Ишлаб чиқариш корхонаси Тожикистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахсга маҳсулот реализация қилиш тўғрисида шартнома тузди. Тўлов 100% миқдорида нақд пул шаклида сотувчининг валюта счётига ўтказилади. Банк бундай операция амалга оширилишига рухсат беради. Президентнинг ПФ-5564-сон Фармонида жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсат этилганлиги кўрсатилган.
1. Тожикистон Республикасининг жисмоний шахси – резидентига 5 000 АҚШ долларилик тайёр маҳсулот реализация қилинганда божхона декларацияси тўлдирилиши зарурми?
2. Ушбу операция экспорт ҳисобланадими, унга қайси ставка бўйича ҚҚС солинади?
1 |
Жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилади (30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сон Фармоннинг 2-банди).
Яъни 5 000 АҚШ долларилик маҳсулотларингизни сотиб олган ушбу жисмоний шахс – Тожикистон Республикасининг резиденти божхона декларациясини тўлдирмасдан уларни Тожикистонга олиб чиқиши мумкин. Мазкур норма корхонангизга тааллуқли эмас.
2 |
Товарларни экспорт қилиш Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан товарларни қайта олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқиш ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Сиз маҳсулотни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқмасдан сотаяпсиз. Бу экспортга кирмайди. Шу боис ҚҚСнинг 15%лик ставкасини қўллайсиз.
Товарларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишда қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, 0%лик ставкани қўллашингиз мумкин (Солиқ кодексининг 213-моддаси):
● контракт;
● товарларни экспорт қилиш режимига чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг белги қўйилган БЮД;
● божхона органининг товарлар тайин этилган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи қайд белгиси қўйилган товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.
Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача маҳсулотларни халқаро тўлов тизимлари орқали тўлов тўланган ҳолда экспорт қилишда қуйидагилар талаб этилмайди:
● харидор билан ёзма шартнома тузиш;
● ТСОЯЭАТга ахборот киритиш;
● БЮДни расмийлаштириш.
Мазкур ҳолатда Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига (АВ томонидан 18.04.2011 йилда 2219-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳужжатлар расмийлаштирилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.