Хусусий корхонамиз 2019 йилда корхона мулкдорига ўтган йиллар учун фойда тўламоқчи.
Фойдани тўлаётганда солиқларни тўлашимиз керакми?
– Мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижорат ташкилоти хусусий корхона деб эътироф этилади («Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси). Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин ХК мулкдори тасарруфида қоладиган фойда суммасига солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 6-банди). Яъни барча солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган ХКнинг соф фойдаси (8700-счётда ҳисобга олинади) жисмоний шахс – ХК мулкдорининг мулкий даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси).
Корхона мулкдори жамғарилган соф фойда суммасини олиб, уни ўз хоҳишига кўра тасарруф этиши мумкин, ушбу даромадга ЖШДС солинмайди. Уни тўлаётганда корхона ҳам ҳеч қандай солиқ тўламайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.