Ташкилот дам олиш куни ишлаган бўлса, ишга қабул қилганлик тўғрисидаги буйруқ санасини шу кун билан қайд этиш мумкинми?
Н.М.
– Одатда, дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади (МКнинг 130-моддаси).
Бироқ қуйидаги иш турларини амалга оширувчи ташкилотларнинг дам олиш кунлари ишлашига йўл қўйилади:
√ ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда;
√ аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида.
Шу тариқа, ташкилот (шу жумладан бундай буйруқларни тайёрлаш зиммасига юклатилган ташкилот бўлинмаси, шунингдек иш берувчи) юқорида санаб ўтилган ишлардан биронтасини дам олиш куни амалга оширган бўлса (табиийки, лозим даражада расмийлаштириб), бу ҳолда шу кунларда ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш мумкин (МКнинг 82, 83-моддалари).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.