Ноябрда Россияда ўтказиладиган кўргазмада ўз маҳсулотларимизни намойиш этмоқчимиз. 30 та аёллар пальтоси олиб чиқилишини ва улар РФга олиб кирилишини қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Россиянинг яна иккита минтақасидаги кўргазмали намойишларда қатнашишимизни ҳам таклиф қилганлар. Ҳозирча шартномалар тузмаганмиз. Шунга қарамай, уйга қайтишда ва яна Россияга чиқишда қўшимча транспорт харажатлари қилмаслик учун қандай йўл тутса маъқул бўлишини билмоқчи эдик.
Санобар Ҳамроева.
– Хорижий ҳамкор билан ишловчи ҳар бир ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси (хусусий тадбиркор, корхона, ташкилот) баъзан нималарнидир вақтинча (бир ҳафта, бир ой, икки йилга) олиб чиқиш заруратига тўқнаш келади. У божхонада тўқнаш келадиган муаммолар ўша нималардир айнан нима эканлиги, нима учун ва қанча муддатга чегара ортига олиб чиқилаётганлигига боғлиқ бўлади. Сабаби ҳар хил товарлар учун вақтинча олиб чиқишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг турли қоидалари амал қилади.
Божхона ва ТИФ иштирокчилари учун ушбу масала юзасидан асосий ҳужжат – Божхона кодекси. Хусусан, 7-бобида вақтинча олиб чиқиш, унинг асосий принциплари, муддатлари ва товарларни ушбу режимга жойлаштириш учун амалга ошириладиган расмиятчиликлар тартибга солинган.
Ҳужжат тили билан
Вақтинча олиб чиқиш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар ушбу ҳудуддан ташқарида вақтинча фойдаланиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўланишдан шартли равишда озод этилган, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади.
Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш ушбу Кодекс 21-бобининг қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.
ЎзР БКнинг 36-моддаси.
Талаблар ва шартлар
Ўз маҳсулотини вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш учун бир қатор талаб ва шартларга риоя қилиш зарур.
Биринчидан, божхона органларига вақтинча олиб чиқилаётган товарни идентификациялаш имконини бериш лозим.
Иккинчидан, агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида ушбу органларнинг зарур рухсатномаларини олиш зарур.
Учинчидан, товарни ушбу режимга жойлаштираётган шахс ЎзРнинг юридик ёки жисмоний шахси ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахс бўлиши керак.
Божхона ҳудудидан вақтинча олиб чиқилган товар ўзгармас ҳолатда қолиши керак. Ушбу товар устидан божхона назоратини унинг божхона расмийлаштирувини бажарган божхона органи амалга оширади.
Товарни вақтинча олиб чиқиш режимига жойлаштириш учун божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этиш керак.
Товарни вақтинча олиб чиқиш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар зарур бўлса, ахборот тизимида уларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.
Товарни ушбу божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан 2 йилгача муддатга вақтинча олиб чиқиш мумкин. Бундай рухсатнома амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади. Бунда товарни рухсатноманинг амал қилиш муддати тугамай қайтиб олиб кириш мумкин. Зарурат туғилганда эса вақтинча олиб чиқиш божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар божхона органига тегишли ариза бериб, рухсатнома муддатини узайтириш мумкин. Муддатни узайтириш учун товарни божхона органига амалда тақдим этиш керак эмас.
Товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узайтириш тўғрисида ариза берилиши муддатни узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди. Муддат узайтирилаётганда алоҳида БЮДни расмийлаштириш керак эмас.
Режимни тугаллаш
Вақтинча олиб чиқилган товар олиб чиқиш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилиши керак.
Бироқ ваколатли шахс товарни божхона ҳудудидан ташқарида қолдирган ҳолда уни бошқа божхона режимига жойлаштириш йўли билан ушбу режимни тугаллаши мумкин. (Бундан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинча олиб чиқилган товар божхона ҳудудига олиб кирилиши шарт бўлган ҳоллар мустасно). Бундай ҳолда вақтинча олиб чиқиш божхона режимини тугаллашга товарни божхона органига амалда тақдим этмаган ҳолда йўл қўйилади. Яъни кўргазма тугагач, вақтинча олиб чиқиш режимини экспорт божхона режимига ўзгартириб, пальто намуналарини сотишингиз ёки ҳадя қилишингиз мумкин. Бунда товарнинг божхона қиймати ва миқдори у вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади, божхона божлари ва солиқларнинг ставкалари эса – товарни экспорт божхона режимига жойлаштириш тўғрисидаги декларация божхона органи томонидан рўйхатдан ўтказилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади.
Вақтинча олиб чиқиш божхона режими БКнинг 39-моддасида белгиланган муддатда тугалланмаган тақдирда, божхона божлари ҳамда солиқлар тўланади. Улар товарнинг олиб чиқишдаги божхона қийматидан ва (ёки) миқдоридан ҳамда товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган куни амалда бўлган божхона божлари ва солиқлар ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Вақтинча олиб чиқиш тугалланмаслигига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
● авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида товарларнинг йўқ бўлиши ёки бутунлай йўқ бўлиб кетиши;
● товарлар турган чет давлат органларининг қарорлари ёки мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида товарларнинг ваколатли шахс эгалигидан чиқиб кетиши.
Товарларнинг йўқ бўлишига ёки мутлақо йўқолиб кетишига сабаб бўлган ҳолатларни тасдиқлаш мажбурияти божхона режими талаблари ва шартларига риоя этилишига масъул шахсларнинг зиммасига юклатилади. Чет давлатлар ҳудудида юзага келган ҳолатлар ЎзРнинг чет давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасалари томонидан ёки ҳудудида мазкур ҳолатлар содир бўлган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тасдиқланади.
РФга вақтинча олиб кириш тўғрисида
Россия Федерацияси аъзо бўлган ЕИИ Божхона кодексига мувофиқ, маҳсулотларни реклама ва (ёки) намойиш қилиш мақсадида ёхуд кўргазма экспонатлари сифатида вақтинча олиб чиқишга рухсат берилган. Бунда вақтинча олиб кирилган товарлар ариза асосида божхона органлари томонидан белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаган вақт давомида РФ ҳудудида бўлиши керак. Унинг узайтирилиши истисно тариқасидаги чора ҳисобланади. Узайтириш зарур бўлмаса, келгусида товардан фойдаланиш, уни тасарруф этиш заруратига ёки енгиб бўлмас куч таъсирига қараб, товарни вақтинча олиб кириш муддати тугагунга қадар унинг ЕИИ ташқарисига олиб чиқилиши ёки ҳар қандай бошқа тартиб-таомилдан ўтказилиши маълум қилиниши лозим.
Агар товар мамлакат ичида кўпи билан 1 йил турса, кўргазма намуналари шартли равишда божлар ва солиқларни тўлашдан озод қилинади. Акс ҳолда ЕИИ БКга мувофиқ тўловлардан қисман озод қилиш қўлланилади.
Кўргазмага қўйиш учун олиб кириладиган маҳсулотлар соддалаштирилган тартибда декларацияланади. Бироқ уни қўллаш учун товар кузатиб бориладиган багажда ёки экспресс-ташувчи ёрдамида олиб кирилиши ёхуд унинг қиймати 300 минг рублдан ошмаслиги лозим. Юк аризага мувофиқ божхонада расмийлаштирилади, унда декларант маълумотлари билан бир қаторда вақтинча олиб кириладиган товарлар ҳақида батафсил маълумотлар кўрсатилади.
Агар товарлар ички истеъмол учун ишлаб чиқарилганидан фарқланадиган тартиб-таомил бўйича олиб кирилган бўлса, олиб кирилган давлат ҳудудида улардан фойдаланиш қатъий чекланади. Асосий чекловлардан бири – мазкур тартиб-таомилни бошлаган божхона органлари билан келишмай туриб товарларни бошқа шахсга фойдаланишга беришнинг имкони йўқлигида. Зарурат туғилганда товар учун жавобгарликнинг ўтказилиши юридик жиҳатдан расмийлаштирилган бўлиши керак. Тегишинча, вақтинча олиб кирилган товарлар бўйича декларант зиммасига юклатилган барча мажбуриятлар уларнинг реал фойдаланувчисига ўтади. Бу ҳолда вақтинча олиб кирилган товарлар шартли чиқарилган ҳисобланиб, божхона исталган вақтда уларни назорат қилишга ҳақли бўлади.
Баъзан вақтинча олиб кирилган товарлар кўргазмада сотилади. Бу ҳолда вақтинча олиб кириш режими реэкспорт билан эмас, балки ички истеъмол учун чиқариш билан якунланади. Ушбу тартиб-таомил доирасида декларант сифатида чиқиб (масалан, маҳсулот эгаси билан олди-сотди шартномаси ёки россиялик харидор билан воситачилик шартномаси асосида), қуйидагиларни тўлашингиз керак бўлади:
● божхона божи ва ҚҚС (улар вақтинча олиб кириш тўғрисидаги декларация рўйхатдан ўтказилган кунда амалда бўлган ставкалар ҳамда валюта курсидан келиб чиқиб ҳисобланади);
● қайта молиялаштириш ставкаси миқдоридаги фоизлар. Улар озод қилиш кунидан бошлаб бож ва ҚҚС тўланган кунгача ҳисобланади (бож ва ҚҚС тўлаш кунидан кейинги кундан кечиктирмай фоизларни тўлаш зарур).
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.