Президентнинг қарори (2.08.2019 йилдаги ПҚ-4412-сон) билан мамлакатимиз суғурта бозорини ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди (қарор матни «СБХ» мазкур сонининг ҳужжатлар пакетида берилмоқда).
Барча янгиликлар босқичма-босқич жорий этилади.
Биринчидан, ҳужжат кучга кирган санадан (3 август) бошлаб:
● даромадларнинг 20%игача миқдоридаги ажратмалар ҳисобига, уларни чегириладиган харажатларга киритган ҳолда шакллантириладиган суғурта ташкилоти захира жамғармасининг чекланган миқдори суғурта ташкилоти устав фондининг 50%игача оширилади;
● суғуртанинг айрим турлари бўйича Интернет, мобиль иловалар, инфокиосклар орқали расмийлаштириладиган ва қоғоз шаклидаги суғурта шартномаларига (полисларига) тенглаштириладиган электрон полислар («Е-полис») жорий этилади.
Иккинчидан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қайта суғурталовчи (қайта суғурта брокери) суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта ташкилотларига беришдан аввал бериладиган суғурта мажбуриятларининг камида 50%и миқдорида қайта суғурталаш бўйича офертани (қайта суғурталаш шартномаларини тузиш таклифларини) Ўзбекистонда қайта суғурталаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган суғурта ташкилотларига юбориши шарт. Бунда:
● оферта шартлари суғурта мажбуриятларини хорижий суғурта ташкилотларига қайта суғурталашга бериш шартларига мувофиқ бўлиши керак;
● оферта акцепти ёки акцептни рад этиш қайта суғурталовчилар – маҳаллий суғурта ташкилотлари томонидан, агар офертада акцепт учун кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, 2 иш кунидан кечикмаган ҳолда амалга оширилади;
● суғурта мажбуриятлари қайта суғурталовчи – маҳаллий суғурта ташкилоти томонидан ўзининг ушлаб қолиш ҳажми доирасида қабул қилинади;
● қайта суғурталовчи – маҳаллий суғурта ташкилоти суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда ва асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўловини амалга оширишда қайта суғурталаш шартномаси шартлари доирасида қайта суғурта қилдирувчининг қарорларига амал қилади.
Янги механизм облигатор қайта суғурталашга татбиқ этилмайди (асосий суғурта шартномалари бўйича таваккалчиликлар албатта уларни қабул қилиб олиши шарт бўлган қайта суғурталовчига берилади) ҳамда мамлакатимизнинг халқаро шартномалари ва инвестиция битимларида ўзгача тартиб назарда тутилган бўлса, қўлланилмайди.
Учинчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
● юридик шахслар – суғурта (қайта суғурта) брокерлари ва суғурта агентлари учун ЯСТ ставкаси комиссия мукофотининг 13%и миқдорида белгиланади;
● суғурта (қайта суғурта) ташкилотининг бошқа суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди, суғуртанинг бошқа тармоқларидаги суғурта ташкилотлари устав фондларида уларнинг ўзаро иштирокини чеклаш шартларида иштирок этиш бундан мустасно;
● ваколатли давлат органи суғурталовчилар томонидан қўлланилаётган суғурта тарифларини, истеъмолчиларнинг суғурта хизматлари сифатидан қониқиши даражасини, шунингдек, суғурта маҳсулотларининг самарадорлигини таҳлил қилиш асосида суғурта захираларининг қабул қилинаётган таваккалчиликларга мақбуллигини таъминлайдиган суғурта захираларининг минимал даражасини белгилайди.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисми 13-бандида назарда тутилган имтиёзни қўллашнинг қуйидаги шартлари жорий этилади:
а) суғурта суммаси шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бирйўла тўланганда. Бунда суғурта бадалларини тўлаш суғурта суммасини тўлаш санасидан олдинги 12 ойлик даврда ўсиб бормайдиган тартиб бўйича амалга оширилган бўлиши керак.
Шартнома бўйича суғурталанган шахснинг ҳаётни узоқ муддатли суғурталаш (барча тоифадаги ҳаёт суғуртаси соҳаси) бўйича муайян ёшгача ёки санагача яшашидан бошқача тарздаги суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда суғурта қопламасини ёки суғурта суммасини тўлаш кўрсатиб ўтилган имтиёз қўлланилган ҳолда шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан амалга оширилиши мумкин;
б) рента (аннуитет) тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бошланганда. Бунда жорий рентани (аннуитетни) тўлаш санасида шартнома бўйича ҳақиқатда жамланган маблағлар (захира) суммаси кўрсатиб ўтилган рента (аннуитет)нинг 4 бараваридан кам бўлмаслиги керак;
в) рентани (аннуитетни) тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан бошланганда. Бунда дастлабки рентани (аннуитетни) тўлаш бошланадиган пайтда ҳақиқатда тўланган суғурта бадаллари суммаси шартнома бўйича суғурта мукофотининг йиллик миқдоридан кам бўлмаслиги керак ва ренталарни (аннуитетларни) тўлаш ушбу банднинг «б» кичик банди талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 3.08.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.