Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида 2 та қонун лойиҳаси – биринчи ўқишда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги ҳужжатлар бевосита ушбу соҳага тегишли бўлди. Шундан ҳам божхона мамлакатимизда бошланган катта ислоҳотларнинг диққат марказида турган тизимлардан эканлигини англаб олса бўлади.
Дарҳақиқат, амалга оширилган улкан ўзгаришлар қаторида божхона соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари кескин қисқартирилгани, экспортга юкларни расмийлаштиришда «бир дарча» тамойилининг жорий қилинганлиги, божхона юк декларацияларини электрон шаклда расмийлаштиришнинг йўлга қўйилиши, экспортбоп маҳсулотларни тайёрлашда четдан олиб келинадиган ишлаб чиқариш ускуналари, технологик жиҳозлар ва бутловчи қисмларга божхона тўловларидан имтиёзлар берилганлиги ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. Божхона органлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан қонунчиликдаги янгиликлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича учрашув ва семинарлар ўтказилиб, интерактив хизматлар кўрсатиш орқали яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Мамлакатимизда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида экспорт салоҳияти изчил юксалди, «Made in Uzbekistan» ёрлиғи туширилган маҳсулотлар жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллади. Бу ислоҳотларни амалга оширишда божхоначилар ҳам тадбиркорларимизнинг таянчи бўлиб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида божхона хизмати томонидан 14 мингдан ортиқ ноёб ва тарихий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Катта миқдорда гиёҳвандлик моддалари, қурол-яроқлар, озон емирувчи моддалар ва сифатсиз, контрафакт товарлар ушлаб қолинди.
Миллий божхона хизмати шаклланиб бориш даврида, божхона тизимида юқори малакали офицерлар ҳам етишиб чиқди. Мамлакатимиз раҳбари доимо божхона хизмати ходимларини рағбатлантириб, энг муносибларини давлат мукофотлари билан тақдирламоқда. Кўплаб фидойи божхона ходимлари орден ва медаллар билан, фахрий унвонлар билан мукофотланди.
Маълумки, божхона органлари ривожланишнинг узоқ йиллик босқичларидан ўтиб келган. Унинг тарихга айланган зарварақларини божхона хизмати фахрийлари яхши хотирлашади.
Саид Азим АРИПОВ, захирадаги божхона хизмати генерал-майори:
– Биз хизмат қилган даврларда божхона соҳасида ҳозиргидек шарт-шароитлар бўлмаган. Ўзбекистон ҳудудида атиги 2 та – Тошкент ва Термиз шаҳарларида божхона хизмати бўлган ва у ҳам тўғридан-тўғри собиқ Иттифоққа бўйсунган. Хизматга қабул қилиш, ходимларга маош белгилаш бевосита Иттифоқнинг буйруғи асосида амалга оширилган. Мамлакатимиз эндигина мустақилликни қўлга киритган дастлабки йилларда божхона хизмати тўлақонли фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослари йўқ эди. Бу борада хорижий мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилди ва биринчи навбатда, ҳуқуқий асослари яратилди. Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари қандай товарларни олиб чиқиш ёки олиб кириш мумкин-мумкин эмаслиги ва қолаверса божхона хизмати нима вазифани бажариши тўғрисида тасаввурлари ҳам йўқ эди. Шу мақсадда ТИФ қатнашчилари ва божхона хизмати ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказлари ташкил этилди ва шу тариқа миллий кадрлар тайёрлана бошланди. Божхона ишига оид қонунлар қабул қилиниб, соҳанинг вазифалари белгилаб берилди. Замонавий божхона постлари ва комплекслари қурилди, божхона чегаралари замонавий техника воситалари билан таъминланди.
Маъруф ХОЛМЕДОВ, захирадаги божхона хизмати подполковниги:
– Истиқлолнинг дастлабки йилларида божхона хизматининг мустақил биноси ҳам, аниқ божхона ҳудудлари ҳам йўқ эди. Чегараларда қиш ва ёз ойларида ходимлар эски вагонларда хизматни ўташарди. Совуқ, изғирин, ҳеч қандай шароитлар йўқ. Кейинчалик босқичма-босқич божхонанинг бинолари, моддий техника воситалари ва замонавий асбоб-ускуналари пайдо бўлди.
Бугунги кунда нуфузли халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро самарали ҳамкорлик, аввало, божхона органларини модернизация қилиш ва янада такомиллаштириш, божхона ишининг ҳуқуқий асослари ва божхона назорати жараёнини халқаро стандартларга уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
Қурбонқул КАРИМҚУЛОВ,
ОҲБИ кафедра бошлиғи,
техника фанлари доктори, профессор.