Тестни иш ҳафтасининг бошида ўтказган маъқул – шунда сиз шунчаки вақтинчалик чарчаганмисиз ёки касбий ғайрат-шижоатингиз сусайганми, билиб олиш мумкин бўлади. Бунинг учун ўз ҳолатингизни қуйида келтирилган аломатлар билан яхшилаб солиштириб чиқинг.
Руҳшуносларнинг фикрича, одатда касбий ғайрат-шижоат ходимни ишга қаттиқ кўмиб юбориб, бу узоқ муддат – бир ойдан бир йилгача давом этганда сусая боради. Бироқ у вужудга келган вазиятга тезда мослаша оладиган кишиларга оз таъсир кўрсатади. Кўпчилик ҳолларда касбга доир ғайратнинг сусайиши оқибатларини кучли иродасиз бартараф этиш қийин.
Моҳиятга кўра мазкур хавф биринчи навбатда иш деса жонини жабборга берувчиларга таҳдид солади (бироқ унутманг: агар сиз ўз ишингизни ёқтирмасангиз ва қўлингиздан келмайдиган иш билан шуғуллансангиз – бу бошқа гап).
Ғайратнинг сусайиши бирдан бошланмайди. Яъни сиз бир куннинг ўзида ланж одамга айланиб қолмайсиз. Бундай сусайиш аста-секин бошланади. Айни шу сабабли уни узоқ вақт билиб бўлмайди. Шундай бўлса-да, танамиз ва онгимиз эътиборга лойиқ сигналлар бера бошлайди.
Бундай аҳволнинг барча аломатларини 3 гуруҳга ажратиш ва уларни юқорида тилга олинган қуйидаги ҳолатларга киритиш мумкин: жисмоний ва маънавий жиҳатдан ҳолдан тойиш, қаердандир сизда пайдо бўлган сурбетлик ва паришонхотирлик, норасолик ва яхши натижаларга эриша олмаслик ҳиссиётлари. Руҳий зўриқиш тўпланиб борган сайин ушбу аломатлар гуруҳлашади.
Агар ушбу аломатларнинг баъзилари сизга хос бўлиб чиқса, вазиятни таҳлил қилишингиз ва унга бутунлай ботиб қолмаслик учун номатлуб йўлдан чиқиб олишингиз лозим. Хавфни қанча аввал ҳис этсангиз, ушбу ҳолатга барҳам беришингиз шунчалик енгил бўлади.
Жисмоний ва руҳий жиҳатдан ҳолдан тойишнинг асосий аломатлари қандай?
1. Доимий толиқиш
Бошланғич босқичларда одам ғайрати камайганлигини сезиши ва доимо ўзини чарчагандек ҳис этиши мумкин. Охирги босқичда келажак учун қўрқув ҳисси кучайиб, шартномани узайтиришадими ёки йўқми, харажатларни қоплашга иш ҳақи етадими-етмайдими деган хаёллар одамни чулғаб олади.
2. Уйқусизлик
Ҳаммаси вақти-вақти билан уйқуга кетишингиз қийинлашуви билан бошланади ёки ҳафтада икки-уч маротаба ярим тунда уйғониб кетишингиз мумкин. Вақт ўтиши билан уйқусизлик кучаяди.
3. Иштаҳанинг йўқолиши
Бу вазиятда одам очликни ҳис этмай қўяди, овқат миқдорини камайтиради, тушлик ва кечқурун овқат емай қўяди. Кейинроқ иштаҳа бутунлай йўқолиши мумкин.
Бироқ тескариси ҳам бўлиши мумкин – ишдан мамнунлик ва шодланишни йўқотган одам бошқа нарсага, масалан, овқатга ружу қўяди. Кўп қисмли сериалларни кўриш вақтида телевизор қаршисида кока-кола билан бирга қовурилган картошка тановул қилиш ва таомларни навбати билан ейиладиган узоқ-узоқ ланчлар айни шунда пайдо бўлади.
4. Хавотир туйғуси
Бошида бирор нарса хусусида енгил ҳиссиёт, хавфсираш ҳис этилиши мумкин. Ғайрат сусайиши аломатининг ривожланиши билан хавотирланиш шу қадар ривожланиши мумкинки, сиз самарали ишлашга қобилиятсиз бўласиз. Бу шахсий ҳаётингизда ҳам акс этиши мумкин.
5. Паришонхотирлик, эътиборни жамлай олмаслик
Эътиборнинг пасайиши ва унутувчанлик – фақат дастлабки аломатлар, шундай бўлса-да ҳатто улар ишда тўпланадиган муаммоларнинг сабабчисига айланади: одам ишни уддалай олмайди, қўли ҳеч нарсага бормай қолади.
6. Муаммо соғлиқ билан боғлиқ
Бунда кўкракдаги оғриқ, юракнинг тез-тез уриши, нафас қисиши, эпигастрал соҳадаги оғриқлар, бош айланиши, ҳушдан кетишлар, бош оғриқлари кузатилиши мумкин. Жисмоний чарчоқ иммун тизимининг заифлашувига олиб келади, бу эса тез-тез шамоллаш касалликлари, грипп ва бошқа юқумли касалликларга сабабчи бўлади.
7. Тушкунлик
Аввалига сиз ғамга ботасиз, умидсизлик, айбдорлик ҳисси сизни енгиб қўяди. Нимага қўл урсангиз, ҳаммаси беихтиёр барбод бўлаверади – оқибатда ҳаётни ёмон кўриб қоласиз. Мазкур ҳолда мутахассиснинг ёрдами албатта керак бўлади.
8. Ўта жиззакилик
Иш ёки шахсий ҳаётдаги омадсизликлар, ҳеч кимга кераксизликни ҳис этиш ва сиз ўзингизни аввалгидек яхши эмаслигингизни тушуниш аччиқланишнинг манбаи бўлиши мумкин. Бундай кайфият нафақат мансаб сари кўтарилишни, балки шахсий ҳаётни ҳам бузиши мумкин.
9. Баджаҳллик
Баджаҳллик баъзи кишилар билан мулоқотда кескинлик ва ғазабнокликни юзага келтиради, оила ва ишда жанжалнинг алангаланишига олиб келади.
10. Қувонч ҳиссини йўқотиш
Аввалига бу унчалик кўзга ташланмайди. Мисол учун: сиз ишга боришни хоҳламайсиз. Бироқ қувонч туйғусининг аста-секин йўқолиши ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатади. Нафақат иш, яқинлар ва дўстлар билан мулоқот ҳам қувонтирмай қўяди.
11. Умидсизлик
Ҳаммаси ҳаётдаги мақсадни йўқотишдан бошланади. Кейинчалик ҳамкасблар ва қариндошларга ишонмаслик юзага келади. Бу дунёда ҳеч кимга ишониб бўлмаслик ҳисси пайдо бўлади.
12. Одамовилик
Аввалига уйдан чиқишни, бирор-бир тадбирда иштирок этишни хоҳламай қоласиз. Баъзан хонада беркиниб олиб, ҳеч кимни киритмасликни хоҳлайсиз. Кейинчалик бировнинг бир оғиз гапи ҳам сизга малол кела бошлайди. Сиз ҳар қандай жамоадан қочишга ҳаракат қиласиз.
13. Паришонлик
Паришонлик юқорида баён этилган одамови хулқ-атвор шаклига эга бўлиши мумкин. Ўзингизни жамиятдан четга тортиб, қўнғироқ ва хатларга жавоб бермай қўясиз, тез-тез касаллик варақасини оласиз ёки атайин ишга кеч қолишга ҳаракат қиласиз.
14. Ҳафсаласизлик ва ланжлик
Ушбу аломатлар тушкунлик ва умидсизликка ўхшайди. Сизга ҳамма нарса нотўғри тургандек, аҳамиятсиз бўлиб туюлади. Охир-оқибатда ҳаёт мазмуни йўқолади.
15. Иш унумдорлиги ва ишлаш салоҳиятининг пасайиши
Узлуксиз руҳий зўриқиш сизга аввалгидек маҳсулдор бўлишга халал беради. Бу эса тугалланмаган ишнинг йиғилиб қолишига, муддатлар бузилишига олиб келади. Баъзан сиз бутун ғайратингиз билан ҳаракат қилаётгандек бўласиз, лекин ҳеч нарса расамадга келмайди.
Агар ўзингизда ана шу аломатлардан лоақал бирортасини ҳис этсангиз, ўйлаб кўриш жоиз. Зеро ғайратнинг сусайиш аломати – шамоллаш эмас, у ўз-ўзидан тузалиб кетмайди. Эҳтимол, бу – таътилга чиқиш учун энг яхши палладир. Ўзингизни асраб-авайланг!
Интернет тармоғи материалларидан.