Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 47 / Божхона

Ўзбекистон-Туркия: божхона соҳасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

 

Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари иштирокидаги Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимов ва Туркия савдо вазири ўринбосари – божхона хизмати раҳбари Риза Тўна Турағай иштирокида бўлиб ўтган Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилишида ўзаро ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб берувчи қатор масалалар муҳокама қилинди. Бунда, энг аввало, икки давлат божхона хизматларининг шартномавий базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасида товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида дастлабки маълумот алмашишни ташкил этиш ҳамда статистика соҳасида услубий ва ахборот ҳамкорлиги юзасидан шартномалар тузиш ташаббусини билдирди.

Шунингдек, республикамиз Ҳукумати билан Туркия Ҳукумати ўртасида соддалаштирилган божхона йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги халқаро шартнома лойиҳаси юзасидан ички келишувга доир зарурий тартиб-таомилларни бошлаб юбориш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда маълум қилинишича, келгусида товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ва назорат қилиш учун зарур бўлган маълумотларни ўзаро алмашиш бўйича ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Томонлар божхона соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларида ҳамкорлик қилиш бўйича Ишчи гуруҳ учрашувини ўтказишга, қисқа муддатда 2020–2021 йилларга мўлжалланган Ўзаро ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, унда асосий эътиборни контрабанда, гиёҳвандлик воситалари, одам савдоси ва бошқа божхона ­ҳуқуқбузарликларига қарши курашиш каби йўналишларга қаратиш лозимлигига келишиб олдилар.

Учрашувда таъкидланганидек, Туркия Республикаси божхона хизмати ўзининг бой тарихи ва кўп йиллик тажрибасига эга. Жумладан, чегара ўтказиш ­пунктларидаги йирик логистика ­терминаллари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, божхона соҳасига ахборот технологияларини кенг миқёсда жорий этиш, экспресс ташувлар (курьерлик жўнатмалари) тизимидан фойдаланиш, хавфларни бошқариш соҳасидаги ўзига хос ва илғор жиҳатлар борасида турк тажрибасини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.

Туркия томони Ўзбекистоннинг 8-Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашидаги иштирокини мамнуният билан эътироф этди ва «Бир макон, бир йўл» ташаббусини самарали амалга оширишда «Карвонсарой» лойиҳасида иштирок этишга чақирди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, иккала томон 2020 йилда амалга ошириладиган ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва уларни тизимли амалга ошириш мақсадида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари томонидан Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши баённомаси имзоланди.

Кенгашнинг навбатдаги мажлиси 2020 йилда Туркия Республикасида бўлиб ўтади.

 

Маълумот ўрнида

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик янги, янада фаол босқичга кўтарилди – 2017 йилнинг кузида Президентимиз Ш.Мирзиёев Туркияга ва 2018 йилнинг баҳорида Туркия Президенти Р.Эрдўғон мамлакатимизга давлат ташрифларини амалга оширишди. Олий даражадаги музокаралар самараси бугун турли соҳалардаги фаол амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда ҳар икки мамлакат ишбилармонлари томонидан 750 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилган, ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга ортган. Жумладан, 2019 йилнинг ўтган ўн ойи якунлари бўйича ўзаро товар айланмаси ҳажми салкам 1,97 млрд АҚШ долларини ташкил этган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,9%га кўпдир.

2018 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Туркия Божхона ва савдо вазирлиги ўртасида Қўшма божхона кенгашининг таъсис этилишидан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 875 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика