«Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Республика инкассация хизмати» ДУКнинг вилоят бошқармаси Президентнинг 4.05.2018 йилдаги ПҚ-3694-сон қарорига асосан аҳолига пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлаш учун Халқ банки филиалларига нақд пулни ташиш бўйича бепул хизмат кўрсатади.
Бепул ташишда ҚҚС ва ДМЖга ажратмалар қандай ҳисобланади?
– Президентнинг махсус қарорига мувофиқ бепул хизматлар кўрсатилганда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Соф тушум давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг солиқ солиш объекти ва солиқ солинадиган базасидир (Солиқ кодексининг 313-моддаси). Бепул хизматлар кўрсатилганда тушум бўлмаслиги ва хизматлар таннархига солиқ солиш нормаси белгиланмаганлиги сабабли ДМЖга ажратмалар бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Бепул хизматлар кўрсатилганда ҚҚС солиш учун солиқ солинадиган база уларнинг таннархидан келиб чиқиб аниқланади. Баҳолари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда, солиқ солинадиган база белгиланган баҳолардан (тарифлардан) келиб чиққан ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).
Президентнинг 4.05.2018 йилдаги ПҚ-3694-сон қарори 8-бандида аҳолига пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлаш учун Халқ банки филиалларига нақд пулни ташиш бўйича бепул хизмат кўрсатилиши белгиланган. Бу ҳолда ҳам ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Бепул хизматларни кўрсатишда қилинган харажатлар 9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи» счётига ҳисобдан чиқарилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.