Юридик шахс ўз муассисига молиявий ёрдам кўрсатди.
Юридик шахсдан олинган жисмоний шахсга молиявий ёрдам суммасига қандай солиқлар солинади?
– Молиявий ёрдам деганда нимани назарда тутаётганлигингизга қараб саволингизга жавоб бериш мумкин.
Молиявий ёрдам – қайтариладиган фоизсиз пул қарзи бўлса, корхонада ҳам, жисмоний шахсда ҳам мазкур тўлов бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Корхона муассисга қайтарилмайдиган ва беғараз асосда пул берган бўлса, олувчида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромад юзага келади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди).
Жисмоний шахсга даромад тўловчи корхона тўлов манбаи сифатида тўлов чоғида солиқни ушлаб қолиши ва бюджетга тўлаши керак (Солиқ кодексининг 184-моддаси 2-қисми 2-банди).
Солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда, яъни шкала бўйича солиқ ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 185-моддаси). Бироқ жисмоний шахснинг аризасига кўра ЖШДС энг юқори ставкада (2018 йилда – 22,5%) ушлаб қолиниши мумкин (Солиқ кодексининг 186-моддаси).
Агар муассис у билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаса ва ёзма ариза берган бўлса, жисмоний шахсга даромад тўловчи корхона солиқни ушлаб қола олмайди (Солиқ кодексининг 184-моддаси 3-қисми).
Бу ҳолда:
● муассис-жисмоний шахс Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ йил якунларига кўра даромадлар тўғрисидаги декларацияни солиқ органларига тақдим этиб, солиқни мустақил равишда тўлаши шарт;
● корхона асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органларига маълумотнома тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 187-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.