Автотранспорт воситасини ундан чиқадиган темир-терсакларни йиғиш бўйича махсус ташкилотга топширмасдан туриб корхона балансидан чиқариш мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас.
Асосий воситалар қийматини тугатиш муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби Низомнинг (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-параграфида белгиланган.
Комиссия томонидан транспорт воситаларини тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор натижалари транспорт воситаларини тугатиш тўғрисидаги далолатнома (АВ-4а-сон шакл) (1401-сон Низомга 2-илова) билан расмийлаштирилади. Далолатноманинг бир нусхаси асосий воситалар объектларининг сақланиши учун жавобгар бўлган шахсда қолиб, ҳисобдан чиқариш натижасида қолган моддий бойликлар ёки темир-терсакни омборга топшириш ва сотиш учун асос бўлади (1401-сон Низомнинг 11-банди).
Темир-терсакка топшириш масалалари Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 6.06.2018 йилдаги 425-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинади.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ юридик шахсларда ҳосил бўлган темир-терсак бўлаклари «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ корхоналарига топширилиши шарт.
Мазкур талабларга риоя этилмаганлик учун металл парчаларини топширишдан озод этмаган ҳолда иқтисодий санкциялар қўлланилиши назарда тутилган.
Изоҳ: Транспорт воситасини ҳисобдан чиқаришда бухгалтерияга далолатнома билан биргаликда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органларида ҳисобдан чиқарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳам тақдим қилинади.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.