Интернет-дўкондан жўнатилган товарларнинг қанчасини почта жўнатмалари орқали божхона тўловларисиз қабул қилса бўлади? Бу багажда товарларни мустақил олиб ўтишда назарда тутилган лимитга тенг келиши тўғрими?
Унинг меъёри ошиб кетган тақдирда қабул қилиб олувчи меъёрдан ортиқ товар учун тўловни қай тартибда тўлаши керак?
С. Кан.
– 1 календарь ой давомида жисмоний шахс манзилига халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида келган, қиймати 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарлардан божхона тўловлари олинмайди. Бу меъёр Президентнинг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон) белгиланган.
Худди шу қарор билан жисмоний шахс томонидан бож тўловларисиз республикага товарларни олиб киришнинг чекланган меъёрлари белгиланган. Бу меъёрлар Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтаётган транспорт воситасининг туридан келиб чиқиб табақалашган бўлади. Масалан, жисмоний шахслар божхона тўловларини тўламаган ҳолда умумий қийматда 2 000 АҚШ долларилик товарларни халқаро аэропортлар орқали шахсий фойдаланиш учун ўз ёнларидаги багажда олиб ўтишлари мумкин. Темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали эса – 1 000 долларлик чегарада. Автомобиль йўллари (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали – кўпи билан 300 долларлик товарларни олиб ўтишга рухсат берилди.
Жисмоний шахс томонидан божхона чегарасини кесиб ўтаётганда товарларни меъёр доирасида олиб ўтиш уларни мажбурий ёзма декларацияламасдан амалга оширилади, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно.
Маълумот учун. ПҚ-3512-сон қарорга 1-иловада жисмоний шахслар томонидан республикага божхона тўловлари солинмайдиган товарларнинг алоҳида турларини (акциз солинадиган)* олиб кириш меъёрлари кўрсатилган: алкоголь маҳсулоти, шу жумладан пиво – кўпи билан 2 л; барча турдаги тамаки маҳсулотлари – кўпи билан 10 қути; атир ва пардоз суви – кўпи билан 3 бирлик заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металлар ва тошлар – умумий оғирлиги 65 граммдан ортиқ эмас.
Уларнинг қиймати жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни олиб ўтишнинг чекланган нормаларига киритилади.
Жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажида нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларнинг, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган шундай товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ортиқ бўлса, ортиқ қисмига божхона тўловлари тўланади.
Товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан, божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормаси қўлланилмаган ҳолда ундирилади, халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари бундан мустасно.
Божхона тўловлари нотижорат мақсадлардаги товарларни декларациялашда божхона кирим ордери асосида жисмоний шахслар томонидан тўланади.
Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларга божхона кирим ордерини тўлдириш ва божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади (БКнинг 163-моддаси).
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.
*29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 12-2-илова.