Ходимга 15 иш куни учун меҳнат таътили берилди. Раҳбарият унга ушбу кунлар учун таътил пулидан ташқари, иш ҳақи тўлашни талаб қиляпти. Таътил кунлари учун таътил пули ҳисобланган бўлса, ушбу кунлар учун иш ҳақи ҳам тўланадими?
– Ҳар бир корхонада ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шакли ва тизими раҳбар томонидан белгиланади. Улар жамоа шартномаларида, шунингдек ходим билан тузилган меҳнат шартномасида акс эттирилади.
Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади (Меҳнат кодексининг 114-моддаси).
Дам олиш вақти – ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан холи бўлган вақтдир (Меҳнат кодексининг 126-моддаси). Бунга танаффуслар, дам олиш кунлари, байрам кунлари ва меҳнат таътили кунлари киради.
Ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан озод этилган меҳнат таътили кунлари учун иш ҳақи ҳисобланмайди, фақат таътил пули тўланади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.