Айрим уддабурон «тадбиркорлар» бизнесга қўл ураётганда «Қаловини топсанг – қор ҳам ёнади» деган нақлни ўзларига қурол қилиб олишади шекилли. Аслида бу ибора ижобий маънода ишлатилган бўлса-да, контрабандачилар халқ оғзаки ижодини ҳам ўзлаштириб юборишган кўринади.
Қўшни давлатдан кириб келган Т.М.нинг хатти-ҳаракатлари Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Сариосиё» чегара божхона пости ходимларида шубҳа уйғотади. Фуқаро холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, унинг оёғининг юқори қисмида, яъни кийимлари остида оғзаки сўровда айтилмаган, декларацияда кўрсатилмаган 20 дона «Nokia» қўл телефонлари «чиқиб келди».
Бу ҳаракатлари билан «уддабуронлар» Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори (16.10.2018 йилдаги 828-сон) билан белгиланган божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларини бузганликларини билишармикин?..
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари бошлаб юборилган.
ДБҚ Ахборот хизмати.