Меҳнат шартномасини тузаётганда ходимдан кадрлар бўлими томонидан тузилган, пропискаси, ёши, миллати, шахсий автотранспорти борлиги ҳақидаги маълумотлар, спиртли ичимликларга муносабати ва ҳ.к. кўрсатиладиган анкетани тўлдиришни талаб қилиш мумкинми?
М.Н.
– Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида меҳнат шартномасини тузиш чоғида ходимдан қандайдир тестлардан ўтиш ёки анкеталарни тўлдиришни талаб қилиш ҳақида сўз юритилмаган (МКнинг 80-моддаси). Шу сабабли ходимга анкета тўлдиришни таклиф этиш тақиқланмаган.
Бироқ анкеталарни тузиш чоғида Конституциянинг 27-моддаси нормаларини ёддан чиқармаслик лозим, унга мувофиқ ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Шу сабабли иш қидираётган шахс унинг назарида одобсиз бўлган саволларга жавоб беришдан бош тортиши ҳам мумкин. Бу унинг ҳуқуқи, бунинг учун уни жавобгарликка тортиб бўлмайди.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.