ШЖБПҲнинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисобланган ЖШДС суммасидан кўп бўлиши мумкинми?
– Ҳа, бундай вазиятлар учраши мумкин.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солинадиган база жами даромаддан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 179 ва 180-моддаларига мувофиқ солиқ солишдан озод қилинган даромадлар чегирилган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 170-моддаси). 2018 йилги ЖШДС ставкалари Президент қарори (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 8-илова) билан белгиланган.
Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллари ходимнинг ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи (даромади) солиқ солинадиган суммасидан ҳисоблаб ёзилади (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди). Ставка 2% миқдорида белгиланган (ПҚ-3454-сон қарорнинг 6-банди).
МИСОЛ. 2018 йил январь–июль ойлари учун даромадига умумбелгиланган шкалада солиқ солинадиган ишбай асосда ишловчи ходимга солиқ солинадиган даромад – 8 000 000 сўм ҳисобланган.
Январь–июль ойлари учун ушлаб қолинган ЖШДС – 687 018 сўм (361 704 + (8 000 000 – 6 028 400) х 16,5%).
Январь–июль ойлари учун ШЖБПҲга ҳисобланган бадаллар 135 886,4 сўмга ((8 000 000 – 1 205 680) х 2%) тенг.
Август учун ишбай иш ҳақи – 300 000 сўмни, январь–август ойлари учун солиқ солинадиган даромад 8 300 000 сўмни ташкил этди.
Январь–август ойлари учун ЖШДС – 646 092 сўм (413 376 + (8 300 000 – 6 889 600) х 16,5%).
Январь–июль ойларида 687 018 сўм солиқ ушлаб қолинган. Август ойи учун қайтариладиган ЖШДС суммаси – 40 926 сўм (646 092 – 687 018). Бу ҳолда ЖШДС нолга тенглаштирилади, сабаби солиқ солинадиган даромад йўқ.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 138 441,6 сўмни ((8 300 000 – 1 377 920) х 2%) ташкил этади.
Январь–июль ойларида ШЖБПҲга 135 886,4 сўм ўтказилган, август ойи учун ажратмалар 2 555,2 сўмни (138 441,6 – 135 886,4) ташкил этиши керак эди.
Ушбу вазиятни ҳал этиш учун 2 та вариантдан бирини қўллаш мумкин:
1) ШЖБПҲга суммани нолга тенглаштириш лозим, сабаби ШЖБПҲга ажратмалар ЖШДС суммаси ҳисобига тўланиб, унинг бюджетга тўланадиган миқдорини камайтиради;
2) ШЖБПҲга ажратмалар миқдорида (2 555,2 сўм) ЖШДС тўлаш учун уни ҳисоблаш.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.