Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 35 / Устуворликлар

Тадбиркорда миллий ғурур бўлиши керак...

 

Ўзбекистон тадбиркорлари эл-юртга наф келтириши, аҳоли учун иш ўринлари яратиши, инсонларга яхшилик қилиш истаги мужассамлиги билан ҳам ажралиб туради. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги «O‘yinchoqlar fabrikasi» таъсисчиси Алижон Юсупов ҳам ана шундай эзгу мақсадларни ўз олдига қўйган тадбиркорлардан.

 

Корхона фаолияти билан батафсил танишгач, суҳбатдошимиз тадбиркорликни бошлаган дастлабки йилларни ёдга олди.

– Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 21 апрелида Олмазор туманига ташрифи чоғида Тошкент ўйинчоқлар фабрикаси негизида болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқ бериб, бу ишга Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкини масъул этиб тайинлади. Банк билан ҳамкорликда ишга киришдик ва 1,5 миллион доллар кредит олдик, шахсий маблағларимизни ҳам йўналтирдик. Натижада катта ўйинчоқлар фабрикаси яратилди. Дастлаб 50 та ишчи ишлаган бўлса, сентябрь бошидан бошлаб улар сонини 100 дан ошириш ниятидамиз.

Ҳозирда фабрикамиз 280 хил болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш имкониятига эга, мижоз талабига қараб маҳсулот турларини чиқариб берамиз. Дубай, Қозоғистон, Россиядан маҳсулотларимизга талаб тушмоқда. Улар маҳсулотимиз сифатини юқори баҳоламоқда.

Маҳсулотимиз сифатли бўлиши билан бирга жаҳон бозорига қараганда анчайин арзон ҳам. Яъни Россияга қараганда 3, Хитойга нисбатан 2 баравар арзон. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида маҳсулот етказиб бериш хизматини йўлга қўйганмиз, телефон, интернет орқали ҳам буюртмалар оламиз. Бизнесда ўзаро ишонч, сифат, ҳалоллик – бирламчи мезонлардан.

Маҳсулот тайёрлаш жараёнининг тахминан 10 фоизи ишчи, қарийб 80 фоизи техника ҳиссасига тўғри келади. Йиғиш жараёнида эса кўпроқ қўл меҳнатидан фойдаланилади. Ишчиларимиздан сифатга алоҳида эътибор беришни талаб қиламиз.

...Ишчиларнинг 80 фоизга яқинини аёллар ташкил этади ва улар асосан ўйинчоқларни йиғиш-териш жараёнида ишлайди, нисбатан оғирроқ ишларни эркаклар бажаради. Кунига бир маҳал корхона ҳисобидан овқат берилади, ҳозирда ишчиларимизнинг энг кам ойлиги 800 минг сўмни ташкил этади ва келгусида маошларни янада оширамиз. Яхши ишлаган, иш унумдорлиги юқори ишчиларга ойликдан ташқари мукофот пуллари ҳам берилади.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг июнь ойида Олмазор туманига ташрифи чоғида корхонамизда бўлиб, фаолиятимиз билан яқиндан танишди. Ҳаётимиз, фаолиятимиздаги бундай тарихий кунни унутиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари хом ашёни 100 фоизга маҳаллийлаштириш таклифини берди.

...Тайёрлаётган ўйинчоқларимизни биринчи бўлиб фарзандларим, жиянларимга олиб бораман. Улар бизнинг дастлабки «мижоз», «эксперт»ларимиз. Кўча-кўй, болалар боғчасида биз ишлаб чиқараётган ўйинчоқларни ўйнаб туришганини кўрсам қувониб, яйраб кетаман.

Мақсадимиз юртимизда ўйинчоқлар нархи янада арзонлашсин, ҳар бир ота-она маошидан орттириб ўз фарзандига истаган ўйинчоғини олиб бера олсин.

...Юртимиз фарзандлари учун ишлаб чиқарилган, узоқ ўлкаларга ҳам жўнатишга ҳозирланган ўйинчоқлардаги «Made in Uzbekistan» ёзувига кўзимиз тушиб, фахр-ифтихорга тўлдик.

 

ЎзА асосида.

 

Прочитано: 1355 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика