Компаниямиз 1.01.2019 йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлайди, ҚҚС – 20%. Фаолият тури – экин маҳсулотларининг уруғларини улгуржи сотиш. 2017 йилда уруғликларни етказиб беришга импорт шартномасини туздик. Товар ўз вақтида етказиб берилди, лекин харидорларга сотиб бўлингандан кейин унинг сифатсизлиги маълум бўлди. Компания раҳбарияти товарни қайтариш – етказиб берувчига реэкспорт қилишга қарор қилди. Товарнинг қолдиқлари, шу жумладан ушбу контракт доирасида қолдиқлари бўйича ҚҚС ҳисобга киритилди.
Илгари ТМЗ қолдиқлари бўйича ҳисобга киритилган ҚҚСни қандай қилиб ҳисобдан чиқариш мумкин?
– Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:
● контракт (шартнома, келишув) шартлари бажарилмаган бўлса;
● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;
● товар ўзгармаган ҳолатда турган бўлса, бундан унинг нуқсонлари аниқланган ҳоллар мустасно (БКнинг 33-моддаси).
Товар реэкспортга расмийлаштирилганда товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:
● товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан 2 йил ичида амалга оширилаётган бўлса;
● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган бўлса (БКнинг 35-моддаси).
Сизнинг ҳолатингизда товар реэкспортга расмийлаштирилгандан кейин 2 йилдан ортиқ вақт ўтган. Сиз тўлаган божхона тўловларини, шу жумладан ҚҚС суммасини бюджетдан қайтариб бўлмайди. Шу туфайли улар корхонанинг харажатлари сифатида акс эттирилиши керак.
Сифатсиз товарнинг реэкспорти иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлмаган тақдирда, корхонангиз уни бошқача тарзда тасарруф этиши мумкин.
1 |
Сифатсиз товарни утиллаштириш ва етказиб берувчига жарима санкцияларини қўллаш. Божхонада тўланган ҚҚС корхонанинг зарарларига киради, уни қуйидаги бухгалтерия проводкалари орқали ҳисобдан чиқариш лозим: Дт 9430-«Бошқа операцион харажатлар» – Кт 4410-«Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (турлари бўйича)». Илгари ҳисобга олинган ҚҚС нормалардан ортиқча моддий ресурслар бўйича йўқотишлар ва бузилишлар бўлган ҳолларда ҳисобга олишдан чиқариб ташланиши керак (Солиқ кодексининг 220-моддаси).
2 |
Сифатсиз товарни қуйидаги пасайтирилган нархлар бўйича сотиш:
● божхона қийматига тенг. Бунда илгари ҳисобга олинган ҚҚСга тузатиш киритиш керак бўлмайди;
● божхона қийматидан паст. Бунда илгари ҳисобга олинган ҚҚСга тузатиш киритиш керак бўлмайди, лекин бюджетга тўлаш учун фарққа қўшимча ҚҚС ҳисоблашга тўғри келади.
Илгари ҳисобга олинган ҚҚСни қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан ҳисобдан чиқариш мумкин: Дт 9430 – Кт 4410.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.