Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 11 / ҚҚС ҳақида

Ваучер – имтиёз бериш учун ҳужжат

 

Хусусий корхона (меҳмонхона, ИФУТ коди – 55100) мувофиқлик сертификати ва меҳмонхона хизматлари (яшаш, овқатлантириш ва қўшимча хизматлар) кўрсатиш учун «Ўзбектуризм» МК лицензиясига эга. 2019 йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтганлиги боис ҚҚС тўловчисига айланди.

Меҳмонхона хизматларни реализация қилиш ҳажмини (қарийб 80%) ЎзР туристик компаниялари билан тузилган шартномалар бўйича олади. «Viza» ва «Master Card» валюта карталари бўйича ҳам реализация қилиш ҳажмига эга.

Бундан ташқари, хорижий – туристик ва бошқа соҳадаги компаниялар билан бир марталик экспорт шартномалари асосида хизматлар кўрсатади. Туристик компаниялар айни пайтда туристларга ваучерлар бермаяпти. Биз уларни туристик компания юборадиган буюртманомалар бўйича қабул қилаяпмиз.

1. Меҳмонхона туристик компанияга ҳисобварақ-фактура тақдим этаётганда Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-бандига мувофиқ ҚҚСдан озод этишга доир имтиёзни қўллаши мумкинми?

2. Шу жумладан туристик визаларга эга бўлган мижозларга «Viza» ва «Master Card» карталари билан тўланган экспорт меҳмонхона хизматларига ҚҚС солинадими?

3. Ишбилармонлик сафарларига хизмат кўрсатиш бўйича, шунингдек туристларнинг яшаши бўйича бир марталик экспорт контрактларига ҚҚС солинадими?

 

1. Хизмат бўйича имтиёз

Туристик компания меҳмонхона хизматларини кўрсатганда ҚҚС бўйича имтиёзни қўллаши (солиқдан озод қилиниши) тўғрисидаги саволга Солиқ кодексида етарлича аниқ жавоб берилган.

Туристик-экскурсия хизматларини реализация қилиш обороти ҚҚСдан озод этилади. Бундай хизматлар жумласига сафар таркибида назарда тутилган туристик хизматлар кўрсатиш учун йўлланманинг (ваучернинг) қийматига киритилган барча туристик-экскурсия хизматлари киради. Барча туристик-экскурсия хизматлари туристик хизматлар кўрсатиш шартномасида белгиланган транспортда хизмат кўрсатишдан, яшаб туришга, овқатланишга доир хизматлардан, экскурсия хизмати, маданий, спорт дастурларини ташкил этиш хизматлари ва бошқа хизматлардан иборат бўлади (Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-банди).

Хулоса: меҳмонхона ваучер асосида туристларга яшаш ва овқатлантириш хизматларини кўрсатаётган бўлса, ҚҚСдан озод қилишга доир имтиёзни қўллаш мумкин – туристик ташкилотга ҳисобварақ-фактура ҚҚСсиз ёзиб берилади. ҚҚС бўйича имтиёзни қўллаш асоси сифатида чиқувчи ҳисобварақ-фактуралар билан бирга туристик компанияларнинг ваучерларини ҳам сақлаш лозим.

 

2. Хизматларни экспорт қилиш

Шуни қайд этиш лозимки, Солиқ кодексида ҚҚС солиш мақсадида «хизматларни экспорт қилиш» тушунчаси қўлланилмаган. Солиқ кодексининг VII «Қўшилган қиймат солиғи» бўлимида «хизматларни реализация қилиш жойи» тушунчаси мавжуд (Солиқ кодексининг 202-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб ҳисобланса, уларни реализация қилиш оборотларига ҚҚС солинади. Агар бошқа соҳалар қатори, хизматлар ҳақиқатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туризм соҳасида кўрсатилаётган бўлса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 3-банди).

Хулоса: «Viza» ва «Master Card» валюта карточкалари билан ҳақи тўланган меҳмонхона (яшаш ва овқатлантириш) хизматлари кўрсатилганда хизмат ЎзР ҳудудида кўрсатилган, бинобарин, унга ҚҚС солинади.

Бу ҳолда Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-бандига мувофиқ имтиёзни қўллаш мумкинми? Фикримизча, йўқ. Бу ҳолда меҳмонхонада яшовчи норезидент турист ҳисобланади (туристик визага эга), бироқ унда ваучер йўқ. Имтиёз эса ваучер асосида берилади. Бунда меҳмонхонангиз хизматлари йўлланмага (ваучерга) алоҳида хизматлар шаклида киритилган бўлиши керак.

 

3. Туристларга хизмат кўрсатиш бўйича норезидент билан тузилган контракт

Ишбилармонлик сафари билан келган мижозларга кўрсатиладиган меҳмонхона хизматлари ҚҚС бўйича имтиёзга эга эмас.

Хорижий туристик фирма билан тузилган контракт бўйича туристлар келиб, меҳмонхонангизнинг хизматлари ажратиб кўрсатилган йўлланма (ваучер) тақдим этсалар, ҚҚС бўйича имтиёзни қўллашга ҳақли бўласиз. Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-бандида хизматларга фақат ЎзР ваучери асосида имтиёз берилади, дея қайд этилмаганидан ана шундай хулосага келиш мумкин. 1975 йилдаги Халқаро меҳмонхона конвенциясига (МГА/ФУААВ) биноан, ваучер – дунёнинг исталган мамлакатидаги турагент берадиган ҳужжат.

Йўлланма (ваучер) бўлмаса, Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-банди матнидан келиб чиққан ҳолда, имтиёзни қўллай олмайсиз.

Туркомпания билан шартнома тузаётганда ҳужжатлар расмийлаштирилишини, шу жумладан турист ёки туристлар гуруҳига йўлланма (ваучер) берилишини ҳам назарда тутишни тавсия этамиз.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

Прочитано: 39 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика