Корхонамиз ходимларни тез-тез меҳнат таътилидан чақириб олишига тўғри келади. Меҳнат таътилига чиқаётганда таътил пули тўлиқ ҳисобланади, бироқ таътилдан чақириб олганда чақириб олинган кунларга мутаносиб сумманинг бир қисми чегириб қолинади. Тўғри, бу ходимларга ёқмайди. Бироқ таътилнинг қолган қисми берилаётганда пуллик нисбатда компенсация тўланади.
Ходим меҳнат таътилидан чақириб олинганда (унинг розилиги билан) таътил пулини қандай ҳисоблаш керак? Таътил пулининг бир қисми ушлаб қолинадими?
– Таътилдан чақириб олинган ходимга биринчи иш кунидан иш ҳақи ҳисобланиши керак. Ходимга чақириб олинган кунлар учун тўланган таътил пулини иш ҳақи ҳисоблаётганда аванс сифатида инобатга олиш мумкин.
Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади (МКнинг 148-моддаси). Ходимга таътил пули тўланаётганда аванс сифатида берилади. Берилган таътил пули 4210-«Меҳнат ҳақи бўйича берилган аванслар» счётида акс эттирилади (Йўриқноманинг 181-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).
Дт 4210-«Меҳнат ҳақи бўйича берилган аванслар»
Кт 5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари».
Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг энг оз муддатидан (15 иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин (МКнинг 151-моддаси).
Ой якунларига кўра ходимга ҳисобот ойида ҳақиқатда фойдаланилган меҳнат таътили кунлари учун – таътил пули, меҳнат таътили учун – компенсация, ишланган кунлар учун – иш ҳақи ҳисобланади:
Дт 2010-«Асосий ишлаб чиқариш»
Кт 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш».
Таътил пули тарзида илгари берилган аванс ҳисобга олинади:
Дт 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»
Кт 4210-«Меҳнат ҳақи бўйича берилган аванслар».
Таътилдан муддатидан аввал чақириб олинган ходим фойдаланилмаган таътил пулини қайтармаслиги мумкин, уни юқорида кўрсатилган проводка билан ишланган кунлар учун иш ҳақи ҳисобига киритса бўлади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.