Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан Тошкент туманидаги 15-ўрта мактабда ташкил этилган учрашувда «Навоий» чегара-божхона пости яқинида яшовчи аҳоли ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Тумандаги «Истиқлол», «Чувалачи» ва «Ширин» маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирок этган йиғилишда асосий эътибор Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (22.06.2018 йилдаги 463-сон) мазмун-моҳиятига қаратилди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи О.Чориев мазкур қарор билан жисмоний шахслар томонидан республикамиз давлат чегарасининг автойўл (йўловчи) ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари хусусида батафсил тўхталди.
Қарор билан белгиланган тартиб-қоидалар бузилиши ҳолатлари аниқланганда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг туну-кун ишлаб турган (0-371) 235-07-61 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.