Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ҳамда «Норма» профессионал ривожланиш маркази ҳамкорлигида яратилган Bir.uz – бухгалтерлар малакасини баҳолаш тизимининг тақдимоти ўтказилди. Унда мазкур тизимни бошқариш усуллари, тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Ўроқов, «Норма» профессионал ривожланиш маркази раҳбари М.Ашуров ва бошқалар мамлакатимизда бухгалтерия соҳасини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида иқтисодиётнинг барча тармоқларида молиявий ишларнинг барқарорлиги таъминланаётганини, турли корхоналарда фаолият юритаётган бухгалтерларнинг соҳадаги мақоми оширилаётганини таъкидлашди.
Мамлакатимиздаги турли тармоқларда фаолият юритаётган корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Бу эса юксак билимли бухгалтерия хизматларига бўлган талабнинг ортишига хизмат қилмоқда. Bir.uz тизими бухгалтерларга билимларидаги камчиликларни тўлдириш ва ўз малакасини баҳолашга ёрдам беради. Иш берувчига эса ўз бухгалтерларини аттестациядан ўтказиш ва бизнесининг хусусиятларига мувофиқ тарзда уларнинг малакасини ошириш, бўш лавозимларга номзодларни танлашга кўмак беради.
Bir.uz тизими ўзига хос таълим ресурси ҳисобланиб, у иккита масалани ҳал этишга имкон беради. Шу билан бирга бухгалтерларнинг профессионал билим даражасини имтиҳонда баҳолайди. Ўқув тести 400 дан зиёд мавзу бўйича ўқув материаллари ва 3 200 дан ортиқ тестдан таркиб топган. Тестдан муваффақиятли ўтгач, бухгалтер танланган малака бўйича билимларини тасдиқлайдиган сертификатга эга бўлади.
Тадбирда Bir.uz тизимининг қулайликлари ва кенг имкониятлари, тизимда рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
ЎзА асосида.