Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 09 / Минтақалараро ҳамкорлик

Ҳамкорликнинг янги уфқлари

 

12–13 февраль кунлари Европа ИттифоқиМарказий Осиё Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳининг 9-мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Марказий Осиё (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) давлат органлари, ЕИга аъзо давлатлар, ЕИ институтлари, халқаро ва минтақавий ҳамкорлар, халқаро молиявий муассасалар, фуқаролик жамиятининг 100 дан ортиқ вакиллари, шунингдек Марказий Осиёдан бўлган эксперт ва журналистлар иштирок этди. Улар қаторида газетамизнинг махсус мухбири Гулнора Абдуназарова ҳам бор эди.

Брюсселда бўлиб ўтган учрашув Тошкентдаги ЕИ–МО атроф муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги 6-конференциядан кейинги биринчи тадбирдир.

 

Мажлис кун тартибидаги масалалар кўлами ва кенг қамровлилиги билан ажралиб турди, диққат марказида – ёпиқ циклдаги иқтисодиётни ривожлантириш, «Европанинг яшил ҳаракати»ни амалга ошириш, атроф муҳит, иқлим ва сув ресурслари барқарорлигини ошириш ва бошқа масалалар бўлди.

Бир қарашда, Европа Иттифоқи билан бизнинг минтақа муаммоларининг қандай алоқадорлиги бор, деган савол туғилиши мумкин. Ваҳоланки, глобал муаммоларнинг ўзига хос томони ҳам шунда-да – ҳеч бир мамлакат уларни мустақил тарзда ҳал эта олмайди. Бизнинг табиий муҳит қитъа экологик тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ҳамда антропоген иқлим ўзгаришини бартараф этиш, биологик хилмахилликни сақлаб қолиш, ифлослантирувчи моддаларни трансчегаравий олиб ўтиш ва бошқа масалаларни минтақавий ҳаракатларни бирлаштирмай туриб давлат миқёсида ҳал этиш амримаҳолдир. Бу масалаларга ЕИнинг Марказий Осиё бўйича вакили, Элчи Петер Буриан ўз чиқишида тўхталиб ўтди:

– Европа Иттифоқи мураккаб сув, энергетик ва экологик муаммоларни самарали ҳал қилишда миллий ёндашувларнинг ўзи етарли эмаслигини минтақада тобора тушуниб етилаётганини қувватлайди. ЕИ ва МО ўртасида йўлга қўйилган конструктив ҳамкорлик ҳозирги вақтда мавжуд глобал ва минтақавий муаммоларни, шу жумладан иқлим ўзгаришига кучли таъсир кўрсатишни ҳал этишга қаратилган.

Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларининг Орол денгизи қуришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини енгиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлар экан, Ўзбекистонда Орол бўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама ҳамкорлик траст жамғармаси лойиҳаларини амалга оширишга 5 млн евро ажратди.

Марказий Осиёда радиоактив чиқиндилар энг аянчли муаммолардан ҳисобланади, улар бутун минтақа учун жиддий хатарга эга. БМТнинг маълумотларига кўра, бу ерда қарийб 800 млн тонна радиоактив ва токсик чиқиндилар мавжуд. Ҳимоя саркофаги муттасил тарзда сув билан ювилиб турган Майли-Сув уран сақлагичининг ҳолати туфайли аҳоли кўп яшайдиган Фарғона водийсига экологик офат хавф солиб турганлиги ҳақида экспертлар бир неча йиллардан буён бонг урмоқдалар. Экологик фожианинг миқёсларини тасаввур қилишнинг ўзи кишини даҳшатга солади! Уни бартараф этиш учун ЕИ минтақада уран сақлагичларини реабилитация қилиш дастурини ишлаб чиқди, ҳамкорлар билан биргаликда донорлик ҳисобварағи очилган, – дея таъкидлади ЕИнинг МО бўйича вакили. Ҳозирги кунда қарийб 35 млн евро инвестиция қилинган, лекин бу сумма етарли эмас. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги хавфли чиқиндилар кўмилган жойларни тозалашнинг бошланғич босқичдаги ишлари учун тахминан 80 млн евро керак бўлади.

 

Европа ташаббусининг яшил нуқтаси

Мажлис сессияларидан бири ЕИнинг атроф муҳитга доир сиёсатидаги охирги ўзгаришларга бағишланди. Дарвоқе, унинг кўлами ниҳоятда кенг. «Европанинг яшил ҳаракати» – Европа Иттифоқи иқтисодий ислоҳотларининг мисли кўрилмаган дастури бўлиб, у иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилгандир. Бу саъй-ҳаракатларнинг шунчаки баённомаси эмас. Уни амалга ошириш учун муай­ян чора-тадбирларнинг «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган.

Европанинг яшил ташаббуси тараққий этган, ижтимоий фаровон ва экологик барқарор иқтисодиётга ўтишни режалаштиришнинг ўзига хос «амалий» йўриқномаси, глобал дастуриламалга айланиб бормоқда.

 Ёдингизда бўлса, 15-10 йил олдин бизда қайта тикланадиган энергия манбалари ҳақида жўяли гап айтиш, ёки, дейлик, бугун Тошкент кўчаларида ҳаракатланаётган электроавтобуслар тўғрисида хаёл суриш тасаввуримизга сиғмасди. Бугун эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, иқтисодиётнинг базавий тармоқлари энергия самарадорлигини ошириш – 2019–2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг (4.10.2019йилдаги ПҚ-4477-сон қарор) устувор вазифаларидан биридир.

«Европанинг яшил ҳаракати» – Европа Иттифоқининг яқин йиллар учун асосий устуворлигидир, – деди Европа Комиссиясининг атроф муҳитга доир Бош директоратининг глобал барқарор ривожланиш бўйича директори Астрид Шомакер хоним. – Мазкур устуворлик замонавий, ресурс тежовчи ва рақобатбардош иқтисодиётларни ривожлантириш йўлида бизнинг иқтисодий тизимларимиз ва жамиятимиздаги туб ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. 2050 йилга бориб, компенсацион тадбирларни амалга ошириш эвазига ажратмалар ҳажми ва иссиқхона газлари ўртасида балансга эга бўлинади, ЕИнинг табиий бойлиги ҳимояга олинади ва кўпаяди, иқтисодий ўсиш эса фақатгина ресурслардан фойдаланишга боғлиқ бўлиб қолмайди. Натижада – фуқароларнинг саломатлиги ва фаровонлиги сақлаб қолинади, атроф муҳит муҳофазаси таъминланади.

Европани тараққий эттиришнинг мазкур янги стратегияси экологик муаммоларни янги имкониятларга айлантиришга қаратилгандир. Лекин Европа бу вазифани бир ўзи уддалай олмайди, – таъкидлади Шомакер хоним. – Биз халқаро шериклар билан узвий ҳамкорлик қилишимиз керак. ЕИ МО мамлакатларида мавжуд бўлган кучли салоҳиятни эътироф этади, ўз иқтисодиётларини барқарор ривожлантиришда улар дуч келаётган муҳим муаммоларни тушунади ҳамда атроф муҳит, иқлим ва сув ресурслари барқарорлигини ошириш учун имкон қадар экологик усуллар йўлидан боришда уларга ёрдам беради.

2019 йилнинг июнида Европа парламенти ва Кенгаши ЕИнинг Марказий Осиёга нисбатан янги Стратегиясини эълон қилди ҳамда «ЕИ ва Марказий Осиё: янада мустаҳкам ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар» Қўшма коммюникесини қабул қилди. Стратегия ўзаро боғлиқ бўлган 3 та устуворликни ўз ичига олади: «Барқарорлик учун ҳамкорлик», «Тараққиёт учун ҳамкорлик» ҳамда «Биргаликда яхшироқ ишлаш».

«Барқарорлик учун ҳамкорлик» устуворлиги таркибига атроф муҳит, иқлим ва сув ресурслари барқарорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадлар киритилган. Мазкур янги Стратегияда юқори даражадаги экологик стандартларни қабул қилишда ЕИ Марказий Осиёни қўллаб-қувватлайди ва ишлаб чиқаришнинг линияли моделидан ­иқтисодиётнинг ёпиқ циклдаги жараёнига ўтишни рағбатлантиради, дейилади. Ёпиқ циклдаги иқтисодиётда энергия ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги оширилади, чиқинди ва ажратмалар салмоғи эса камайтирилади. Барқарор истеъмол ва ишлаб чиқаришга нисбатан бундай ёндашув янги корхоналарни ташкил этган ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирган ҳолда улкан самара келтириши мумкин.

 

Марказий Осиё манфаатларидан келиб чиқиб

Марказий Осиё мамлакатлари делегациясининг раҳбарлари табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини бошқариш соҳасидаги сиёсатнинг ҳозирги ҳолати ва тараққиёт истиқболлари ҳақида, глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиё учун етказаётган мавжуд ва келгусидаги хатарлар тўғрисида, шунингдек чекланган сув ресурсларидан омилкорона фойдаланиш, энергия тежовчи ва табиатни муҳофаза қилувчи технологияларни жорий этиш ҳақида сўзлаб бердилар.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг атроф муҳит ифлосланишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бошқармасининг бошлиғи Тўлаган Абдулғозиев мажлис иштирокчиларини атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан омилкорона фойдаланиш ҳамда мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилашни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатимиз хусусида ахборот берди.

Республикамизда 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси (30.10.2019 йилдаги ПФ-5863-сон Фармонга 1-илова) қабул қилинган. Ҳужжатда атроф муҳит объектларини (атмосфера ҳавоси, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилмахиллик, қўриқланадиган табиий ҳудудлар) антропоген таъсир ҳамда бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлашнинг узоқ муддатли тадбирлари назарда тутилган.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш бўйича самарали тизимни яратиш, уларнинг фуқаролар соғлиғи ва атроф муҳитга зарарли таъсирини бартараф қилиш мақсадида 2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқланди (17.04.2019 йилдаги ПҚ-4291-сон қарорга 1-илова).

Биологик хилмахилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтириш, табиий экологик тизимларнинг таназзулга учраши суръатларини пасайтириш, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларини қайта тиклаш, биохилмахилликни сақлаб қолиш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ҳукумат 2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилмахилликни сақлаш стратегиясини (ВМнинг 11.06.2019 йилдаги 484-сон қарорига 1-илова) тасдиқлади.

Мазкур ҳужжатда, хусусан, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш; Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлаштириш ишларини олиб бориш ва унинг майдонини 1,2 млн гектарга етказиш; давлат қўриқхоналаридаги эталон экотизимларда биохилмахиллик компонентлари учун мониторинг олиб боришнинг марказий бўғинли ягона тизимини яратиш; биохилмахилликни сақлаб қолиш масалаларини иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграциялаш ва бошқа устувор вазифаларни амалга оширишни назарда тутади.

Туз-чанг кўчишига қарши курашишнинг самарали усули ва минтақанинг экологик ҳолатини юмшатишда муҳофаза кўчатларини экиш қўл келмоқда. 2018–2019 йиллар даврида Орол денгизининг қуриган тубида 461 минг гектар майдонга кўчатлар экилди, 2020 йилда эса кўчат экиладиган майдонлар ҳажмини 700 минг гектарга етказиш режалаштирилган.

Т.Абдулғозиев «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар» Концепцияси ҳақида гапириб берди, унга кўра, экологик ва инсон инқирозини эслатувчи Орол денгизи ҳавзаси ҳудудини экология соҳасидаги инновациялар ва технологиялар ҳамда яшил иқтисодиёт тамойиллари асосида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланаётган ҳудудга айлантириш бўйича стратегик йўналиш ва ҳаракатлар режаси таклиф этилди.

Маърузасининг якунида нотиқ ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги Старатегияси доирасида ЕИ ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлигига доир бир қатор таклифларни илгари сурди.

 

Платформага таяниб…

Атроф муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик платформаси 2009 йили Рим шаҳрида (Италия) ЕИ–МОнинг юқори даражадаги конференциясида ташкил этилган эди. Платформа ЕИнинг Марказий Осиё бўйича Стратегиясининг бир қисми ҳисобланган Атроф муҳит ва сув бўйича ташаббусини амалга ошириш учун ҳадли асос вазифасини бажаради.

Италия Атроф муҳит, ер ва денгиз ресурслари вазирлиги бошчилик қилиб келадиган ЕИ-МОнинг Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳи минтақавий даражада, шунингдек ЕИ ва МО давлатлари ўртасида сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш орқали Платформани қўллаб-қувватлайди ҳамда ЕИ ва МОнинг атроф муҳит ва иқлим ўзгариши соҳасида минтақавий ҳамкорлик устуворликларини белгилашга ёрдам беради. Ўтган давр мобайнида охиргиси билан қўшганда Ишчи гуруҳнинг 9 та мажлиси бўлиб ўтди.

ЕИ 2019 йил октябрда ЕИ «Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: сув ресурслари, атроф муҳит ва иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик» (WECOOP) лойиҳасини янгилади. Бу 3 йилга мўлжалланган уч босқичли лойиҳадир. Лойиҳа ЕИ стандартларига яқинлашиш орқали Марказий Осиёда атроф муҳит, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари соҳасида сиёсатни яхшилашга қаратилган. Ҳужжатда, шунингдек, инсон фаолияти, шу жумладан CO2 чиқиндилари юзага келтираётган ифлосланишларни сезиларли даражада камайтиришга эришиш мақсадида иқтисодиётнинг тегишли тармоқларига инвестициялар жалб этишни рағбатлантириш назарда тутилади.

Ишчи гуруҳнинг 9-мажлисида Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳнинг Техник вазифалари қабул қилинди. Шу билан бирга 2020–2022 йилларга Ишчи дастур ва Мувофиқлаштирувчи қўмитанинг Регламенти тасдиқланди.

 

* * *

Ишчи гуруҳнинг 9-мажлиси якунлари ЕИ ва МО давлатлари ўртасидаги атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ҳамкорлик кенгаяётганини кўрсатди ҳамда ишонч билан айтиш мумкинки, бу ҳамкорлик стратегик шерикчиликнинг янги даражасига кўтарилди. МОга тааллуқли муҳим ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва турли хил минтақавий дастурларнинг рўёбга чиқарилиши мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорлик истиқболли эканлигига далолат қилади.

 

Прочитано: 719 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика