Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 18 / Бухгалтерга тавсиялар

Иш ҳақини ҳисоблаш: алоҳида ҳоллар

 

Иш ҳақи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими – вақтбай, иш натижаларига кўра ёки вақтбай-ишбай бўлишига қараб ҳар ойда ҳисобланади.

 

Ўриндошлик асосида ишлаганда

Қонун ҳужжатларида ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмаган, умумий қоидалар амал қилади.

Ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 5-банди).

Ҳақиқатда бажарилган иш учун меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги келишувга кўра белгиланади (МКнинг 160-моддаси).

Жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатда бошқа шартлар назарда тутилмаган бўлса, ўриндошга асосий ходимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (шакллар ва тизимлар, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва ижтимоий тўловлар) татбиқ этилади.

Ходим ва иш берувчи ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида меҳнат шартномаси тузаётганда меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мустақил белгилашга ҳақли. Асосий талаб – ушбу шартлар Меҳнат кодексида ва корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилганидан кўра ёмон бўлмаслиги керак.

Иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси биринчи разряди бўйича ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас (297-сон Низомнинг 13-банди). Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан биринчи разряд бўйича тариф коэффициенти 2,847 миқдорида белгиланган (ВМнинг 18.01.2019 йилдаги 47-сон қарори). ЭКИҲ 202 730 сўм бўлганда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори 577 172,31 сўмдан (202 730 х 2,847) кам бўлмаслиги керак.

 

ВАЗИЯТ.

0,5 ставкага қабул қилинган ходим бир ойда 21 кун – кунига 4 соатдан ишлади. Тўлиқ иш куни ишловчилар учун норма 168 соат бўлганда жами 84 соат ишлади.

Бухгалтерия унга 577 172,31 сўмдан кам бўлмаган иш ҳақи ҳисоблаши керакми?

Йўқ, ўриндошга иш ҳақи ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳисобланади. Шу сабабли иш ҳақининг қуйи планкаси 577 172,31 сўм эмас, балки 288 586,15 сўм (577 172,31 / 168 х 84) бўлади. 

 

Амалиётда юқори малакали мутахассисларни тўлиқсиз иш кунига ўриндошлик асосидаги ишга қабул қиладилар. Раҳбарият уларни ушлаб қолиш учун худди шундай лавозим ва тўлиқ ставкадаги иш учун штат жадвалида белгиланганига тенг ёки ҳатто ундан кўп миқдорда иш ҳақи белгилашга уринади. Жамоа шартномаси ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатида юқори малакали ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг бошқа шартлари назарда тутилган бўлса, бундай қилиш мумкин.

 

ВАЗИЯТ.

Ўриндош (0,5 ставкага қабул қилинган) ходимга худди шу лавозимда тўлиқ иш куни ишловчи ходимга бўлгани сингари иш ҳақи миқдорини белгилаш мумкинми?

Ҳа, жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатларда юқори малакали ходимлар учун ушбу шартлар назарда тутилган бўлса, мумкин. Мисол учун, лавозим маошига шахсий устама белгилаш мумкин. Ёки буни меҳнат шартномасида назарда тутган ҳолда ойлик мукофот ҳисоблаш.

 

Ўриндошлар меҳнатига қуйидагича ҳақ тўланг:

● меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун;

● меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда (297-сон Низомнинг 11-банди).

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими – вақтбай ёки ишбай бўлишига қараб меҳнат шартномаларига мувофиқ ҳар ой ўриндошларнинг иш ҳақини ҳисобланг.

Ўриндошларингиз туман коэффициентлари ва устамалар белгиланган туманларда ишласа, иш ҳақини ҳисоблаётганда уларни ҳам инобатга олинг.

Вақтбай ҳақ тўланганда ўриндошнинг иш ҳақини ишлаган вақтига мутаносиб равишда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиқиб белгиланг.

 

МИСОЛ. Компанияда юрисконсульт ўриндошлик асосида ишлайди. Штат жадвалида ушбу лавозимда тўлиқ ставка ишлаганда лавозим маоши 4 000 000 сўм миқдорида белгиланган. Февралда 5 кунлик иш ҳафтасида иш кунлари сони – 20, иш соатлари сони – 160 (20 х 8). Юрисконсульт иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра кунига 2 соат ишлаган. Бир ойда жами 40 соат (20 х 2) чиқди.

Иш ҳақини ҳисоблаймиз: 4 000 000 / 160 х 40 = 1 000 000 сўм.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида иш ҳақи ишбай нархлар бўйича ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Компанияда фрезерловчи ўриндошлик асосида ишлайди. Бир ойда 1 200 та деталга ишлов берди. Битта бирлик учун ишбай нарх – 1 500 сўм.

Иш ҳақини ҳисоблаймиз: 1 200 х 1 500 = 1 800 000 сўм.

 

Вақтинча бўлмаган ходимнинг лавозимида ишлаганда

Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби МКнинг 160-моддаси ва 297-сон Низом билан белгиланган.

Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш – ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари бир ташкилотда ўша вақтнинг ўзида бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча ишни бажариши. 

Одатда, мазкур ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида бир неча касб ва лавозимда ишлашга рухсат этилади.

Бир неча касбда ва лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги учун қўшимча ҳақ тўланг. Жамоа шартномасида ёки бошқа локал ҳужжатда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, унинг миқдори тарафлар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

 

МИСОЛ. Компанияда 2 000 000 сўм маош белгиланган кадрлар бўлими инспектори лавозими бўш турибди. Компания ушбу лавозимга алоҳида ходимни топгунига қадар унинг мажбуриятлари юрисконсульт (маоши – 3 000 000 сўм) зиммасига юклатилган. Жамоа шартномасида бўш лавозим бўйича мажбуриятларни бажариш лавозим йўриқномасига мувофиқ ходимнинг функционал мажбуриятларига кирмайдиган бўлса, ушбу лавозим учун белгиланган маошнинг 30%и миқдорида қўшимча тўлов тўланиши назарда тутилган.

Бир неча лавозимда ишлашини ҳисобга олган ҳолда юрисконсульт иш ҳақини ҳисоблаймиз: 3 000 000 + 2 000 000 х 30% = 3 600 000 сўм.

 

МИСОЛ. Маоши 3 000 000 сўм бўлган бўлим бошлиғи 1 февралдан 28 февралгача меҳнат таътилига чиқаяпти. Бу даврда унинг мажбуриятлари директор ўринбосари (маоши – 4 000 000 сўм) зиммасига юклатилади. Жамоа шартномасида вақтинча бўлмаган ходимнинг мажбуриятларини бажариш лавозим йўриқномасига мувофиқ ходимнинг функционал мажбуриятларига кирмайдиган бўлса, бир неча лавозимда ишлаганлиги боис ушбу лавозим учун белгиланган маошнинг 50%и миқдорида қўшимча тўлов тўланиши назарда тутилган.

Бир неча лавозимда ишлашини ҳисобга олган ҳолда директор ўринбосари иш ҳақини ҳисоблаймиз: 4 000 000 + 3 000 000 х 50% = 5 500 000 сўм.

 

Табиий-иқлим шароити ноқулай жойларда ишлаганда

Чўл ёки сувсиз, баланд тоғли жойларда ва табиий-иқлим меҳнат шароитлари ноқулай туманларда ишловчи ходимлар учун туман коэффициентларини қўллаш назарда тутилган. Коэффициентларни ҳисоблаш учун чекланган сумма қуйидаги миқдорни ташкил этади:

● «Навоий КМК» ДК ва Давлат геология қўмитасининг тегишли ҳудудларда жойлашган идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари учун – 6 ЭКИҲ (ВМнинг 24.04.2017 йилдаги 232-сон қарори 2-банди; 1.03.2018 йилдаги ­ПҚ-3578-сон қарорнинг 16-банди);

● қолганлар учун – 4 ЭКИҲ (Солиқ кодексининг 174-моддаси 1-банди; ВМнинг 4.09.1992 йилдаги ­407-сон қарори 4-банди).

Коэффициентлар (ҳудудий, туман, чўл ва сувсиз жойда ишлаганлик учун) ва устамалар қўлланадиган жойлар рўйхати, шунингдек уларнинг миқдори ва қўллаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланади.

Туман коэффициентлари минтақага қараб иш ҳақига 1,1 дан 1,7 гача этиб белгиланган:

Жой (ҳудуд)

 

Ҳудудий коэффициент

 

Асос

 

Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари

 

1,6

 

ВМнинг «Навоий вилояти халқ хўжалиги тармоқлари ходимларининг иш ҳақини ҳудудий тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (20.04.1992 йилдаги 200-сон) («Навоий КМК» ДК ва унинг бўлинмалари бундан мустасно)

 

Навоий вилоятининг Томди ва Учқудуқ туманлари

 

1,5

 

Навоий вилоятининг Конимех, Нурота, Хатирчи, Навбаҳор, Қизилтепа туманлари

 

1,3

 

Навоий тумани (айни пайтда Кармана тумани) ва Навоий шаҳри

 

1,2

 

 

Сувсизлик ва чўл шароитлари учун коэффициент

 

 

Кўкдумалоқ кони, Газли-Нукус газ қувури, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Бухоро вилоятидаги Зафаробод нефть қўйиш эстакадаси – ушбу объектларда бевосита банд бўлган ходимлар учун

 

1,7

 

ВМнинг 3.08.1993 йилдаги 389-сон қарори

 

 

 

ВМнинг 232-сон қарорида «Навоий КМК» ДК ходимлари учун бўлинма жойлашган жойга қараб алоҳида туман коэффициентлари белгиланган:

«Навоий КМК» ДК бўлинмалари

 

(Туман) ҳудудий коэффициент

 

Навоий вилоятининг Зарафшон, Учқудуқ шаҳарларида, Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларида, Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Пешку туманларида, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида

 

1,6

 

Самарқанд вилоятининг Нуробод шаҳрида, Қўшрабод, Нуробод, Пахтачи, Ургут туманларида, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида

 

1,3

 

Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида ва Кармана туманида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида, Китоб туманида, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида, Пискент ва Оҳангарон туманларида

 

1,2

 

 

 

Жойда бир вақтнинг ўзида туман коэффициенти ҳамда чўл ва сувсиз шароитда ишлаганлик учун коэффициент белгиланган бўлса, улар қўшилади. Масалан, жой учун 1,2 туман коэффициенти, шунингдек 1,3 чўл ва сувсиз шароитда ишлаганлик учун коэффициент белгиланган бўлса, жами коэффициент 1,5 га тенг бўлади.

 

МИСОЛ. Корхона Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида жойлашган, ҳудудий коэффициент – 1,5. Ҳисоб-китоб қилиш пайтида ҳудудий коэффициентни ҳисоблаш учун чекланган сумма 202 730 х 4 = 810 920 сўмни ташкил этди.

Бир ойда бухгалтерия 1-ходимга – 1 600 000 сўм, 2-ходимга 800 000 сўм ҳисоблади. Туман коэффициенти бўйича иқлим шароити ноқулай жойда ишлаганлик учун устамалар қуйидаги миқдорни ташкил этади:

1-ходимга – 405 460 сўм (810 920 х 0,5), сабаби унинг иш ҳақи 4 ЭКИҲдан ошган, устама иш ҳақининг 4 ЭКИҲ доирасидаги қисмига ҳисобланади. Устамани инобатга олган ҳолда ҳисобланган иш ҳақи 2 005 460 сўмни (1 600 000 + 405 460) ташкил этади. 

2-ходимга – 400 000 сўм (800 000 х 0,5), сабаби иш ҳақи 4 ЭКИҲдан ошмаган, устама иш ҳақининг бутун суммасига ҳисобланади. Устамани инобатга олган ҳолда ҳисобланган иш ҳақи 1 200 000 сўмни (800 000 + 400 000) ташкил этади.

 

Ноқулай меҳнат шароитида ишлаганлик учун

Иш ўринларини аттестациялаш натижаларига кўра ноқулай (физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган) меҳнат шароитида ишлаганлик учун йиллик қўшимча таътилларни белгиланг (МКнинг 137-моддаси).

Қонун ҳужжатларида фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ноқулай меҳнат шароитида ишлаганлиги учун қўшимча тўлов тўлаш назарда тутилган.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга (ВМнинг 21.12.2005 йилдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган) 2-иловада Соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари ўта оғир бўлганлиги муносабати билан уларда ишлаш ходимлар тариф ставкаларига қўшимча тўлов белгилаш ҳуқуқини берадиган муассасалар ва уларнинг бўлинмалари, шунингдек лавозимлар рўйхати белгиланган.

 

МИСОЛ. 10-разряддаги олий тоифали шифокор-жарроҳнинг маоши 10,528 тариф коэффициентига мувофиқ 2 134 341,44 сўмни (202 730 х 10,528) ташкил этади. Унга қўшимча тўлов – энг янги технологияларни ва замонавий асбоб-ускуналарни қўллаганлиги учун 25% тўланиши назарда тутилган (Рўйхатнинг 2.1-банди).

Қўшимча тўловни инобатга олган ҳолда шифокорга ҳисобланган иш ҳақи: 2 134 341,44 + 2 134 341,44 х 0,25 = 2 667 926,8 сўм.

 

Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда банд бўлган ходимлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган шўр сув, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланади. Корхонанинг бундай таъминлаш харажатларига жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 1-банди).

 

Вақтинча бошқа ишга ўтказилганда

Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бу ҳолда ходимга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади (МКнинг 95-моддаси).

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаётганда Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова) амал қилинг.

Ўртача ойлик иш ҳақини кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланг (Тартибнинг 5-банди).

 

МИСОЛ. Меҳнат ва иш ҳақи бўлими бошлиғининг ўринбосари ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан 1 мартдан вақтинча ҳисоб-китоб бухгалтери бўш лавозимига ўтказилди. Ўтказиш тўғрисидаги буйруқда унинг меҳнатига аввалги лавозими бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиши кўрсатилган.

Унга январда 2 000 000 сўм, февралда 2 200 000 сўм ҳисобланган. Ҳисоб-китоб бухгалтерининг мартдаги маоши – 1 800 000 сўм. Ходим 1 мартдан 31 мартгача янги лавозимда ишлади. Мазкур ходимнинг март ойи учун ҳисобланган иш ҳақи қанча бўлади?

Аввалги иши бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 2 100 000 сўмни ((2 000 000 + 2 200 000) / 2) ташкил этади. Ҳисоб-китоб бухгалтерининг маоши бўлим бошлиғи ўринбосарининг маошидан кам бўлганлиги сабабли март ойи ва кам ҳақ тўланадиган лавозимда ишлаган бошқа барча тўлиқ ойлар учун ходимнинг аввалги лавозими бўйича ўртача иш ҳақи – 2 100 000 сўм сақланиб қолади.

 

Вахта усулида ишлаганда

Ишларни вахта усулида ташкил этганда Олисдаги ва ўта муҳим объектларда қурилиш-монтаж ишларини бажаришда вахта усули тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 28.11.1998 йилда 551-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилинг.

Вахта усули – ишларни ташкил этишнинг алоҳида шакли, бунда сменадаги (вахтадаги) ходимлар доимий яшаш жойидан анча олисда жойлашган ишлаб чиқариш объектларига (участкаларига) мунтазам равишда олиб борилади. Ходимлар вахта посёлкаларида ёки махсус жиҳозланган жойларда яшаб, ўзига хос ишлаш ва дам олиш режимида меҳнат қиладилар.

Одатда, ишлар вахта усулида ташкил этилганда ой, чорак ёки бошқа узунроқ, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун иш вақтининг жамлама ҳисоби белгиланади.

Вахта усулида ишлаганда меҳнатга қуйидагича ҳақ тўланг:

● вақтбай ишчиларга – белгиланган тариф ставкаларидан келиб чиқиб ҳақиқатда ишлаган барча соатлари учун;

● ишбай ишчиларга – комплекс яхлитланган ва бошқа амалдаги нархлар бўйича бажарилган ишлар ҳажми учун;

● усталар, прораблар, участка (смена) бошлиқлари ва объектда бевосита раҳбарлик қилувчи бошқа линия (цех) ходимларига – тегишли маошларга белгиланган тариф ставкаларидан келиб чиқиб жадвал бўйича ҳақиқатда ишлаган барча вақт (соатларда) учун. Ойлик маошни календардаги ҳисоб-китоб ойи бўйича иш соатлари сонига бўлиш орқали ходимларнинг соатбай ставкасини аниқланг;

● вахтада ишловчи бошқа раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчиларга – белгиланган ойлик лавозим маошларидан келиб чиқиб ҳақиқатда ишлаган вақт учун (кунларда).

 

МИСОЛ. Қурилиш объектида вахта усулида иш олиб борилади. Ҳисобга олинадиган давр – бир йил. Иш жадвалига кўра иш сменаси давомийлиги – 12 соат. 5 кунлик иш ҳафтасида 8 соатлик нормал меҳнат шароитларида ходим: январда – 168 соат, февралда 160 соат ишлаши керак.

15 кунлик вахтадаги иш жадвалида (1 январдан 15 январгача, 1 февралдан 15 февралгача) қуйидагича ишланган: январда – 172 соат, февралда – 172 соат. Ходимга тариф бўйича – ойига 3 000 000 сўм ҳақ тўланиши белгиланган.

Ортиқча ишланган соатларга ҳақ тўлаш учун соатбай тариф ставкаси қандай ҳисобланади?

Ходим январда 4 соат (172 – 168), февралда 12 соат (172 – 160) ортиқча ишлаган. 2 ойда ортиқча ишланган соатларнинг умумий сони 16 соатга (4 + 12) тенг ва ҳ.к. Ҳисобга олинадиган давр учун (календарь йил тугаганда) ортиқча ишланган соатларнинг умумий сони – 26 соат.

Иш вақтининг жамлама ҳисобида ҳисобга олинадиган давр доирасида соатлар нормасига риоя этилиши мумкин, сабаби бир ойда иш вақтининг нормал давомийлигига нисбатан ходим ортиқча ишлаган бўлиши, бошқасида эса кам ишлаган бўлиши эҳтимол.

Яхлит иш кунларига баробар бўлмаган иш вақтида ортиқча ишланган соатлар календарь йил давомида вахталар оралиғида дам олинадиган яхлит иш кунларига жамланади. Ходим ишдан бўшаганда ёки календарь йил тугаганда ортиқча ишланган соатларга жамоа шартномасига мувофиқ ҳақ тўланади.

Бизнинг ҳолатда ҳисобга олинадиган давр бир йил бўлганлиги боис ўртача йиллик соатбай тариф ставкасини аниқлаймиз.

2019 йилдаги ўртача ойлик иш соатлари сони:

2 003 / 12 = 166,92 соат (2 003 – 2019 йилда 5 кунлик иш ҳафтасидаги иш соатлари сони).

Ортиқча ишланган соатлар суммасини ҳисоблаш учун соатбай тариф ставкаси 17 972,68 сўмни (3 000 000 / 166,92) ташкил этади.

Ортиқча ишланган соатлар учун 467 289,68 сўм (17 972,68 х 26) ҳисоблаш лозим.

 

Бекор туриб қолишда

Ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади (МКнинг 159-моддаси).

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаётганда Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига амал қилинг.

Ўртача ойлик иш ҳақини кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланг (Тартибнинг 5-банди).

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини созловчига январь учун 3 000 000 сўм, февраль учун 3 400 000 сўм иш ҳақи ҳисобланди. Март ойидаги маош – 3 400 000 сўм. Мартда иш кунлари – 20, шундан 15 кун ишланган, 5 кун эса бекор туриб қолинган.

Ўртача ойлик иш ҳақи 3 200 000 сўмни ((3 000 000 + 3 400 000) / 2) ташкил этади.

Бекор туриб қолинган кунлар учун тўлов: 3 200 000 / 20 х 5 = 800 000 сўм.

Март учун ҳисобланган иш ҳақи: 3 400 000 / 20 х 15 + 800 000 = 3 350 000 сўм.

 

Ходимнинг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди.

 

Яроқсиз маҳсулот тайёрланганда

Ходимнинг айбисиз яроқсиз маҳсулот тайёрланганда унинг ўртача иш ҳақи сақланади (МКнинг ­159-моддаси).

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаётганда Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига амал қилинг.

Ўртача ойлик иш ҳақини кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланг (Тартибнинг 5-банди).

 

МИСОЛ. Токарга январь учун 2 200 000 сўм, февраль учун 2 300 000 сўм ҳисобланди. Мартда ходим буюртмачи чизмаларига кўра деталларни тай­ёрлади. Ой охирида иш берувчи ходимга нотўғри чизмаларни бергани маълум бўлди, шу сабабли тайёрланган деталлар яроқсиз деб топилди.

Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 250 000 сўмни ((2 200 000 + 2 300 000) / 2) ташкил этади. Иш берувчи март ойи учун унга шу миқдорда иш ҳақи ҳисоблаши керак.

 

Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун жамоа шартномасида белгиланган камайтирилган баҳоларда ҳақ тўланг. У тузилмаган бўлса, уларнинг миқдорини мустақил равишда белгилаб, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишинг.

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш технологияси бузилгани учун 1 000 та деталдан 100 таси қисман яроқсиз бўлиб чиқди. Ходимнинг меҳнатига ишбай баҳолар бўйича тўланадиган ҳақ битта деталь учун 2 000 сўмни ташкил этади. Жамоа шартномасида ходимнинг айби билан қисман яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ишбай баҳонинг 10%и миқдорида ҳақ тўланиши назарда тутилган.

Иш ҳақи ҳисоб-китоби: 900 дона х 2 000 + 100 дона х 2 000 х 10% = 1 820 000 сўм.

Ходимнинг айби билан тайёрланган тўла яроқсиз маҳсулот учун ҳақ тўланмайди.

 

Мажбурий прогулда

Мисол учун, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаслик, иш берувчи органнинг ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги меҳнат низосини кўриб чиқиш бўйича қарорини бажармаслиги ва иш берувчининг айби билан бошқа сабабларга кўра юзага келган мажбурий прогул учун ходимнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб ҳақ тўланади.

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаётганда Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига амал қилинг.

Ўртача ойлик иш ҳақини кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланг (Тартибнинг 5-банди).

 

МИСОЛ. Ходимга февраль учун 2 000 000 сўм, март учун 2 200 000 сўм ҳисобланди. Апрелда маош 2 200 000 сўмни ташкил этади. Февраль–март учун ўртача ойлик иш ҳақи 2 100 000 сўмни ((2 000 000 + 2 200 000) / 2) ташкил этади.

Апрелда – 22 иш куни. Шундан 5 иш куни – мажбурий прогул, қолган 17 кун ишланган.

Апрель учун ҳисобланган иш ҳақи:

мажбурий прогул учун – 477 272,73 сўм (2 100 000 / 22 х 5);

ишланган 17 кун учун – 1 700 000 сўм (2 200 000 / 22 х 17);

ҳисобланган умумий сумма – 2 177 272,73 сўм (477 272,73 + 1 700 000).

 

Ходимнинг айби билан йўл қўйилган прогуллар учун ҳақ тўланмайди.

 

Наталья КЛЕВЦОВА,

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва
меҳнат муносабатлари вазирлигининг Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бошқармаси бош мутахассиси.

 

Прочитано: 6178 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-07-15 22:34:38, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика