Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 07 / Олий мажлис қонунчилик палатасида

Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолияти қониқарлими?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида таркиб топган янги анъанага мувофиқ, навбатдаги «Ҳукумат соати» ўтказилди.

 

Қуйи палатадаги депутатлар бирлашмалари таклифларига кўра, «Ҳукумат соати»да кўриб чиқиш учун «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни доирасида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги масала киритилди.

Мазкур масала юзасидан депутатлар саволларига Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов атрофлича жавоб қайтарди.

Қайд этилганидек, кейинги пайтларда мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш, улар фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, юртимизда 2008–2016 йиллар давомида фақатгина 3 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармон ва қарорлари асосида кейинги қисқа вақт мобайнида уларнинг сони 21 тага етказилди. Бугунги кунда республика бўйича 10 та эркин ишлаб чиқариш зонаси, 8 та фармацевтика, 1 тадан туризм, балиқ хўжалиги ҳамда агросаноат соҳасини ривожлантириш йўналишидаги эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда.

Вазирнинг ахборотида таъкидланганидек, эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 3 660,5 миллион долларга тенг (улардан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 1 544 миллион доллар) 629 та лойиҳа маъқулланган. Мазкур лойиҳаларнинг 158 таси ҳаётга татбиқ этилган, 431 таси амалга оширилмоқда, яна 40 таси эса истиқболли лойиҳадир. Хусусан, ўтган давр мобайнида маъмурий кенгашлар томонидан маъқулланган умумий қиймати 1045,5 миллион долларга тенг 158 та лойиҳа амалга оширилган ва бунинг натижасида 9 746 та янги иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, фаолиятини бошлаган корхоналар томонидан жами 4,9 триллион сўмлик ишлаб чиқариш ҳажмига эришилди ва 197 турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Лойиҳалар доирасида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлган енгил саноат, кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, электр техникаси буюмлари, замонавий қурилиш материаллари, мебель ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхоналар томонидан жами 194 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Айни пайтда умумий қиймати 721 миллион долларлик 40 та истиқболли лойиҳа бўйича ҳудудий маъмурий кенгашлар томонидан эркин иқтисодий зоналар иштирокчиси мақомини олиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 октябрдаги фармонига мувофиқ, эркин иқтисодий зоналар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди. Уларнинг иштирокчилари бир қатор тўловлардан озод қилинди.

«Ҳукумат соати»да бу борада эришилаётган натижалар билан бир қаторда, соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммо ва ечилиши лозим бўлган масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, айрим эркин иқтисодий зоналарда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларини қуриш билан боғлиқ масалалар ҳалигача охирига етказилмаган. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилинмагани сабабли, ушбу зоналарга инвесторларни жалб қилиш ишлари қийин кечмоқда. Эркин иқтисодий зоналарга бириктирилган тижорат банклари томонидан дирекция фаолиятига кўмаклашиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклиф киритиш бўйича етарлича ташаббус кўрсатилмаяпти. Баъзи вилоят маъмурий кенгашлари томонидан эркин иқтисодий зоналарда лойиҳалар аниқ ҳисоб-китобларсиз жойлаштирилиши натижасида айрим фаолият турлари учун сунъий имтиёз берилишига ва бу, ўз навбатида, бозордаги рақобат муҳитининг бузилишига олиб келмоқда.

Шу боис, тадбирда депутатлар мамлакатимизда мавжуд эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат, шунингдек, фармацевтика зоналарида фаолият юритаётган, экспортга маҳсулот чиқараётган, инновацион, юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил қилган бизнес субъектлари ва тадбиркорларга берилаётган қўшимча имкониятлар, имтиёз ва преференцияларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масаласига вазир эътиборини қаратди. Айниқса, парламент аъзолари хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун мамлакатимизнинг инвестиция салоҳиятини жаҳон бизнес ҳамжамиятига тўла намоён этишга қаратилган, сармоя киритишга интиладиган инвесторлар учун ҳудудлар ва тармоқлар бўйича инвестиция лойиҳаларини шакллантиришда ягона, комплекс ёндашувларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этдилар. 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган, эркин иқтисодий зоналар фаолияти, бу борадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонунни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, уни давр руҳига уйғун ҳолда янада такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасини Глобал рақобатбардошлик рейтингига киритиш, мамлакат рақобатбардошлиги даражасини тизимли равишда ошириб бориш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

«Ҳукумат соати»да берилган савол-жавоблардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан вазирлик фаолиятини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, кескин жонлантиришга, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган қатор фикр-мулоҳаза ва амалий таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида Қонунчилик палатаси қўмиталарига соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.

 

Прочитано: 1686 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика