Корхонамизда 2 нафар коллеж битирувчиси ишлайди. ЯИТни ҳисоблаётганда имтиёзни қўллаймиз. ЯИТ ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари ПЖга суғурта бадаллари ҳисоб-китобини тўлдириш чоғида «Маълумотнома-ЯИТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоби» иловаси юзасидан савол юзага келди.
ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда ходимларнинг умумий сонида битирувчилар ҳисобга олинадими?
Коллеж битирувчилари ишлаган кунлар барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунлари ҳисоб-китобига киритиладими?
– 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб корхоналар касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари иш ҳақидан олинган даромадларидан ЯИТ ставкаларини камайтиришга ҳақли. Бунда ЯИТ ставкаси:
● таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаганлик шарти билан, уларни ишга жойлашганликларидан кейинги бир йил ичида – 50%га;
● иккинчи ва учинчи йил давомида 25%га камайтирилиши мумкин.
Имтиёз бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлашганларга нисбатан татбиқ этилмайди (24.05.2017 йилдаги ПФ-5052-сон Фармоннинг 6-банди).
ЯИТнинг энг кам миқдори Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳисобот ойида барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларидан ва белгиланган нормативлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларига йиллик меҳнат таътилларига ва иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган таътилларга тўғри келадиган кунлар ҳам киради. Бир ойда ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларини ҳисоблаб чиқаришда қуйидагиларнинг ишлаган кунлари киритилмайди:
● пасайтирилган ставкалар бўйича ЯИТ ҳисоблаб чиқариладиган ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронларнинг иш кунлари;
● касаначиларнинг иш кунлари (ЯИТ бўйича имтиёз муддати тугагунга қадар);
● фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ ишлар бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) якка тартибдаги тадбиркорларнинг иш кунлари.
Агар Низом нормаларига таянилса, корхонангиз ЯИТнинг энг кам миқдорини аниқлашда ходимлар – коллеж битирувчилари сони ва улар ҳақиқатда ишлаган кунларни ҳисобга олиши керак.
Бироқ бунда Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китобида (10-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 060-«Ҳисобот даврида ягона ижтимоий тўловнинг ҳисобланган суммаси» сатрида умумбелгиланган ставкада меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ҳисобланган ЯИТ суммаси кўрсатилади (4-устун). 5-«Имтиёзли ставкадаги ягона ижтимоий тўлов» устунида имтиёзли ставкалар қўлланганда қўшимча ҳисобланган сумма ҳисоб-китоби назарда тутилмаган.
ЯИТ имтиёзли ставкада ҳисобланса, «имтиёзли» ходимлар сони ва улар ҳақиқатда ишлаган кунлар умумбелгиланган ставкада ҳисобланган ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда инобатга олинмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.