Корхонанинг (МЧЖ, ЯСТ тўловчи) фаолият тури – тикув ишлаб чиқариши. Муассис битта. Устав фонди пул, тикув машиналари, тикув ишлаб чиқаришида фойдаланиладиган фурнитура ва мебель билан шакллантирилган. Муассис улушини сотишга қарор қилди. Ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдаси бор. Улуш сотилаётганда бу фойда тақсимланмайди.
1. Тақсимланмаган фойдани нима қилиш керак?
2. Чиқиб кетган муассис олмаган ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдаси корхона учун бошқа даромад ҳисобланадими?
3. Янги муассис муайян вақт ўтгач тақсимланмаган фойдани олиши мумкинми?
1 |
Агар муассис сотишни расмийлаштиргунга қадар жамғарилган фойдани тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилмаган бўлса, у кейинчалик ҳам корхонанинг тақсимланмаган фойдаси счётларида (8700) ҳисобга олинаверади.
2 |
Йўқ, жамғарилган (тақсимланмаган) фойданинг қолган суммаси корхона учун даромад ҳисобланмайди. Даромадни тан олиш учун муассис:
► жамғарилган фойдани тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилиши;
► 10%лик ставкада дивидендлардан солиқ тўлаши (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорнинг 3-банди);
► фақат шундан кейингина уни корхона тасарруфида қолдириши керак.
Бу ҳолда фойда корхона учун даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132, 135-моддалари) ва унга асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади.
3 |
Ҳа, мумкин. Жамиятнинг устав фондидаги улушни (улушнинг бир қисмини) олувчига жамият иштирокчисининг мазкур улушдан воз кечишига қадар юзага келган барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўтади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси 11-қисми). Улуш сотилгунга қадар муассисга дивидендлар тўланмаганлиги сабабли уларни олиш ҳуқуқи янги муассисга ўтиши керак.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.