Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 07 / Ислоҳот одимлари

Марҳамат, «фронт-офис»лар ишга тушди!

 

2019 йил 1 февралидан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексининг бир қатор божхона постларида республикамизда илк маротаба «фронт-офис»лар ўз фаолиятини бошлади.

 

Мазкур дастлабки лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонида (24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон) назарда тутилган эди.

Фармон ижроси доирасида ўтган қисқа муддат давомида Давлат божхона қўмитаси томонидан тегишли ташкилий-ҳуқуқий ишлар амалга оширилди. «Фронт-офис»лар фаолият юритишлари учун божхона постларида алоҳида иш жойлари, компьютер техникалари ва бошқа зарур анжомлар ­муҳайё қилинди. Дастлабки босқичда юзлаб номзодлар орасидан танлов асосида 60 нафарга яқин «фронт-офис» хизматчилари саралаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳани ишга тушириш жараёнида Озарбайжон, Грузия, Россия ва Беларусь каби давлатларнинг тажрибалари чуқур ўрганилди.

Хўш, «фронт-офис» нима ўзи?

«Фронт-офис»лар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи махсус шахслар гуруҳи бўлиб, улар ҳудудий божхона бошқармалари билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида фаолият кўрсатадилар.

«Фронт-офис» хизматчилари асосан тадбиркорнинг мурожаатлари асосида божхона юк декларациясини тўлдириш ва тадбиркорга ўз ваколати доирасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини таништириш билан шуғулланади.

Бу жараёнда улар божхона назорати зонасига кириш, божхона масалалари бўйича божхона ходимларидан белгиланган тартибда маслаҳатлар ва маълумотлар олиш ҳуқуқига ҳам эгалар.

Содда қилиб айтганда, тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириш учун тўғридан-тўғри «фронт-офис» хизматчиларига мурожаат қилиб, бу жараёнда зарур бўладиган ҳужжатларни, шунингдек товар кодлари ҳамда божхона қиймати тўғрисида маълумотларни тақдим этса, кифоя.

Бунда «фронт-офис» хизматчиси декларацияни электрон дастурда тўлдиради. Сўнгра тадбиркор ­тайёр декларацияни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган ҳолда тегишли ахборот тизими орқали божхона органларига тақдим қилади.

Бинобарин, 2018 йилнинг 1 июлига қадар божхона юк декларацияларини фақатгина тегишли малака аттестатига эга бўлган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларгина тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқига эга эди. Бу эса тадбиркорлар божхона брокерлиги идораларига мурожаат этишга ва бунинг учун озми-кўпми, харажат қилишга мажбур бўлишар эди.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорларимизга божхона юк декларациясини мустақил равишда тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқи берилди. Лекин барча тадбиркорлар ҳам бу борада бирдек салоҳиятга эга эмаслигини инобатга олсак, «фронт-офис»лар фаолияти ТИФ иштирокчилари, бизнес вакиллари учун айни муддаодир.

«Фронт-офис» гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида унинг хизматчилари ДБҚ Божхона институтида 1 ойлик ўқув курсларида малака оширадилар.

Мазкур лойиҳа доирасида божхона юк декларациясини тўлдириш учун тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ТИФ иштирокчисига юкланади. Лойиҳа натижаларидан келиб чиқиб, кейинчалик бошқа ҳудудий божхона бошқармаларида ҳам унинг жорий этилиши назарда тутилган.

«Фронт-офис»лар фаолиятининг давлатимиз томонидан молиялаштирилиши тадбиркорларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги намунаси бўлди, дейиш мумкин, албатта.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.

 

Прочитано: 1566 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика