Корхонамиз (ЯСТ тўловчи) қурилиш объекти учун қурилиш материалларини импорт қилади. Улар юк автомобилларида корхона базасигача олиб келинади. Мазкур шарт – харидор омборига етказиб бериш импорт контрактида назарда тутилган ва унга алоҳида ҳақ тўланмайди. Айнан қурилиш материалларига БЮД, инвойс, ҳисобварақ-фактура тақдим этилади.
Етказиб берувчи контракт шартларига кўра юкни омборга етказиб берса, уни ташиш бўйича транспорт хизматлари кирим ҳужжатларида қандай ва қаерда ҳисобга олинади?
Н.Племсарова.
– Контракт шартида товарларни харидор омборига етказиб бериш назарда тутилган бўлса, кирим ҳужжатларида транспорт хизматлари алоҳида ажратиб кўрсатилмайди, сабаби улар етказиб берувчи томонидан аввалбошдан қурилиш материаллари қийматига киритилган.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.