Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 29 / Божхона

Божхонада олиб қўйилган товарлар нима қилинади

 

Тошкентда охирги ойлар мобайнида турли жойларда Санкт-Петербург божхоначилари томонидан РФ ҳудудида мусодара қилинган товарларнинг (Финляндия ва Беларусда ишлаб чиқарилган чарм куртка ва пойабзалларнинг) сотуви тўғрисидаги эълонлар ёпиштирилган. Суд қарорига кўра буларнинг ҳаммаси Россия мулк идорасининг ҳудудий бошқармаси эгалигига ўтган ва эндиликда «фуқаролик савдо хизмати» ушбу товарларни Ўзбекистон ҳудудида арзонлаштирилган нархда сотмоқда.

Тутуриқсиз эълон. Шунга қарамай, шаҳарнинг бир қанча жойларида чарм ўрнини босувчи материалдан тайёрланган туфли ва курткаларни одамлар икки баравар қиммат нархда сотиб олишган.

Товарларни божхона хизмати қандай мусодара қилади? Ўзбекистон қонунчилигига биноан мусодара қилинган товарлар қандай реализация қилиниши мумкин?

Бизда Санкт-Петербург божхонаси билан ҳамкорлик битимлари ўрнатилганми?

И.Аккерманцева,

«На досуге» ҳафтаномасининг бош муҳаррири.

 

«Божхона мусодараси» деган ибора оддий давраларда кўп эшитилади. Бизнинг таҳририятга мусодара қилинган ашёлар қаерда сотилиши тўғрисида сўраб кўп мурожаатлар қилишади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мусодара қилинган товарларни мусодара қилиш ва сотиш божхона органларининг ваколатига кирмайди. Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш мазкур ашёни ҳақ тўламасдан мажбурий тарзда давлат мулкига ўтказишдан иборат бўлиб, ушбу чора туман (шаҳар) маъмурий суди томонидан қўлланилади (МЖТКнинг 27-моддаси).

Шунинг учун божхона мусодараси ҳақида гап очиш қонуний тўғри эмас. Божхона органлари ходимлари иш муҳокамаси тугагунга қадар товарни ушлаб туриши ва олиб қўйиши мумкин.

Бундай турдаги товарларга нисбатан ҳисоб юритиш ва унга доир тартиб-таомилларни амалга ошириш механизми Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 15.07.2009 йилдаги 200-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинади.

 

Олиб қўйиш учун асослар

Олиб қўйилган мол-мулк қуйидаги асосларга кўра давлат даромадига ўтказилади:

биринчидан, суд қарорлари асосида:

● жиноий ишлар бўйича – мол-мулкнинг жиноят буюмлари ва қуроллари, шунингдек ашёвий далилларга оид қисмига;

● маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича – мол-мулкнинг ҳуқуқбузарлик буюмлари ва қуроллари, шунингдек ашёвий далилларга оид қисмига;

● жиноят ишлари бўйича – суриштирув, дастлабки тергов ёки суд давомида мулкий ундирувларни таъминлаш мақсадида банд қилиб қўйилган мол-мулкнинг давлатга етказилган зарарни қоплашга йўналтириладиган қисмига;

иккинчидан, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг қарорлари асосида. Хусусан, божхона органлари қарорлари асосида – экспорт қилиш тақиқланган буюмлар ва маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилаётган қисмига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинаётган, унинг ҳудуди орқали ташилаётган (халқаро транзитдан ташқари), акциз маркаси билан маркаланмаган сақланаётган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга.

 

Олиб қўйиш ва ҳисоб юритиш

Божхоначилар томонидан қонунбузарлик объектларини олиб қўйиш бундай тартиб-таомилларнинг бошқа ваколатли орган мансабдор шахслари томонидан амалга оширилиши тартибидан ҳеч ҳам фарқланмайди.

Биринчи навбатда баённома тузилади. Баённомада унинг тузилган вақти ва жойи; тузган шахснинг ­Ф.И.О. ва лавозими; мол-мулк эгаси ва мол-мулк олиб қўйилган шахс тўғрисидаги маълумотлар (Ф.И.О., манзили, паспортига оид маълумотлар ва шу кабилар) кўрсатилиши керак.

мол-мулкни олиб қўйишда иштирок этган шахслар тўғрисидаги маълумотларни (агар улар бўлса) аниқлаш имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно; ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг мазмуни; мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат; ҳуқуқбузарнинг тушунтириш хати.

Баённомада шунингдек олиб қўйилаётган ҳар бир буюмнинг номи ва миқдори, унинг ўзига хос белгилари (оғирлиги, узунлиги ва бошқалар); олиб қўйилаётган мол-мулкнинг сақланиши таъминланиши, шу жумладан, ҳам буюмларнинг ўзини, ҳам улар вақтинча сақланаётган жойни муҳрлаб қўйиш ҳақидаги, агар бу ишлар амалга оширилган бўлса, маълумотларнинг акс эттирилиши шарт. Мол-мулк олиб қўйилгандан кейин божхона органининг мансабдор шахси бир сутка муддатда мол-мулкни сақлаш учун жойлаштириш масаласини ҳал қилади.

Олиб қўйилган товарларнинг тақдири маъмурий ёки жиноий иш жараёни доирасида ҳал этилади. Бунда, олиб қўйилган мол-мулк, қоидага кўра, сақлаш учун ЎзР Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармалари мол-мулкни сотиш бўйича хизматлар кўрсатишга белгиланган тартибда шартномалар тузган ва мол-мулкни сақлаш учун тегишли жойларга эга бўлган савдо ташкилотларига берилади.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган олиб қўйилган заргарлик маҳсулотлари, қимматбаҳо металлар сақлаш учун Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигига берилади.

Сақлаш учун махсус шарт-шароитларни талаб қиладиган бошқа мол-мулк (автотранспорт воситаси, дори воситалари ва ҳоказолар) сақлаш учун масъул шахс белгиланган ҳолда ёпиқ турдаги божхона омборларида сақланиши мумкин. Ёхуд улар мол-мулкни масъулиятли сақлашнинг белгиланган нормаларига мувофиқ бўлган махсус омбор бинолари, асбоб-ускуналар ва шарт-шароитларга эга бўлган бошқа корхоналар ва ташкилотларнинг бинолари, майдончалари, омборларига жойлаштирилиши мумкин.

Миллий ёки хорижий валютадаги олиб қўйилган нақд пул маблағлари (ашёвий далиллар сифатида эътироф этилган пул маблағлари бундан истисно) уларни олиб қўйган органнинг миллий ёки хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган махсус депозит ҳисобрақамига ўтказиш учун 3 кун муддатда банкка топширилиши керак. Бунда кўрсатиб ўтилган талаб қилиб олинадиган махсус депозит ҳисобрақамларидан пул маблағлари фақат Туман (шаҳар) бюроси тегишли бўлимларининг махсус ҳисобрақамларига ўтказиш учун, шунингдек уларни эгаларига қайтариш учун ҳисобдан чиқарилади.

Сақлаш учун қабул қилиш-топшириш тўғрисида божхона органи масъул мансабдор шахсининг ҳамда мол-мулкни сақлашга қабул қилган шахснинг имзолари билан тасдиқланган 3 нусхадаги мол-мулк рўйхати билан далолатнома расмийлаштирилади. Мол-мулк сақлашга топширилгунгача унинг сақланиши учун масъулият мол-мулкни олиб қўйган божхона органининг мансабдор шахси зиммасига юкланади.

 

Экспертиза ва баҳолаш

Олиб қўйилган мол-мулкнинг истеъмол, фойдаланиш, қайта ишлаш учун яроқлилигини экспертизадан ўтказиш, шунингдек уни баҳолаш мақсадида 3 сутка мобайнида, тез бузиладиган товарларга нисбатан эса – 1 сутка мобайнида эксперт ва баҳоловчи ташкилот тайинланади.

 

Маълумот учун. Кўчар мулкни олиб қўйган мансабдор шахслар уни (автомототранспорт воситаларидан ташқари) фақат, агар алоҳида олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати ЭКИҲнинг 20 бараваридан ортиқ бўлмаса, мол-мулкнинг жами қиймати эса ЭКИҲнинг 100 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган тақдирда баҳоловчи ташкилотни жалб этмасдан мустақил баҳолаши мумкин.

 

Мажбурий сертификатланиши керак бўлган* ва улар бўйича мувофиқлик сертификатлари мавжуд бўлмаган олиб қўйилган маҳсулотлар бўйича уни сертификатлаштириш ва белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатини олиш учун сертификатлаштириш органига буюртманома берилади.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари (божхона органлари ҳам шуларга киради) томонидан олиб қўйилган мол-мулкни баҳолашда молия органлари вакиллари мажбурий тартибда қатнашадилар.

Мол-мулк баҳолаш кунида амал қилган нархлар бўйича ички бозорда талаб ва таклиф конъюнктурасининг мавжуд маълумотлари асосида баҳоланади. Божхона қонун ҳужжатлари бузилганлиги муносабати билан олиб қўйилган автомототранспорт воситаси баҳоланаётган бўлса, унинг қиймати божхона қийматидан келиб чиқиб, бироқ «Эркин муомала учун чиқариш» божхона режимида божхона чегараси орқали ўтганда тўланиши лозим бўлган божхона тўловларидан кам бўлмаган қийматдан келиб чиқиб белгиланади.

Контрафакт асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларини баҳолашда уларнинг қиймати шунга ўхшаш лицензион (ноконтрафакт) асар ёки турдош ҳуқуқлар объектининг ўртача қийматидан келиб чиқиб белгиланади.

Ўзига хос хоссаларга эга бўлган мол-мулкни баҳолаш учун тегишли ташкилотларнинг вакиллари ҳам мутахассислар сифатида жалб қилинади.

 

Давлат даромадига ўтказилади

Олиб қўйиш тўғрисидаги материаллар қуйидагиларни илова қилган ҳолда мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган тегишли судга ёки органга (мансабдор шахсга) берилади:

● мол-мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома;

● мол-мулкни сақлаш учун қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси;

● автомототранспорт воситасини давлат даромадига ўтказишда – кўздан кечириб чиқиш далолатномаси. 20 ва ундан кўп йил фойдаланилган автомототранспорт воситасини кўздан кечириш далолатномасига ИИВ ЙҲХДХ органининг автомототранспорт воситасининг фойдаланишга яроқлилиги тўғрисидаги хулосаси илова қилинади;

● экспертиза ўтказиш учун бўлаклар ва намуналар олиш тўғрисидаги далолатнома;

● мол-мулкнинг истеъмол, фойдаланиш ёки қайта ишлаш учун яроқлилиги ёки яроқсизлиги юзасидан экспертнинг хулосаси, мажбурий сертификатланиши керак бўлган маҳсулотга мувофиқлик сертификати;

● мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги хулоса ёки мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги далолатнома.

ЭКИҲнинг 200 баравари ва ундан ортиқ миқдорига тенг бўлган суммадаги мол-мулк бўйича қўшимча равишда суратга олиш материаллари, мавжуд бўлганда эса видеосуратга олиш материаллари илова қилинади.

 

Йўқ қилиш

Агар товар соғлиқ учун хавфли бўлса, ундан мақсадига кўра фойдаланиб бўлмаса, унинг қўлланилишидан кимнингдир ҳуқуқлари бузилса, у йўқ қилинади. Қуйидагилар мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши керак:

● этил спирти (озиқ-овқат спирти), алкоголли маҳсулотлар ва пиво;

● тамаки маҳсулотлари;

● дори воситалари ва тиббий буюмлар;

● озиқ-овқатга биологик актив қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари;

● экспертиза хулосасига кўра бевосита истеъмол (фойдаланиш) учун яроқсиз деб тан олинган озиқ-овқат товарлари ва бошқа товарлар;

● мажбурий сертификатланиши керак бўлган, сертификатлаш органининг хулосаси билан стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмас деб эътироф этилган маҳсулотлар;

● асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, улар ҳуқуқ эгасининг илтимоси бўйича уларга берилган ҳоллар бундан мустасно, шунингдек контрафакт асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларини тайёрлаш ва такрорлаш учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналар.

 

Маълумот учун. Экспертиза хулосасига кўра, бевосита истеъмол учун яроқсиз бўлган ҳамда ишлаб чиқаришда ва иккиламчи қайта ишлашда фойдаланиш учун яроқли деб эътироф этилган озиқ-овқат товарлари кейинчалик қайта ишлаш ёки фойдаланиш учун тўлов эвазига тегишли корхоналарга берилади.

20 ва ундан кўп йил фойдаланилган, фойдаланиш учун яроқсиз деб топилган автотранспорт воситаси утилизация ташкилотларига ёки иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш ташкилотларига (металл парчалари нархида) топширилади.

 

Мусодара қилинган товарни реализация қилиш

Мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган суд ёки бошқа орган ўз қарорида экспертизани ўтказишда (сертификатлашда) олинган ва қайтарилган бўлаклар ва намуналар сонини кўрсатган ҳолда давлат даромадига ўтказиладиган ёки йўқ қилинадиган мол-мулкнинг қиймати ва миқдорини кўрсатади. Ижро ҳужжати тегишли қарор кучга киргандан сўнг кейинги кундан кечикмай ижро этиш учун тегишли Туман (шаҳар) бюросининг бўлимига юборилади.

Агар товар муомалага чиқарилиши мумкин бўлса, у белгиланган тартибда реализация қилинади. Мусодара қилинган товарлар, масалан, маданий қимматга эга бўлган, диний маданиятга тегишли буюмлар сотилмайди. Лекин бу жараёнда божхонанинг иштироки мол-мулк Бюрога топширилгандан кейин дарҳол тугайди.

Ижро иши қўзғатилганда давлат ижрочиси ўзида сақланаётган мол-мулк рўйхатини тузади, ушбу мол-мулк шу пайтдан бошлаб унинг ихтиёрига ўтади.

Давлат даромадига ўтказилган мол-мулк, автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкдан ташқари, шартнома-воситачилик асосида ёхуд кимошди савдоси шартларида сотилади. Автотранспорт воситалари ва кўчмас мулк очиқ кимошди савдоларида сотилади.

Сотиш билан Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган танлов асосида савдо ташкилотлари шуғулланади. Савдо ташкилотларини аниқлашда уларнинг ихтисослашуви, жойлашган жойи ва истеъмолчи учун бориш осон бўлиши (вилоят ва туман (шаҳар) марказлари, бозорлар ва бошқалар), тегишли омборхона бинолари ва ускуналарнинг мавжудлиги, аввалги фаолиятида белгиланган савдо фаолияти қоидаларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилмаганлиги ва бошқалар ҳисобга олинади.

 

Маълумот учун. Сотилиши учун махсус рухсатномалар (лицензиялар) ёхуд сотиш ёки сақлаш учун махсус шарт-шароитлар талаб қилинадиган мол-мулкнинг айрим турлари (қимматбаҳо металлар ва тошлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, бошқа нефть маҳсулотлари ва ҳ.к.) Бюронинг ҳудудий бошқармаси билан тузилган шартнома асосида танлов ўтказилмасдан сотиш учун тегишли ташкилотларга берилиши мумкин.

 

Сотиладиган мол-мулк ижро ишини юритувчи давлат ижрочилари томонидан товарга илова қилинадиган юкхати билан биргаликда савдо ташкилотларига берилади. Ижро ҳужжатларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун мол-мулк унинг миқдоридан, ҳажмидан ва тез сотилиши имкониятларидан келиб чиқиб, бир вақтнинг ўзида сотиш учун бир нечта савдо ташкилотларига берилиши мумкин.

Шартнома шартларига риоя этиш ва мол-мулкни сотиш тартибини назорат қилиш тегишли давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади. Шартнома шартлари ва мол-мулкни сотиш тартиби бузилган тақдирда улар мол-мулкни уни сотиш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома тузилган бошқа савдо ташкилотига беришга ҳақлидир.

 

Таҳририятдан: Сизнинг мурожаатингиз Давлат божхона қўмитасига юборилган. Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ушбу ахборот билан ишламоқда, бир қатор ташкилий-оператив ҳаракатлар мўлжалланган. Уларнинг ўзига хослиги туфайли терговга қадар тадбирлар тугашига қараб ахборот ОАВда тарқатилиши мумкин.

 


*Этил, озиқ-овқат спирти, алкоголли маҳсулотлар, пиво, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқатга биологик актив қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари бундан мустасно.

 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 1922 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика