосида аниқланади.

Олиб чиқиладиган товарнинг декларант томонидан маълум қилинган божхона қийматини аниқлаш тўғри эканлигини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлмаган ёхуд тақдим этилган маълумотларни нотўғри ёки етарли эмас деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона органи божхона қийматини мустақил равишда белгилайди. Бунда у баҳоланаётган, айнан бир хил ва (ёки) ўхшаш товарларни сотиш шартларининг мумкин қадар таққослана олинишини таъминлаши, шу жумладан қуйидаги кўрсаткичлар бўйича таъминлаши:

импорт амалга оширилаётган мамлакат ёки географик минтақа;

олиб чиқиладиган товарларнинг миқдори;

сотувнинг тижорат шартлари, шу жумладан бозор конъюнктураси (асосан хом ашё товарларни экспорт қилишда) керак.

Божхона органи шу билан бирга сотиб олувчининг барча сарф-харажатларини харажатларнинг божхона қийматига киритиш нуқтаи назаридан ҳисобга олиши лозим (БКнинг 315-моддаси).

 

Маълумот учун. Божхона органи декларантнинг ёзма аризасига кўра унга олиб чиқиладиган товарнинг қабул қилинмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ёзма тушунтириш бериши шарт.

 

Агар контрактда (шартномада, келишувда) ­қатъий белгилаб қўйилган нархлар мавжуд бўлмаса ва фақат товарнинг узил-кесил нархини белгилаш шартлари акс эттирилган бўлса ёхуд контракт шартларига мувофиқ узил-кесил нарх сотиб олувчи томонидан товарни миқдор ва сифат бўйича қабул қилиб олиш натижаларига кўра аниқланса, олиб чиқилаётган товарнинг божхона қиймати муваққат (шартли) баҳони ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Товарнинг бундай баҳоси учун асос сифатида контрактда қайд этилган дастлабки нарх, контрактда белгиланган, уни ҳисоб-китоб қилиш шартларига мувофиқ товар юклаб жўнатилган санада аниқланган ҳисоб-китоб баҳоси қабул қилинади.

Декларантнинг ёзма аризаси бўйича божхона органи кўриб чиқилаётган битим шартларидан ҳамда божхона ва валютага оид қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, маълум қилинган, божхона қийматини тасдиқлайдиган ва (ёки) аниқлаштирадиган зарур ҳужжатларнинг тақдим этилиш муддатини белгилайди. Улар белгиланган муддатда тақдим этилганидан кейин божхона қийматига тузатишлар киритилади.

Бундай ҳисоб-китобларни ўтказиш мумкин бўлмаган тақдирда, олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини муваққат (шартли) баҳолаш божхона органининг ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги тегишли ахборот асосида амалга оширилиши мумкин.

Божхона қиймати олиб чиқилаётган товарга доир битимнинг қиймати асосида қуйидаги ҳолларда аниқланиши мумкин эмас, агар:

контрактда (шартномада, келишувда) битимнинг қийматига таъсир кўрсатган чекловлар ва (ёки) шартлар мавжуд бўлса;

таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига сотиш ва битимнинг қиймати боғлиқ бўлса;

битим иштирокчилари ўзаро боғлиқ шахслар бўлса ва бу омилнинг битим қийматига таъсирини қиймат тарзида ифодалаш мумкин бўлмаса;

божхона қийматини маълум қилишда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ёхуд нотўғри бўлса (БКнинг 315-моддаси).

 

Нархга киритиладиган харажатлар

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг баҳосига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг баҳосига киритилмаган бўлса:

товарни божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган жойгача етказиб бериш харажатлари (транспортда ташиш қиймати, товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва тушириш-ортиш харажатлари, суғурталаш қиймати);

сотувчи томонидан қилинган харажатлар (воситачилик ва брокерлик ҳақи, бундан товарни харид қилиш бўйича воситачилик ҳақи мустасно, контейнерларнинг ва (ёки) бошқа кўп марта ишлатиладиган идишларнинг қиймати, агар ЎзР ТИФ ТНга мувофиқ уларга баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса, ўров-жойлашнинг қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати);

интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шартлари сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

сотувчининг баҳоланаётган товарни кейинчалик божхона ҳудудидан ташқарида ҳар қандай тарзда қайта сотиш, ўтказиш ёки ундан фойдаланишдан олинган бевосита ёки билвосита даромадининг бир қисми (БКнинг 316-моддаси).

 

Маълумот учун. Кўрсатилган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурталаш, сертификатлаштириш, брокерлик хизматлари) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

 

Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар чиқариб ташланади, башарти улар илгари битимнинг нархига киритилган бўлса ва ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин бўлса (БКнинг 317-моддаси):

саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан сўнг амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;

товар божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейинги уни етказиб бериш харажатлари;

товар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан кейинги уни етказиб беришни суғурталаш қиймати;

импорт қилинган мамлакатда сотувчи томонидан тўланадиган божхона тўловлари.

 

Маълумот учун. Битимнинг нархи мавжуд бўлмаган тақдирда, олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати экспорт қилаётган сотувчининг олиб чиқиладиган товарни ишлаб чиқариш ёки олиш, сақлаш ва ташиш билан боғлиқ харажатлари тўғрисида декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда юқорида санаб ўтилган харажатлар ҳам ҳисобга олинади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 1074 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика