Корхона тиббиёт муассасаси билан тузилган шартномага кўра директорнинг даволаниш ҳақини тўлади. Директор кундузги стационарда даволанди. Бир вақтнинг ўзида масофадан туриб раҳбарлик вазифаларини бажарди. Касаллик варақасини расмийлаштирмади, фақат олган тиббий хизматлар суммасига ҳисобварақ-фактурани имзолади.
Корхона раҳбарга тиббиёт муассасасида даволанган пайти учун иш ҳақи ҳисоблашга ҳақлими?
– Ҳа, корхона раҳбарга тиббиёт муассасасида даволанган пайти учун иш ҳақи ҳисоблаши мумкин.
Агар директор даволаниш пайтида масофадан туриб ўз меҳнат вазифаларини (лавозим мажбуриятларини) бажарган бўлса, унинг иш режимидаги вақтинчалик ўзгаришлар корхона буйруғида ёки у билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча ҳужжатда акс эттирилган бўлиши керак. Меҳнат шартномаси томонларнинг келишуви билан белгиланган шартларда ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда ишни ҳақ эвазига бажариш тўғрисида ходим (директор) ва иш берувчи (муассислар) ўртасида тузилган битимдир.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ директорга ҳақиқатда ишлаган вақти ёки унинг натижалари учун иш ҳақи ҳисобланади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.