Корхона Инновация маркази резиденти ҳисобланади. Солиқлар бўйича имтиёзларга эга.
Бўшаган маблағларни балансдан ташқари счётлардан қандай қилиб тўғри ҳисобдан чиқариш мумкин?
Имтиёзли давр тугагач, улар давр харажатларига киритиладими?
– Вақтинчалик мақсадсиз имтиёзлар корхонанинг давр харажатларига киритилмайди.
Президентнинг 30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармони 5-банди билан корхоналар – Инновация маркази резидентларига бир қатор имтиёзлар берилди. Хусусан, улар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ЯИТни тўлашдан тўлиқ озод қилинган. Ушбу имтиёзлар – мақсадсиз.
Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан уларни расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби белгиланган. Мақсадли фойдаланилиши назарда тутилмаган имтиёзлар балансдан ташқари 013-«Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» счётида акс эттирилади.
Имтиёзли давр тугагач, «Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» балансдан ташқари счётининг дебети бўйича ҳисобга олинадиган бўшаган маблағлар суммаси бухгалтериянинг маълумотнома-ҳисоб-китоби асосида ушбу счёт кредитига ҳисобдан чиқарилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.