2019 йилда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган корхона жорий йил 15 январдан янги қурилган уйдаги квартира эгасига айланди. Кадастрда квартира майдони – 125 кв.м ва у 8 қаватли уйнинг 5-қаватида, уй эса 2-зонада жойлашгани кўрсатилган. Кўп квартирали уй эгаллаган ернинг умумий майдони ҳақида маълумотлар йўқ.
Корхона ер солиғи тўлаши керакми? Агар керак бўлса, солиқ суммаси қандай ҳисобланади?
– Ҳа, корхона ер солиғи тўловчиси ҳисобланади. Кўп квартирали уйдаги квартирага мулк ҳуқуқи ўтганда корхонангизга ер участкасининг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам ўтади (ФКнинг 482-моддаси; ЕКнинг 22-моддаси). Демак, шу пайтдан эътиборан сизда ер солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади (Солиқ кодексининг 278-моддаси).
Кўп квартирали уйлар билан бўлган ҳолда юридик шахс – квартира эгаси фойдаланилаётган ер участкаси майдонидаги ўз улуши учун ер солиғи тўлайди. Квартира эгасининг ер участкаси ҳажми кўп квартирали уй эгаллаган майдондан келиб чиқиб, квартира умумий майдонининг кўп квартирали уйнинг умумий майдонига нисбатини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади. Шу тариқа ҳисобланган ер участкаси майдони солиқ солинадиган база ҳисобланади. Солиқ суммасини ҳисоблаб чиқариш учун ер майдонини ер солиғи ставкасига кўпайтириш лозим. 2019 йилги ер солиғи ставкалари Президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорига 16-иловада тасдиқланган.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.