Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим,
Лолазорга бурдим юзимни.
Учратмадим аммо ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми..?
Узоқларда залворли тоғлар,
Хаёлимни келдилар босиб,
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
– Сен баҳорни соғинмадингми..?
Унгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон,
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон..
– Сен баҳорни соғинмадингми..?
Мана, бугун Наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севикли эркам,
Қўлимда гул, сени кутарман..
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
Сен баҳорни соғинмадингми..?
Абдулла ОРИПОВ.