Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 18 / Божхона

Божхона йўлакларида товарлар қандай кўрикдан ўтказилади

 

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 19.04.2019 йилда 3154-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Товарларни божхона кўздан кечируви ва божхона кўригидан ўтказишда ҳамда намуна ва (ёки) синамалар олишда божхона тартиб-таомилларини амалга ошириш тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди.

 

Ҳужжат ўз кучини йўқотган Товар ва транспорт воситаларининг божхона кўздан кечируви ҳамда уларни божхона кўригидан ўтказиш бўйича йўриқнома (11.09.2015 йилда 2714-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўрнига қабул қилинган.

 

Президентнинг 24.11.2018 йилдаги ПФ–5582-сон Фармони билан божхона назорати соҳасига тўртта йўлакни: «сариқ» ва «қизил» (1.12.2018 йилдан), «яшил» ва «кўк» (1.03.2019 йилдан) қўллаган ҳолда хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими жорий этилди. Янгиликдан мақсад – товарларни ёппасига эмас, балки танлаб божхона назоратидан ўтказиш, бу ТИФ иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш имконини беради. Танлаб кўрикдан ўтказиш доирасида кўрикдан ўтказиш тартиб-таомиллари айнан қандай ўтказилиши кераклиги – қабул қилинган Йўриқномада белгиланган.

Божхона кўригидан (пломбаларни, муҳрларни ёки божхона идентификациялашининг бошқа воситаларини, шунингдек текширилаётган объектларнинг бутлигини бузган ҳолда) хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ҳамда «қизил» йўлакда расмийлаштириладиган товарлар ва транспорт воситалари ўтказилади. Қолган йўлакларда расмийлаштириладиган объектлар улар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек қўйилган идентификациялаш воситалари мавжудлигини тасдиқлаш учун ташқи томондан кўздан кечирилади.

Хавф даражаси ва тегишли йўлак автоматлаштирилган тизим томонидан ТИФ иштирокчиларини тоифаларга ажратиш, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида аниқланади.

Шу тариқа, божхона кўриги қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

● автоматлаштирилган тизим томонидан буюрилганда;

● ДБҚга бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки давлат бошқаруви органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа давлат органлари ва халқаро ташкилотлардан олинган маълумотлар мавжуд бўлганида;

● божхона назоратининг бошқа шаклларини қўллаш натижасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аломатлари мавжудлиги маълум бўлганида;

● божхона назорати остидаги товарлар битта транспорт воситасидан бошқа транспорт воситасига ёки ушбу транспорт воситасига қайта юкланаётганда. Бу ҳолда, шунингдек автоматлаштирилган тизим қўлланганда божхона ходимининг рапорти ва божхона пости бошлиғининг ёзма рухсати мавжуд бўлиши талаб этилмайди.

Автоматлаштирилган тизимда назарда тутилмаган ҳолларда божхона кўриги ўтказилса, унга божхона пости бошлиғининг ёзма рухсати (асосини кўрсатган ҳолда) киритилади ва белгиланган йўлак ўзгартирилади.

Божхона кўриги бошланишидан олдин божхона ходими электрон ёки ёзма равишда божхона кўриги ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида декларантга хабар беради. Олиб кириладиган товар ДБҚ марказий аппаратига уланган видеокузатув тизими билан жиҳозланган жойлардагина кўрикдан ўтказилади. Видеоёзувлар 3 ой давомида сақланади.

Товар хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар етарли бўлмаган ёки уни идентификациялаш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда божхона органининг мансабдор шахси божхона экспертизасини тайинлаб, товардан намуна ва (ёки) синамалар олади. Тартиб-таомил Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар пробалари ва намуналари билан божхона органлари тизимида муомала қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ ўтказилади.

Кўрикдан ўтказиш жараёнида хизмат итлари ва техник воситалардан фойдаланиш, товарнинг декларант томонидан кўздан кечирилиши, далолатнома расмийлаштириш, шунингдек қайта, қўшимча кўрикдан ўтказиш тартиби ҳам белгиланган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара ХИКМАТОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1091 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика