Ижтимоий буюртмага кўра лойиҳани бажариш учун бюджетдан 100 000 000 сўм олинган. Лойиҳага жалб этилган ходимлар хизмат автомобилида вилоятларга хизмат сафарларига чиқдилар.
Хизмат автомобилидан фойдаланиб хизмат сафарига чиққанда ёқилғи харажатлари қандай ҳисобдан чиқарилади? Агар хизмат сафари харажатларига ҳисобдан чиқарилса, уларни қаерда кўрсатиш керак – аванс ҳисоботидами ёки моддий ҳисоботда?
С.Гросян.
– Хизмат сафарида сарфланган бензин қиймати лойиҳа бўйича бажарилган ишлар таннархига ҳисобдан чиқарилади.
Хизмат сафарлари лойиҳа бўйича ишларни бажариш билан боғлиқ бўлса, харажатлар ишлаб чиқариш жараёнига киритилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1.5.2-банди). Хизмат сафарида сарфланган бензин қиймати ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатларга ҳисобдан чиқарилади.
Ёқилғи харид қилинганда 1030-«Ёқилғилар» счёти бўйича балансга кирим қилинади ва моддий харажатлар таркибига ҳисобдан чиқарилади (Солиқ кодексининг 142-моддаси 1-қисми 4-банди). Бунда харажатлар асосланган ҳамда қонун ҳужжатларига ва корхонанинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак (Солиқ кодексининг 141-моддаси).
Йўл варақаси хизмат сафари вақтида хизмат машинаси учун фойдаланилган ёқилғини ҳисобдан чиқаришга ҳужжатли асос бўлиши мумкин. Хизмат сафарига юборилган ҳайдовчи йўл варақасини аванс ҳисоботига илова қилиши керак. Аванс ҳисоботида сарфланган ёқилғи қийматини йўлкира харажатлари сифатида акс эттириш лозим.
Қонун ҳужжатларида хизмат енгил автотранспорти учун йўл варақаси шакли белгиланмаган. Шу сабабли корхона фаолият хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унинг шаклини мустақил равишда ишлаб чиқиши мумкин: йўл варақасини бир ҳафтага, бир ойга ёки хизмат сафари даврига ёзиб бериш мумкин. Бироқ ҳайдовчининг фамилияси, давр бошидаги ва охиридаги босиб ўтган масофаси, ЁММ сарфлаш нормалари, ҳаракатланиш йўналиши албатта кўрсатилиши керак.
Автомобилга корпоратив пластик карточка воситасида ЁММ қуйилганда тасдиқловчи ҳужжатларга (масъул шахснинг ҳисоботи, терминал чеки, йўл варақаси) эга бўлиш зарур.
Бухгалтерия операциялари қуйидагича бўлади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Ҳисобварақ-фактура ва (ёки) КПК воситасида терминал чеки асосида ёқилғи харид қилингани акс эттирилди
|
1030-«Ёқилғилар»
|
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»
|
Йўл варақаси ва ЁММни ҳисобдан чиқариш нормаларига кўра хизмат сафари учун фойдаланилган ЁММ ҳақиқий сарфи акс эттирилди
|
4220-«Хизмат сафарларига берилган аванслар»
|
1030-«Ёқилғилар»
|
Ҳисобдор шахснинг харажатлари ишлаб чиқариш тусидаги харажатларга ҳисобдан чиқарилди
|
2010-«Асосий ишлаб чиқариш»
|
4220-«Хизмат сафарларига берилган аванслар»
|
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.