Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 32 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Хавфсизликни таъминлашга қаратилган Қонун

 

29.07.2019 йилдаги «Қурол тўғрисида»ги ЎРҚ-550-сон Қонун эндигина қабул қилиниб, ярим йилдан кейин кучга киришига қарамай, етарлича шов-шувга сабаб бўлди. Баҳс-мунозаралар қонун лойиҳаси жамоат муҳокамасида бўлган пайтдаёқ бошланган эди, ҳужжат Сенатда маъқулланганлиги маълум бўлгач мунозаралар яна қизғин тус олди. Айрим нашрларда бу янгилик, айнан «Ўзбекистонда қурол қонунийлаштирилади» деб тушунилади. Аслида қандай? Ҳужжат якуний шаклга ва мазмунга етганлиги боис бу масалани ойдинлаштиришга ҳаракат қиламиз. 

 

Аввало, Қонунда келтирилган қурол таърифи ва унинг таснифи тушунчаларига тўхталамиз. Қурол – тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар. Тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган хўжалик-маиший ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмлар сифатида сертификатланган буюмлар, шунингдек спорт аслаҳалари қурол жумласига кирмайди.

Қурол таснифи

 

Фуқаровий

 

Ов қуроли

 

♦ сойли стволли ўқотар қурол

♦ силлиқ стволли ўқотар қурол, шу жумладан сойли қисмининг узунлиги 140 мм дан ошмайди

♦ комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли) ўқотар қурол, шу жумладан алмаштириладиган ва жойлаштириладиган сойли стволли ўқотар қурол

♦ оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 мм дан ортиқ бўлган пневматик қурол

♦ тиғли совуқ қурол: ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар

♦ сигнал берувчи қурол

Спорт қуроли

 

♦ сойли стволли ўқотар қурол

♦ силлиқ стволли ўқотар қурол

♦ тиғли совуқ қурол (paпиралар, шпагалар ва қиличлар)

♦ улоқтириш қуроли (камонлар, арбалетлар ва найзалар)

♦ оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори бўлган пневматик қурол

♦ сигнал берувчи қурол

Ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли

 

♦ газли қурол – кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар

♦ электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар

Хизмат

 

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни ва табиий ресурсларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари томонидан, шунингдек давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган

 

Жанговар

 

Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ДХХ, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, ДБҚ, ФВВ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган

 

 

Махсус хизмат вазифаларига эга чекланган доирадаги муассасалар ва давлат органлари мансабдор шахслари хизмат қуролини сақлаш, олиб юриш, ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Уларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан кейинроқ тасдиқланади. Жанговар қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомаласи тартиби Президент томонидан белгиланади. Яъни «оддий одамлар» қонунан хизмат ёки жанговар қуролларга эга бўла олмайди. Шу сабабли фуқаролик қуроли мавзусига ўтамиз. Бизни ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли қизиқтириши табиий.

Қабул қилинган қонун нормаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, жамоатчиликнинг фуқаролар оммавий қуролланиши ва бунга боғлиқ жиноятларнинг кўпайиб кетиши хавотирларга асос йўқ. Аввало, ҳужжатда тақиқловчи ва мажбурият юкловчи нормалар кўплиги шундан далолат беради. Бу бир қатор жиҳатларда ифодаланади.

Биринчидан, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиладиган қуроллар рўйхати қатъий чекланган. Юқорида келтирилган жадвалга эътибор қилинг: шикаст етказувчи, совуқ ёки айниқса ўқотар қуроллар «қонунийлаштирилиши» ҳақида бирор сўз дейилмаган. Фақат газли (аэрозолли, калта стволли бўлмаган) ва электр шикастловчи қурилмалар келтирилган. Аслида, булар оддий тасаввурдаги қуроллар эмас, балки махсус қурилмалардир. Дарвоқе, айнан шундай атама «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида ҳам келтирилган. Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёлардан фойдаланиш сингари ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида ов қилиш ёки спорт қуролларини қўллаш тақиқланади.

Бунинг устига чекловлар ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролининг рухсат этилган турлари учунгина эмас, балки унинг техник тавсифларига ҳам тааллуқлидир. Ҳукумат томонидан электрошок қурилмалари ва учқун чиқаргичлар учун нормалар ҳисобланадиган чиқиш параметрлари, шунингдек газли қурол сифатида қўлланилиши тақиқланган асабни фалажлайдиган, заҳарли ва бошқа кучли таъсир кўрсатувчи моддалар билан тўлдирилган қурилмалар рўйхати тасдиқланади.

Иккинчидан, юқорида келтирилган ўзини ўзи ҳимоя қилиш қурилмаларини қурол жумласига киритиш уларни муомаласи чекланган объектлар жумласига киритади. Бунда уларни сотиб олиш, сақлаш, олиб юриш, фойдаланиш, сотиш, қайта сотиш ва мерос қилиб қолдиришнинг алоҳида тартибини назарда тутади. Хусусан:

♦ 18 ёшга тўлган фуқаролар ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролига эга бўлиши мумкин. Бу ҳуқуқдан маҳрум этилган шахслар доираси кенг – вояга етмаганлардан ташқари муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, алоҳида ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилганлар ёки жиноий иш қўзғатилган шахслар, жиноий жазони ўтаётганлар, судланганлик ҳолати тугалланмаганлар ёки судланганлиги олиб ташланмаганлар ва бошқалар;

♦ ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини сотиб олишга рухсатнома олиш учун Миллий гвардия органига ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш лозим, улар орасида қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса бўлиши шарт. Рухсатнома 3 ойлик муддатга тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш натижаларига қараб берилади. Бироқ у қуролни олиб юриш ва фойдаланиш ҳуқуқини бермайди – бунинг учун алоҳида рухсатнома бўлиши керак. Уни Миллий гвардия сотиб олинган қурол рўйхатдан ўтказилганидан кейин беради. Ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати – 3 йил, у ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиб ўтиш ҳуқуқини ҳам беради;

♦ ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини фақат ихтисослаштирилган дўконлардан (тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслардан) сотиб олиш мумкин, унга Қонунда қатор талаблар қўйилади. Уни фуқаролар ўртасида тўғридан-тўғри битим тузиш йўли билан қайта сотиш мумкин эмас, фақат лицензияланган дўконлар орқали ва Миллий гвардиянинг сотишга рухсатномаси билан қайта сотиш мумкин. Сотишга рухсатномаси бўлган шахсларгина қуролни мерос ёки ҳадя бўйича олиши мумкин;

♦ ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли доимий яшаш жойида, уларнинг бут сақланишини, сақлаш хавфсизлигини таъминлайдиган ва уларга бегона шахслар киришини истисно этадиган шартларга риоя этган ҳолда, қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда сақланиши керак;

♦ оммавий тадбирлар ўтказилганда, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган, алкоголли маҳсулотлар реализация қилинадиган жойларда, таълим, тиббиёт муассасаларида бўлган вақтда, шунингдек маст ҳолда (алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда) ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиб юриш тақиқланади;

♦ ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини қўллаш тартиби ва ҳолатлар аниқ-равшан баён этилган. Зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаш мумкин (ЖКнинг 37, 38-моддалари, ОС Пленумининг 20.12.2006 йилдаги 39-сон қарори). Қуролни қўллашдан аввал аниқ ифодаланган тарзда огоҳлантириш керак (бундан шундай огоҳлантириш имкони бўлмаган ёхуд қўллашни кечиктириш хавф туғдирадиган ҳоллар мустасно), бунда учинчи шахсларга зарар етказмаслик керак. Қурол эгаси қурол қўлланилгани ҳақида ички ишлар органига дарҳол хабар қилиши ва жароҳатланган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши шарт. Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида қуролни қўллаш тақиқланади (бундан фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилганлик ҳоллари мустасно, таҳр).

Учинчидан, Қонунда нафақат қатъий кўрсатмалар берилган, балки уларга риоя қилмаслик оқибатлари ҳам назарда тутилган. Рухсатнома эгаси томонидан рухсат беришга доир талаблар ва шартлар бузилганда рухсатноманинг (сотиб олиш ёки сақлаш ёхуд олиб юриш, таҳр.) амал қилиши тўхтатилиши мумкин. Қонунбузарлик бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда, мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказилишига олиб келган бўлса, рухсатноманинг амал қилиши тугатилади.

Ниҳоят, илгаригидек зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдирганлик ёки қасддан баданга оғир шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик амал қилади (ЖКнинг 100, 107-моддалари). Айнан шу сабабли қурол ишлатилганлиги оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида дарҳол прокурорга хабар қилиш шарт.

Шу тариқа, Қонун моҳияти қурол муомаласи ва ундан фойдаланишга нисбатан ҳуқуқий чекловлар, яъни анчайин қатъий қоида ва талаблар белгилашдан иборат. Ҳужжат ярим йилдан кейин амал қилишни бошлайди – бу муддат ичида Ҳукумат, вазирлик ва идоралар зарур қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлатиши, жамоатчилик эса унинг мазмуни билан яхшилаб танишиб чиқиши учун имконият бўлади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.01.2020 йилдан кучга киради.

 

 

Ўзбекистоннинг ўрта шаҳарларини ривожлантиришга – $ 100 млн

 

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» дастлабки лойиҳасини амалга ошириш учун 100 млн АҚШ доллари ажратади (30.07.2019 йилдаги ПҚ-4409-сон қарор). 

 

Қарзни сўндириш муддати – 30 йил, жумладан 5 йиллик имтиёзли давр. Давлатимизнинг лойиҳага ҳиссаси солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, кўчиб ўтиш бўйича харажатларни қоплаш кўринишида эквивалентда 24,12 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳа доирасидаги тажриба-синов шаҳарлари – Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ (Наманган вилояти). Амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишга тушириладиган объектлар «Йўл харитаси»да кўрсатилган. Гап сув таъминоти ва канализация тизимини реконструкция қилиш, кўчаларни ёритиш тизимини яхшилаш, алоҳида биноларнинг энергия самарадорлигини модернизация қилиш ва ошириш, махсус техникани харид қилиш, гараж биноларини қуриш ва таъмирлаш хусусида бораётир. Айтилганларга қўшимча сифатида Чортоқ туманида пиёдалар ва велосипед эко-йўлкаси қурилади, автомобиль кўприги реконструкция қилинади, Когонда Когон-Бухоро сайёҳлик автобус йўналиши ташкил қилинади.

Лойиҳани амалга ошириш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Тошкент шаҳрида лойиҳани амалга ошириш бўйича бош гуруҳни ва тажриба-синов шаҳарларида лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳудудий гуруҳларни ташкил этади. Идора Жаҳон банкининг ижтимоий ва экологик ҳимоялаш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа компонентларини амалга ошириш ва молиялаштириш жадвалида эҳтимолий ўзгаришлар юз бериши муносабати билан ишларни ташкил этишда ҳадли ёндашувни таъминлайди.

Лойиҳани амалга ошириш даврида қуйидагилар:

♦ белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган товарлар (харид қилинадиган ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари, жиҳозлар, технологиялар ва материаллар – божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари), шу жумладан, улар «вақтинчалик четдан олиб келиш» божхона режимида расмийлаштирилганда – даврий божхона тўловларидан, шунингдек, автотранспорт йиғимларидан;

♦ юридик шахслар-норезидентлар – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан;

♦ жисмоний шахслар-норезидентлар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади.

 

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 31.07.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Автоташишлар учун лицензияни расмийлаштириш камроқ вақт талаб этади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2019 йилдаги 636-сон қарори билан автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялашнинг янгиланган тартиби тасдиқланди.

 

Ушбу давлат хизматини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ВМнинг 636-сон қарорига 1-илова) илгари амалда бўлган Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомни (ВМнинг 5.12.2018 йилдаги 994-сон қарори) алмаштирди. Ҳужжат йўловчиларни ва юкларни ташишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутадиган Президентнинг 6.03.2019 йилдаги ПҚ-4230-сон қарори ижроси юзасидан қабул қилинди.

Янги тартибга биноан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар лицензияни фақат давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали оладилар.

Транспорт вазирлиги (халқаро ташиш бўйича) ва унинг ҳудудий бўлинмалари (шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ташиш бўйича) лицензияловчи органлар ҳисобланади.

Лицензия олиш учун тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати лицензиатда мавжуд автотранспорт воситалари ва уларнинг корхонага мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилди. Талабгор томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотлар бланкаси ёки сўровнома тўлдирилади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғим миқдори ўзгармади – 1 ЭКИҲ. Хизмат ЯИДХП орқали олинганда йиғим миқдорининг 90%и тўланади.

Аризани кўриб чиқиш муддатлари эса сезиларли равишда қисқарди. Энди ваколатли орган томонидан лицензия (лицензия варақалари) бериш (беришни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилиш ариза олинган пайтдан бошлаб кўпи билан 1 иш кунини талаб этиши керак (илгари бунга 5 кун берилган). Талабгор қабул қилинган қарор ҳақида 1 соат ичида хабардор қилинади. Лицензия берилганлиги учун давлат божини тўлашга, илгаригидек, 3 ой берилади. Лицензиялар давлат божи тўланган кундан эътиборан 1 иш куни мобайнида уларга QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.

Регламентда ёзилган яна битта аниқлаштириш хусусида. Автобусда ёки микроавтобусда йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш учун лицензия варақалари мавжуд бўлган тақдирда маҳаллий ва хорижий фуқароларни шаҳарда ва шаҳар атрофида туристик-экскурсия қилиш йўналишларида (номунтазам йўналишларда) йўловчи ташишни амалга ошириш учун қўшимча лицензия варақаси олиш зарур эмас.

 

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 31.07.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, Олег Заманов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 134 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика