«А» корхонаси янги ишлаб чиқариш технологик жиҳозини сотиб олди. У фаолиятда қўлланилмади ва муассислардан бирига устав фондидаги улушини камайтириш ҳисобига берилди.
Кейинчалик муассис мазкур жиҳозни «В» корхонасининг устав фондини кўпайтириш ҳисобига ҳисса сифатида киритади. Яъни жиҳозни «А» корхонаси сотиб олди, энди эса ундан «В» корхонаси фойдаланмоқда.
Муассис-жисмоний шахсдан ҳисса сифатида янги технологик жиҳозни олган «В» корхонаси солиқлар бўйича имтиёзларни қўллаши мумкинми?
– «В» корхонаси солиқлар бўйича имтиёзларни қўллай олмайди.
Устав фондига ҳисса сифатида жиҳозни олган корхона янги технологик жиҳозни фойдаланишга жорий этиш билан боғлиқ солиқлар бўйича имтиёзларни қўллай олмайди. Уларни фақат жиҳозни сотиб олишга бевосита харажат қилган ва кейинчалик уни фойдаланишга жорий этган корхоналаргина қўллай олади.
Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахслар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби Низом (АВ томонидан 25.08.2017 йилда 2918-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.
Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахсларга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ЯСТ бўйича имтиёзлар тақдим этилади (Низомнинг 3-банди). Инвестициялар деганда янги технологик жиҳозни сотиб олишга маблағларни йўналтириш тушунилади.
Чунончи, ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база янги технологик жиҳозни харид қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига, бироқ 25%дан ортиқ бўлмаган суммага камайтирилади.
Солиқ солинадиган база юқорида тилга олинган харажатлар амалга оширилган солиқ давридан бошлаб 5 йил давомида, технологик жиҳоз бўйича эса у фойдаланишга жорий этилган пайтдан бошлаб камайтирилади.
Технологик жиҳозлар харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб 3 йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган бўлса, солиқ имтиёзлари бекор қилинади ва уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади (Низомнинг 18-банди).
Импорт қилинган жиҳознинг муассис улушини камайтириш ҳисобига берилиши реализация қилиш сифатида баҳоланади. Сизнинг ҳолатда бу асосий воситани реализация қилиш эмас, балки товарни реализация қилишдир, сабаби жиҳоздан корхонанинг ўзи фойдаланмаган (Солиқ кодексининг 22-моддаси; АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМС).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.