Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона дори воситаларини улгуржи ва чакана сотади. Кўрсатиладиган хизматларнинг сифатини ошириш учун дори воситаларини харидорларга етказиб бериш режалаштирилмоқда. Буюртма қийматига ва етказиб бериладиган манзилнинг узоқ-яқинлигига қараб хизмат пулли ёки текин бўлиши мумкин.
Дори воситаларини етказиб бериш пулли ёки текин бўлганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Етказиб бериш қиймати алоҳида кўрсатилганда
Ҳақ эвазига етказиб бериш – алоҳида фаолият тури. Фойда солиғи солиш мақсадида ялпи даромадга тушум, бироқ кўрсатилган хизматлар (етказиб бериш) таннархидан паст бўлмаган миқдорда киритилади (Солиқ кодексининг 129, 130-моддалари).
Хизматлар таннархи Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ шакллантирилади.
ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база реализация қилинаётган ишларнинг қиймати асосида унга ҚҚСни киритмаган ҳолда белгиланади. Хизматлар таннархидан паст нархларда реализация қилинган тақдирда, солиқ солинадиган база уларнинг таннархидан келиб чиқиб белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).
Етказиб бериш текин бўлганда
Дори воситаларини харидорларга текинга етказиб бераётган бўлсангиз ва бу етказиб бериш ҳужжатларида кўрсатилган бўлса, етказиб бериш бўйича бепул хизмат кўрсатаётган бўласиз.
Мазкур ҳолатда ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблашда етказиб бериш хизматлари таннархи солиқ солинадиган базага киритилади.
Етказиб бериш қиймати дори воситаси қийматига киритилганда
Етказиб бериш қиймати дори воситалари қийматига киритилган бўлса, етказиб бериш харажатлари реализация қилишга оид харажатлар деб эътироф этилади (Низомнинг 2.1.1-банди).
Мазкур ҳолатда ҚҚС солинмайдиган дори воситаларини реализация қилишдан олинган тушумгина бўлади (Солиқ кодексининг 208-моддаси 13-банди).
Солиқ тўловчининг шахсий эҳтиёжлари учун хизматлар кўрсатиш (ўз товарларини мижозга етказиб бериш) унинг харажатлари сифатида қаралади ва реализация қилиш обороти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 199-моддаси 2-қисми 1-банди). Тегишинча, ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.