Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 17 / Меҳнат муносабатлари

Пандемия глобал меҳнат бозорига қандай таъсир қилди?

 

Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётган коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатлари иқтисодиётига ўзининг глобал таъсирини ўтказишда давом этмоқда. Давлатлар томонидан қўлланилаётган чекловчи чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият олиб бораётган ходимлар ўзларининг иш ўринларини йўқотмоқда. Ишидан ҳамда даромад манбаидан маҳрум бўлган фуқаролар давлатнинг ижтимоий ёрдами ва ташқи кўмакка эҳтиёж сезмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президентимиз мамлакатимизда карантин туфайли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайганини қайд этди. Давлатимиз раҳбари карантин туфайли, ишсизлар сонининг ошганлиги сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Маълумотларга кўра, карантин даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 141 800 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиб, уларга 43 млрд 225 млн сўм иш ҳақи тўлаб берилган.

Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг иккинчи чорагида тўлиқ иш вақти режимида ишловчи меҳнаткашларнинг 195 млн нафари ўзларнинг иш жойларидан маҳрум бўлади. Натижада дунё ишчилари томонидан йўқотиладиган иш ҳақи билан боғлиқ даромадларнинг миқдори 2020 йилнинг сўнгига қадар бўлган даврда 3,4 трлн долларни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Таққослаш ўрнида айтиш жоизки, ­2008–2009 йиллардаги иқтисодий инқироз рецессияда 22 млн дан ортиқ иш ўрни қисқарган эди.

Халқаро меҳнат ташкилотига 1919 йилда асос солинган. Ташкилот 1946 йилдан бошлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дастлабки ихтисослаштирилган агентлиги сифатида фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда ушбу тузилмага 187 та давлат аъзо. Ташкилот ходимлар, иш берувчилар ҳамда ҳукумат манфаатлари муштараклигини таъминлаш мақсадида муносиб меҳнат шароитини ўзида акс эттирган стандартлар, дастурлар ва зарурий чора-тадбирларни қабул қилади.

Бутун дунё бўйлаб ўрнатилган карантин деярли 2,7 млрд нафар меҳнаткаш ёки жаҳон ишчи кучининг деярли 81 фоизига салбий таъсир ўтказмоқда. Сайёрамизнинг 96 фоиз ҳудудидаги туризм маршрутларининг ёпилиши натижасида соҳа ходимлари фаолияти фалокат ёқасига келиб қолди. Меҳмонхона, ресторан, чакана савдо хизмати ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган 1,25 млрд ишчи ночор аҳволда қолди. Маълумот ўрнида, ҳозирда ер юзидаги 2 млрд одам ўзининг бандлигини норасмий сектор орқали таъминлайди. Пандемия туфайли мазкур тоифадаги ходимларнинг даромад манбаи тўхтаб қолди.

Статистик маълумотларга эътибор қаратар эканмиз, дунё ишчи кучининг 32,7 фоизини ташкил этувчи чакана савдо, ишлаб чиқариш, меҳмонхона, озиқ-овқат соҳаларида хизмат қилаётган ходимларнинг иш ўринлари йўқотилиш хавфи юқорилигича қолмоқда. 20,8 фоиз ходим меҳнат қилаётган транспорт, молия, қурилиш ва кўнгилочар соҳалардаги хавф ўрта даражани ташкил этса, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги 35,9 фоиз ишчиларнинг иш ўринларига паст даражадаги хавф таҳдид солмоқда.

Муаммони бартараф этишнинг чоралари ҳақида сўз борар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инқирозга қарши курашни мувофиқлаштириш ҳамда унинг оқибатларини юмшатиш учун глобал ялпи миллий маҳсулотнинг камида 10 фоиз қисмини ажратиш лозимлигини таъкидламоқда. Жаҳон мамлакатлари меҳнат бозорини муқаррар бўлган талафотлардан сақлаб қолиш мақсадида иш ўринлари ва ходимларнинг ижтимоий ҳимояси учун бюджет маблағларини ажратишда давом этмоқда. Ушбу соҳага АҚШ 2,2 трлн доллар, Япония 1 трлн доллар, Франция 110 млрд евро, Бирлашган Қироллик 330 млрд фунт миқдоридаги маблағ ажратди.

 

Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, ушбу мураккаб шароитда аҳолининг кўмакка муҳтож тоифалари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, пандемиянинг оғир оқибатларини бартараф этишнинг самарали усулларини қўллаган ҳолда иш ўринларини сақлаб қолиш чораларини тўғри танлаш лозим. Бу йўлда давлат ташкилотлари, йирик бизнес вакиллари ҳамда фуқаролар якдилликни кучайтирган ҳолда муаммога қарши биргаликда курашиши мақсадга мувофиқдир.

 

Мирёқуб РАҲИМОВ, Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.

 

Прочитано: 753 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика