Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш, қурилиш ва фойдаланишга қабул қилишнинг янги тартиби жорий этилмоқда
Президентнинг 14.11.2018 йилдаги «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5577-сон Фармони қабул қилинди. Ушбу шарҳда 2018 йил 1 декабрдан бошлаб киритиладиган ўзгартиришлар ҳақида сўз юритамиз.
Қурилиш лойиҳасининг смета қисмини экспертизадан ўтказиш
Белгиланишича, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб ишлар тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётганда қурилиш лойиҳаларининг смета қисми мажбурий экспертизадан ўтказилмайди. Қолган ҳолларда, аксинча, қандай объект бўлишидан қатъи назар, сметани экспертизадан ўтказиш мажбурий бўлади.
Шу ўринда ҳозир қонунчиликда 2 турдаги экспертизани ўтказиш назарда тутилганини қайд этиб ўтамиз:
► айрим инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни комплекс экспертизадан ўтказиш – нафақат смета қисмини ўз ичига олади (қурилиш билан ҳам чекланмайди);
► шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш – қурилиш масалалари билан бевосита боғлиқ (20.02.2018 йилдаги ПҚ–3550-сон қарорга 1-илова ва 16.07.2018 йилдаги ПҚ–3857-сон қарорга илова).
Бироқ қабул қилинган Фармонда экспертизанинг қайси тури ҳақида сўз бораётгани аниқлаштирилмаган. Соҳа мутахассислари бунда комплекс экспертиза назарда тутилган деган фикрдалар.
Маълумот учун: бугунги кунда молиялаштириш манбаи лойиҳа ЛБМА қошидаги Марказда комплекс экспертизадан ўтказилиши ёки ўтказилмаслигига жиддий таъсир кўрсатмайди. Масалан, хусусий инвесторлар молиялаштирадиган стратегик фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва/ёки қайта ишлаш лойиҳалари барибир комплекс экспертизадан ўтказилиши шарт. Xалқаро молия институтлари ёки хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар эса, ҳатто улар давлат кафолати остида бўлса ҳам – экспертизадан ўтказилиши керак эмас (20.02.2018 йилдаги ПҚ–3550-сон қарорга 1-илова). Бунинг ўрнига халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлариТ иштирокидаги лойиҳалар бўйича техник-иқтисодий асосланмалар экспертизаси ва ҳисоб-китобларни Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги амалга оширади (16.07.2018 йилдаги ПҚ–3857-сон қарорга 1-илова). Агар қабул қилинган Фармон айнан комплекс экспертизага дахл қилса, ҳаммаси буткул аксинча бўлиши мумкин.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизаси эса, агар у марказлаштирилган манбалардан молиялаштирилмаса, қурилишнинг смета қисми бўйича ўтказилмайди ва давлат иштирокидаги ташкилот буюртмачи сифатида иштирок этмасдан ўтказилади (ВМнинг 22.01.2016 йилдаги 15-сон қарорига 4-илова).
Қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилиш
Шунингдек 2018 йил 1 декабрдан бошлаб қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи, пудратчи (бош пудратчи) вакиллари иштирокида амалга оширилади. Давлат харидлари субъектлари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш бундан мустасно.
Ҳозир ШНҚ 3.01.04-04 га мувофиқ фойдаланишга қабул қилиш 2 босқичда: ишчи комиссия ва давлат комиссияси томонидан амалга оширилади. Бунда ишчи комиссиялар таркиби кўпчиликни ташкил этади. Юқорида кўрсатилган аъзолардан ташқари унга фойдаланиш ташкилотлари, лойиҳа ташкилоти, санитария ва ёнғин назорати органлари вакиллари ва бошқалар киради. Бунда фойдаланишга қабул қилувчи комиссияларнинг сонини ҳам, таркибини ҳам қисқартириш ҳақида сўз бораётган кўринади.
«Fast-track» усули бўйича қуриш
Бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари («fast-track» усули) билан қурилишни амалга оширишга рухсат этилди. Бироқ бунинг бир шарти бор – лойиҳа ва пудрат ташкилотлари консорциум (юридик шахсни ташкил этмаган бирлашма) ташкил этишлари керак. Консорциум иштирокчилари зиммасига лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун солидар жавобгарлик юклатилади (кредиторлар исталган консорциум иштирокчисидан бутун қарзни қоплаб беришини талаб қилишлари мумкин).
2018 йил 1 декабрдан бозор иштирокчиларига «fast-track» усулидан эркин фойдаланиш имконияти берилади.
Юқорида кўрсатилган янгиликлардан ташқари ҳужжатда қурилиш соҳасини ривожлантириш бўйича бошқа комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Масалан, 3 йил ичида лойиҳалаш ва қурилиш бўйича 465 та норматив ҳужжат қайта кўриб чиқилади, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо мамлакатларнинг соҳага оид сертификатлар ва лицензиялар эгаларига Ўзбекистонда ишлашга рухсат берилади, мутахассислар малакасини эса Муҳандислар-консультантлар уюшмаси таъминлайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.11.2018 йилдан кучга кирди.
Чиқиндиларни олиб чиққанлик учун бизнес 100% олдиндан тўлов тўлайди
Президентнинг 22.11.2018 йилдаги ПФ-5580-сон Фармонига биноан 2019 йил 1 январдан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари ҳақини тўлаш тартиби ўзгаради.
Эслатиб ўтамиз, 1 августдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари кўрсатилмоқда. Алоҳида хусусий ташкилот ишлаши мумкин бўлган аниқ ҳудуд «E-IJRO AUKSION»даги электрон аукцион якунларига кўра унга бириктириб қўйилади.
Бундан ташқари, энди ҳар бир истеъмолчи билан алоҳида шартнома тузилмай, оммавий шартномалар асосида фуқароларга хизматлар кўрсатилмоқда.
Бизнес ва аҳоли: тўлов шартлари ва тартиби
2019 йил бошидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари ҳақини тўлашнинг янги тартиби жорий этилади:
а) жисмоний шахслар мажбурий тўловларни ягона транзит банк ҳисобварақларига тўлайдилар, улар кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисобварақларига ўтказилади. Бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга эса давлат-хусусий шериклик битимлари ва икки томонлама шартномалар доирасида маҳаллий ҳокимликлардан маблағлар келиб тушади.
Бироқ фуқароларнинг ташвишланишига ҳожат йўқ, тўлов шартлари ўзгармайди. У ҳозиргидек ҳар ойда, ўтган (тўлов амалга оширилган) ойдан кейинги ойнинг 10-санасидан кечикмай тўланади;
б) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар 100% миқдорида олдиндан тўлов тўлашлари керак бўлади. Айни пайтда юридик шахслар ушбу хизматлар ҳақини камида 15%лик олдиндан тўлов тўлаш шарти билан, тўлиқ ҳисоб-китобни эса календарь ой тугаганидан кейин 30 кун ичида амалга оширмоқдалар.
Улар фуқаролардан фарқли равишда бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга улар билан тузилган шартномаларга мувофиқ ҳақ тўлайдилар.
МИБ назорат қилади, Давлат экология қўмитаси ундиради
Мажбурий ижро бюроси зиммасига 2019 йил 1 январдан бошлаб қўшимча вазифа – чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш юклатилди.
Бироқ ушбу хизматлар учун тўловлар тўлаш бўйича жисмоний шахслардан қарздорликни ундириш тўғрисидаги аризаларни Давлат экология қўмитаси ҳудудий органлари судларга киритади. Тўлов 6 ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда ана шундай чора қўлланилади. Шу муносабат билан қўмитага ушбу хизматлар учун аҳоли томонидан тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимини шакллантириш, унинг бошқарилишини ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Санитар тозалаш марказлари ташкил этилади
Улар Давлат экология қўмитаси ҳудудий органлари (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент ш.) ҳузурида ташкил этилади, бироқ ҳар бир туман (шаҳар)да бир нафар бириктирилган мутахассис фаолият юритади.
Улар зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқилса, марказлар истеъмолчилар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, ҳокимликлар, фуқаролар йиғинлари ва Мажбурий ижро бюроси ўртасида боғловчи бўғинга айланишлари керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.11.2018 йилдан кучга кирди.
Уруғчилик: кластерлар, экстеншн маркази ва олий таълим муассасаларига квоталарнинг оширилиши
Президентнинг 20.11.2018 йилдаги «Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4020-сон қарорида маҳаллий уруғчиликни ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Биринчидан, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш бўйича уруғчилик кластерлари ташкил этилади. Ҳукумат бир ой муддатда улар жойлаштириладиган аниқ ер майдонлари, молиялаштириш манбалари, салоҳиятли инвесторлар, давлат-хусусий шериклик шартлари ва мониторинг юритиш механизмларини аниқлайди.
Кластерлар шу жумладан ҳимояланган майдонларда, гидропоника ва аэропоника технологияларини қўллаган ҳолда техник, дон, дуккакли дон, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғларини етиштириш, тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланади. Селекция ишлари, янги навлар ва дурагайларни етиштириш, шунингдек уруғчилик соҳасида кадрлар малакасини ошириш ҳам уларнинг вазифалари сирасига киради.
Иккинчидан, 2019 йил 1 сентябрга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг сифатни назорат қилиш лабораторияси негизида лаборатория амалиётининг халқаро стандартлари (GLP) бўйича замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг нав, генетика ва экиш сифат кўрсаткичларини баҳолаш бўйича лаборатория ташкил этилади.
Ушбу лаборатория Уруғ сифатини назорат қилиш бўйича халқаро уюшмада (ISTA) аккредитациядан ўтказилади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази эса ISTAга аъзо сифатида киритилади.
Учинчидан, иссиқхона хўжаликлари учун жаҳон бозори талабларига мос келадиган, мазали сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги юқори янги навлари ва дурагайлари яратилади. Бунда мавжуд генетик ресурслар ва замонавий селекция усуллари қўлланилади.
Келаси йилдан бошлаб етиштиришнинг гидропоника усули қўлланиладиган иссиқхона комплекслари учун сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлган, транспортда ташишга мўлжалланган, жаҳон бозори талабларига мос келадиган навлари ва дурагайларини яратиш бўйича 5 йиллик давр учун илмий лойиҳаларнинг республика грант танловлари ташкил этилади.
Тўртинчидан, Самарқанд вилояти Самарқанд туманида қишлоқ хўжалиги ахборот-маслаҳат марказини (экстеншн марказини) ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳа амалга оширилади. У тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фаолият юритади.
Унинг асосий вазифалари: қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларга ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар ва илғор тажрибани ўзлаштириш ҳамда жорий этишда уларга кўмаклашиш, шунингдек илмий-тадқиқот ишлари.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2019 йил якунига қадар дастлабки лойиҳа натижаларини таҳлил қилиб, тажрибани бошқа ҳудудларда татбиқ этиш юзасидан ўз таклифларини Ҳукуматга киритади.
Бешинчидан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб «Иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш», «Агрокимё ва агротупроқшунослик», «Ўсимликларни ҳимоя қилиш» ихтисосликлари йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига бакалаврлар тайёрлаш юзасидан қабул квоталари камида 2 баробар оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.11.2018 йилдан кучга кирди.
Пахта ёғи акциз солиғидан озод қилинди
Техник чигит, пахта чигити шелухаси ва шротини реализация қилиш тартиби ўзгарди, пахта ёғига эса энди акциз солиғи солинмайди (21.11.2018 йилдаги ПҚ–4023-сон).
Президентнинг 17.01.2018 йилдаги «Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3479-сон, шунингдек 29.12.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ–3454-сон қарорларига ўзгартиришлар киритилди.
Техник чигит
Белгиланишича, харидор техник чигитни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларига ва тегишли сертификатларга (мувофиқлик ва гигиена) эга бўлса, у мулкчилик шаклидан қатъи назар, маҳаллий корхоналарга биржа орқали сотилиши мумкин. Бунда чигитни такроран (кейинчалик), бироқ яна биржа орқали реализация қилишга рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, илгари техник чигит сотиб олишда монополияга эга бўлган 23 та корхонани ўз ичига олган рўйхат амал қилар эди. Бунда уни фақат ушбу уруғликни ишлаб чиқариш жойида жойлашган корхоналарга сотишга рухсат берилар, вилоятлараро тақсимот эса фақат Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилар эди. Бу харидор монополиясини янада оширар эди.
Маълумот учун: Маиший шароитда ва экстракция бўлими мавжуд бўлмаган кичик цехларда чигитни қайта ишлаш ва пахта ёғи ишлаб чиқариш амалдаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва қонунга хилоф равишда чигитга қайта ишлов бериш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қатъий, ҳатто жиноий жазо чоралари қўлланилади (ЖКнинг 186-2-моддаси).
Пахта чигити шелухаси ва шроти
Шелуха ва шрот (чигитдан ёғ олинганидан кейин қоладиган қолдиқлар – таҳр.) энди биржа савдоларида эркин реализация қилинади.
Илгари пахта шроти (кунжараси) ва пахта чигити шелухаси биржа орқали ем-хашак сотиш бўйича туман ва вилоят бирлашмаларига, шунингдек омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналарга, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига, қоракўлчилик ширкат хўжаликларига сотилар эди. Бунда чеклов амал қилган – биржа савдолари натижаси бошланғич нархга нисбатан 15%дан ошмаслиги керак эди (18.11.2008 йилда 1870-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Бироқ 2018 йилнинг январидаёқ шрот ва шелухани сотиш бўйича «Озуқа ем таъминоти» МЧЖ корхоналарини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди (19.01.2018 йилдаги ПҚ–3484-сон). Энди нархни шакллантириш ва харидорлар доирасига оид чекловлар олиб ташланди.
Пахта ёғи
Пахта ёғи акциз солиғи солинадиган товарлар рўйхатидан чиқариб ташланди. Илгари акциз солиғи миқдори 1 тонна озиқ-овқат ёғи учун 459 724 сўмни ва техник мой (озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшишга яроқсиз бўлган) учун 252 887 сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мўлжалланган пахта ёғини 10%дан ортиқ бўлмаган миқдордаги чакана устамани ўз ичига олган белгиланган нарх бўйича кейинчалик тақсимлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган улгуржи ва чакана корхоналарга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилиш тартиби бекор қилинди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси ҳам давлат стратегик захираси учун белгиланган нархлар асосида ва тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пахта ёғини сотиб олган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш бўйича йўл харитасида (19.01.2018 йилдаги ПҚ–3484-сон қарор) ҳали ҳам пахта ёғини аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун қатъий белгиланган баҳода сотиш механизми назарда тутилган. Бундан ташқари, фуқароларнинг кўрсатилган тоифасига мўлжалланган пахта ёғи шарҳ эълон қилинган пайтда Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатига (ВМнинг 30.03.2018 йилдаги 249-сон қарорига 2-илова) киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.11.2018 йилдан кучга кирди.
IT соҳасида янги назорат қилувчи орган
Президентнинг 21.11.2018 йилдаги ПҚ-4024-сон қарорида ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Техник кўмаклашиш маркази, шунингдек Ахборот коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ташкил этилди.
Янги муассасалар – тугатилаётган қуйидаги муассасаларнинг ҳуқуқий ворислари:
► Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция;
► Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази.
Ташкил этилган тузилмаларга қуйидаги вазифалар юклатилади:
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси
|
Техник кўмаклашиш маркази
|
қуйидагилар устидан давлат назоратини амалга ошириш: ► алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши; ► ўз ваколати доирасида почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари хизматларининг сифатли тақдим этилиши, даврий босма нашрлар, фонограммалар, аудиовизуал асарлар ва ЭҲМ учун дастурлар тарқатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш; ► фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатишда (сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказишда) муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши; ► норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, бошқа ташкилот ва идораларда «Электрон ҳукумат» тизимида инфратузилмани ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилиши; ► иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, интеграллашган ахборот тизимларини, маълумотлар узатиш ва алмашишнинг идоралараро тармоқларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, давлат ахборот ресурслари интеграцияси, шу жумладан, электрон давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги; ► «охирги миля» тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни, мультисервис алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси хизматларини ва даврий босма нашрлар тарқатишни кенгайтириш йўли билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш. |
► ахборот хавфсизлигига ҳозирги вақтдаги таҳдидлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тўплаш, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларига ноқонуний кириб олиш ҳолатларининг олдини олишни таъминлайдиган самарали ташкилий ва дастурий-техник ечимларни тезкор қабул қилиш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқиш; ► қонун бузувчиларни, ахборотлар маконидаги рухсатсиз ёхуд бузувчи ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиладиган методлар ва воситаларни таҳлил қилиш, идентификациялашда телекоммуникациялар тармоқларининг операторлари ва провайдерлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилиш; ► ахборотлаштириш объектларида (давлат сирлари бундан мустасно) аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотларни, ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация жиҳозлари ва бошқа техник воситаларни аттестация, экспертиза ва сертификациядан ўтказиш; ► давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва ресурслари ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашиш; ► давлат ахборот тизимлари ва ресурслари, шунингдек, Интернет тармоғи миллий сегментининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; ► Интернетнинг миллий фойдаланувчиларини Интернет тармоғи миллий сегментида ахборот хавфсизлигига пайдо бўлаётган таҳдидлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек, ахборотларни ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш. |
Келаси йил бошидан ахборот-коммуникация технологиялари, аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотлар, ҳимоя воситалари ва бошқа техник воситаларга техник топшириқлар бўйича хулосалар ЛБМА томонидан Техник кўмаклашиш маркази билан мажбурий тартибда келишилгандан сўнг берилади. Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборотлаштириш объектларида (давлат сирлари бундан мустасно) жорий этиладиган ва фойдаланиладиган аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотлар эса мажбурий равишда ушбу марказда аттестация ва экспертизадан ўтказилади.
Давлат инспекцияси ва марказ Тошкент шаҳар, Дўрмон йўли кўчаси, 31-уй манзилида жойлаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.11.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов, Олег Заманов, «Norma» МЧЖ экспертлари.