Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги келишувда узоқ муддатни (масалан, 3 ойни) кўрсатиб, ўшандан кейин меҳнат муносабатлари бекор қилинишини кўрсатишимиз мумкинми?
Ф.Р.
– Ҳа, шундай қилиш мумкин.
МКнинг 97-моддаси 1-бандида назарда тутилган асос ходим билан иш берувчи ўртасида эришилган келишувга кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ва муддатли меҳнат шартномасини исталган пайтда бекор қилиш имконини беради. Меҳнат шартномаси тарафлар келишувда қайд этган шартларда ва муддатда бекор қилинади. Бекор қилиш қонунийлигининг асосий шарти – бунга ходим ва иш берувчининг ўзаро розилиги.
Қонун ҳужжатларида меҳнат муносабатларини бекор қилишнинг энг кам ва энг кўп муддатлари белгиланмаган. Яъни шартнома тарафлари хоҳ бир кундан кейин, хоҳ ярим йил ўтгач уни бекор қилиш тўғрисида келишувга эришишлари мумкин.
Ушбу асоснинг кўрсатиб ўтилган хусусиятлари принципиал муҳим амалий аҳамиятга эга, унда ходим ҳам, иш берувчи ҳам манфаатдор.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.