Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 32 / Паспорт масалалари

Таклиф қилиш, виза бериш ва прописка қилиш тўғрисида

 

Қариндошларим Америка Қўшма Штатларида доимий истиқомат қилади ва ушбу давлат фуқароси ҳисобланади. Улардан айримлари Совет Иттифоқи тугатилган даврда собиқ СССРнинг умумий хорижий паспортлари билан жўнаб кетган, асосий қисми эса 25 йил олдин Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти билан АҚШга кетганлар. Ҳозирги пайтда улар Ўзбекистонга келиш ва ўз ота-оналари қабрини зиёрат қилиш, шунингдек қариндошлари ва дўстлари билан учрашиш истагида эканлигини билдиришмоқда. Бироқ ҳозиргача Ўзбекистон фуқароси паспортини сақлаб турганлиги учун йўлга отланишга шошилмаяптилар, Ўзбекистон Республикаси Элчихонасида консуллик ҳисобига турмаганлиги ва анчадан буён АҚШ фуқароси бўлганлиги учун қандай йўл тутишни билмаяптилар.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузмаган ҳолда, қандай йўл тутиш мумкин?

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон қонунчилигига Ўзбекистондан собиқ СССР паспорти билан бошқа давлатларга жўнаб кетган фуқаролар, шунингдек ушбу давлатлар фуқаролигини олган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистонга келиш тартибини белгилайдиган ўзгартиришлар киритилди.

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш, шунингдек уларни вақтинча прописка қилиш тартиби Низомда (ВМнинг 17.04.2019 йилдаги 326-сон қарорига 1-илова) белгиланган.

 

Маълумот учун! Ватандошларимиз жумласига келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган, хорижга чиққан ва хорижий давлат фуқаролигини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини олган шахслар киради.

 

Қандай ҳужжатларни тайёрлаш керак

Ватандошларни таклиф қилиш учун сиз таклиф қилувчи сифатида доимий истиқомат қиладиган жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига мурожаат қилишингиз ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз лозим:

♦ Низомга 2-иловага мувофиқ белгиланган намунадаги 2 нусхада ариза-анкета;

♦ таклиф қилувчининг паспорти (нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);

♦ ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва бошқалар) нусхаси;

♦ таклиф қилувчининг ватандош билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тузилганлиги, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);

♦ ватандош Ўзбекистонга оила аъзолари билан биргаликда келиш ниятида бўлса, уларнинг ҳар бирининг шахсини ва қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатларининг нусхалари;

♦ таклиф қилувчининг 3,5 х 4,5 см ўлчамли 2 дона фотосурати;

♦ давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Тақдим этилган ҳужжатлар 3 иш куни мобайнида кўриб чиқилади. МваФР бўлинмаси ватандошнинг сизга қариндошлик даражасини ўрганиб чиқади, шунингдек шахсини ички ишлар органларидаги мавжуд маълумотлар базаси бўйича текширади.

Ваколатли орган билан келишилганидан ва ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг таклифнома (Низомга 3-илова) тўлдирилиб, МваФР бўлинмаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади, гербли муҳр билан тасдиқланади ва бевосита таклиф қилувчига ёки унинг ишончли вакилига берилади.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 15 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Таклифнома берилган кундан бошлаб 3 ой давомида амал қилади. Сиз ушбу муддат мобайнида уни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига кириш визаларини расмийлаштириш учун тақдим этишингиз лозим.

Кўп марталик кириш визаларини расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

♦ Низомга 4-иловага мувофиқ белгиланган шаклда виза талаби;

e-visa.mfa.uz сайти орқали олинган электрон анкета;

♦ МваФР бўлинмаси томонидан берилган таклифнома;

♦ таклиф қилинувчи ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва бошқалар) нусхаси;

♦ таклиф қилувчининг паспорти нусхаси;

♦ кириш визалари;

♦ давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 5 иш кунидан ошмаслиги керак.

Кўп марталик «VTD» турдаги кириш визаси 2 йилга расмийлаштирилади. Бунда унинг амал қилиш муддати таклиф қилинаётган ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги лозим.

 

Ҳисобга қандай турилади

Меҳмонга келганлар ўз хоҳишларига кўра турган жойларида вақтинчалик пропискадан ўтиб ва ҳисобда туриб хусусий уй-жойларда яшашлари, меҳмонхона, даволаш муассасалари, санаторий ва дам олиш уйларида ҳисобдан ўтган ҳолда вақтинча бўлишлари мумкин.

Хусусий уй-жойда вақтинча пропискадан ўтказиш учун таклиф қилувчи ўзи яшаб турган жойдаги МваФР бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

♦ Низомга 5-иловага мувофиқ белгиланган шаклда ариза;

♦ ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, Ўзбекистон Республикасига кириш визаси;

♦ ватандошларнинг таклиф қилувчи билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тузилганлиги, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар нусхаси олиниб асли қайтариб берилади);

♦ уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг вақтинча прописка қилишга розилиги тўғрисидаги аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси – шахсан ўзи ариза бериш имкони мавжуд бўлмаганда;

♦ давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Барча текширишлар тугаганидан сўнг 2 иш кунида МваФР бўлинмаси 2 йил муддатга вақтинча пропискани расмийлаштиради. Бунда вақтинча прописка муддати меҳмоннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва виза муддатидан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Таъкидлаш жоизки, бундай тартиб собиқ СССРнинг умумий хорижий паспорти билан доимий яшаш учун бошқа давлатларга жўнаб кетган ва ушбу давлатларнинг фуқаролигини олган шахсларга нисбатан қўлланилади.

25 йил олдин Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти билан АҚШга жўнаб кетган ва ушбу давлатнинг фуқаролигини олган шахслар учун бироз бошқача тартиб амал қилади.

Даставвал ЎзР фуқаролигини йўқотганлик тартиб-таомилидан ўтиш лозим.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганлик тартиби Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида низомда (20.11.1992 йилдаги ­ПФ-500-сон Фармон билан тасдиқланган) батафсил баён қилинган.

Хорижда доимий истиқомат қиладиган шахсларга нисбатан фуқароликни йўқотганлик далили консуллик муассасалари томонидан расмийлаштирилади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортига эга бўлганлар АҚШдаги Элчихонамизга мурожаат қилиши лозим, у ерда текширувлар ва сўровлар орқали фуқароликни йўқотганликни расмийлаштириш бўйича хулоса тузилади. Манфаатдор идоралар билан келишилган асосланган хулоса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Комиссияга юборилади. Фуқароликни йўқотганлик тўғрисида қарор чиққанидан кейин Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти олиб қўйилади ва фуқароликни йўқотганлик ҳақидаги маълумотнома берилади. Маълумотномани олгач, таклифномани ва визани расмийлаштириш мумкин.

 

Санжар Хўжааҳмедов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 949 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика