● Дунё «кураш», «ҳалол», «ёнбош» сўзларини истеъмол қилмоқда
● Ссуда билан кредитнинг фарқи нимада?
Тилимизнинг бойлиги, бугунги имкониятлари ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин ва гапириш керак ҳам. Қабул қилинганига қарийб ўттиз йил бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни ўзбек тилининг давлат тили сифатида майдонга чиқиши ва ҳар томонлама тараққий топишида тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Бугунги кунда она тилимиз ҳаётимизнинг барча жабҳасида расмий давлат тили сифатида қўлланилиб келмоқда. Қонун тилимизнинг бой луғатидан, ўзига хос имкониятларидан фойдаланиш, уни асраб-авайлаш, нуфузини ошириш, шу билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш ва янгидан-янги тушунча ва сўзлар билан тўлдириб бориш орқали бойитиш учун ҳам кенг имкониятлар яратди. Тил билан боғлиқ мазкур жиҳатнинг Қонунда алоҳида норма сифатида эътироф этилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ҳужжатнинг 7-моддасида «Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди» деб кўрсатилгани фикримизни тасдиқлайди.
Мустақил давлат сифатида дунё ҳамжамиятига юз тутишимиз, жаҳон иқтисодиётининг таркибий қисмига айланишимиз, шунингдек, дунё илм-фанининг ривожи, техника ва технологияларнинг яратилиши дунёдаги барча тилларнинг бойишига сабаб бўлмоқда. Шу маънода, дунёдаги барча тиллар каби ўзбек тили ҳам вақт ўтгани сайин бойиб бораётгани табиий ҳолдир.
Кези келганда, тилимизда муомалада бўлиб келган сўзлар бошқа тиллар луғатини бойитаётганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Масалан, дунё спорт соҳасига «Кураш» сўзининг киритилиши муносабати билан у билан боғлиқ бўлган «ҳалол», «ёнбош», «чала» ва бошқа сўзлар кенг истеъмолга киритилди ва ҳозирда қўлланиб келаётир.
Мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши, ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодиёт тармоқларининг замонавий шаклу шамойилини яратиш жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашувни, таълим соҳасидаги ҳамкорликни тақозо этаётгани ҳам айни ҳақиқат. Ушбу мақсадларда чет тилларни ўрганишга эътибор кучайтирилмоқда. Юртимизда хорижий олий ўқув юртлари, улар филиалларини ташкил этиш борасида кенг ислоҳотлар олиб борилаётгани таҳсинга сазовор албатта.
Бу, биринчи навбатда, она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш имкониятларини яратса, иккинчидан, тилимизни янада бойитишга туртки бўлади. Энг асосийси, тилимизнинг ривожи мамлакатимизнинг ривожланишига, унинг иқтисодий юксалишига, илмий-техникавий ўсишига олиб келади.
Фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби бошқа тармоқларда чет тилларда эришилган ютуқларни ўзлаштириш тилимизни бойитишга хизмат қилади. Бу борада замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришишда мазкур масалага айрим ҳолларда панжа орасидан қаралаётгани ҳам сир эмас. Айтайлик, Қонуннинг 7-моддаси талабларини бузиш ҳоллари кузатилади. Бу жараёнда давлат бошқаруви органлари мутасаддиларининг ҳам, таълим ва илмий муассасалар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳам бирдек айби бордек туюлади. Расмий ҳужжат, дарслик, илмий ёки оммабоп мақолалар чет эл нашрларидан олиниб, давлат тилига таржима қилинади. Айрим ҳолларда чет тилидаги иборани таржима қилмасдан ёки ўзича таржима қилиб, нашр этишади. Ваҳоланки, Қонунда «янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади» деб кўрсатилган.
Мазкур нормани ижро этиш механизмларининг яратилмагани мана шундай оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Албатта, бу борада қонунийликни таъминлаш бўйича чоралар кўришимиз лозим. Бу тилимизни бир мазмундаги турли тушунча, ибора, атамалардан асраши билан бирга, тушунмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олади. Айрим ҳолларда корхона, муассаса, ташкилот ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари юритилишида давлат тилига амал қилмаслик ҳоллари мавжудлиги танқид қилинади. Бу тўғри, албатта. Бироқ, бу чет тиллардан кириб келган сўзларнинг давлат тилидаги муқобили йўқлиги ёки айнан ўша маънони бермаслиги билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Масалан, «бюджет» сўзи ўзбек тилига нима деб таржима қилинади? Дейлик, «даромад-буромад» деб қабул қилиш қанчалик ўзини оқлайди? Қолаверса, у бюджет тушунчасини тўлиқ ифода этолмайди-да.
«Ссуда» «қарз» деб таржима қилинса, у ҳолда қарз бериш ёки олишнинг бошқа турларини, масалан, кредит тушунчасини нима деб ўгириш мумкин?
«Трансферт» сўзи ҳам шундай – бу тушунчанинг моҳиятини ўзбек тилида бир сўз билан тушунтириш қийин. Таржима қилмоқчи бўлсак, узун бир гап ҳосил бўлади. Бу эса, ўз навбатида, амалиётда кўп қийинчиликларни келтириб чиқаради.
«Профицит», «дефицит» сўзлари тўғрисида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Бундан ташқари, тушунишимча, мана шу сўзларнинг ишлатилиши ўзбек тилидаги муқобилига нисбатан таъсирли туюлади.
Таъкидлаш лозимки, бу сўзларнинг асосий қисми халқаро тиллардан олинган бўлиб, бизга рус тили орқали кириб келган. Бизда муқобили бор хорижий тушунчалар таржима қилиниб, давлат тилида акс эттирилмоқда. Масалан, солиқ ёки бож тушунчалари «налог» ёки «пошлина» тарзида қўлланилмайди. Шу сабабдан ёппасига танқиддан қочишимиз, қонун талабларидан келиб чиқишимиз мақсадга мувофиқ. Бир сўз билан айтганда, қонун нормаларида белгилаб қўйилганидек, мазкур масалага илмий нуқтаи назардан ёндашув талаб этилади.
Ўрал ҲАИТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.